Эрлинг бугун ҳам ўзининг нималарга қодир эканлигни исботлаб қўйди. Бугун унинг “Боруссия” сафидаги фантастик статистикасига алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз. Унинг “Зальцбург” ва “Молде” жамоалари сафида нималар қилганидан кўпчиликнинг хабари бор, бироқ унинг биринчи жамоаси саналмуш «Брюне» клубидаги саргузаштлари кичик сирлигича қолмоқда. Бу футболчини яқиндан билиш учун жуда муҳим керакли маълумотлар бўлишига шубҳамиз йўқ. Сабаби, "ПСЖ"га қарши учрашув қаҳрамони 16 ёшга қадар айнан «Брюне» жамоасда футболдан сабоқ олган.
Эрлинг 2000-йилда Англиянинг Лидс шаҳрида дунёга келади. Ўша пайтлари унинг отаси Алф-Инге эндигина “Манчестер Сити” клубига билан шартнома имзолаган эди. Алф Эрлинг 3 ёшга тўлганда бутсаларини михга илади ва оиласи билан туғилиб ўсган Норвегиянинг Брюне шаҳрига қайтиб келади.
Брюне Норвегиянинг жанубий ғарбида жойлашган 12 минг аҳолига эга кичик шаҳарча. Ушбу шаҳарча 1980-йилга қадар комбайн ва экскаватор ишлаб чиқарган бўлса, айни дамда тўлиқлигича қишлоқ хўжалигига мослашган. Брюне шаҳри скандинавиялик машҳур ҳайкалтарош Фриц Реудонинг ватани ҳисобланади. Шунингдек, шаҳарда “Брюне” футбол клуби ҳам мавжуд. Бу жамоа 2001-2003-йиллар оралиғида Норвегиянинг олий двизионида кураш олиб борганига қарамай, айни дамда 3-дивизионда жон салқаб қолиш билан овора.
Холанд ҳам барчасини “Брюне”да бошлаган
Эрлингнинг ота-онаси “Брюне” клуби спорт мактабига ўғлини 6 ёшда жойлаштиради. Футболчи ўзининг илк клуби сафида кириб келишидан 4 ой аввал “Брюне” қишда ҳам шуғулланиш мумкин бўлган спорт залини қуриб ишлатиш учун топширган эди. Айнан шу кичик детал якунда ҳал этувчи ролни ижро этиб берди. Гап шундаки, Норвегия иқлими совуқ мамлакат бўлгани боис, ёш футболчилар қишда тўп тепишга қийналишар, баҳорда эса кучли ёмғир сабабли машғулот ўтказишнинг иложи йўқ эди. Қаҳрамонимиз спорт мактабида аввалига гандбол, кейин енгил атлетика билан жиддий шуғулланади. 10 ёшга тўлгачгина, футболчи бўлишига қарор қилади. Тўғри, Эрлинг “Брюне”даги тенгдошларидан бир бош баландроқ футбол ўйнар эди, лекин 12 минг аҳолиси бор кичик шаҳарчадаги болани катта клубларда тўп суришига кўпчилик шубҳа қилган.
Холанд шуғулланган гуруҳда бир йўла 40 бола бўлиб, мураббийлар ёш футболчиларнинг имкониятларига қараб гуруҳларга ажратишмаган. Замонавий услубларга қарши чиққан норвегиялик мураббийлар иқтидорли ва иқтидори йўқ бўлажак футболчиларни бирга машғулот ўтказишларини исташади. Ўзгача ёндашув. Шундай эмасми? “Брюне” барча ёш футболчиларни бир гуруҳда жамлаганча деярли 10 йил давомида болаларга футболдан сабоқ беришади. Эрлингнинг ўша даврлардаги жамоадоши Торт Салтенинг айтишича, мураббийларнинг бундай услубдан фойдаланиши катта наф келтирган экан: “Бизда доимо майдонга кучли футболчилар тушар эди деса, адашмаган бўламан. Шунга қарамай, биз гуруҳдаги футболчиларнинг барчаси бир савиядаги футболчилар деб ҳисоблар эдик. Ҳеч ким ўзини ожиз ҳис этмагани учун майдонда ўзини эркин тутар, хато қилишдан қўрқмай футбол ўйнар эдик”.
Эрлинг 16 ёшга қадар ҳатто қиз бола билан ҳам бир жамоада тўп суришга муваффақ бўлган. Кулишга шошилманг! Эрлинг билан бир гуруҳда шуғулланган Андреа Нордхайм яқиндагина “Питео” сафида Швеция чемпионлигини қўлга киритган машҳур футболчи қиз. Салтенинг айтишича, клуб қўллаган услуб футболчиларни янада яқинроқ бўлишини таъминлаб берган экан: “Менинг акам ҳам шу академияда таҳсил олган, бироқ у пайтлари барчани бир жамоага айлантириш методикаси қўлланилмаган. Эски қўлланмага кўра, иқтидорлилар алоҳида, нисбатан кучсизроқ футболчилар алоҳида гуруҳдаларда шуғулланар, бу эса улар ўртасидаги тафовутни кескин ошиб кетишига сабаб бўлар эди. Масалан, кучли гуруҳдаги болалар ўсишдан тўхтаб қолса, кучсизроқ болаларда руҳий “синиш” кўп кузатилар эди”.
Дам олиш кунлари Эрлингнинг гуруҳи машғулотдан ташқари йиғилишар ва кечгача футбол ўйнашган. Бундан кўриниб турибдики, “Брюне” клуби болаларга биринчи навбатда футболдан лаззат олишни ўргата олган. Футболчини Норвегиянинг энг катта академиялари чорлаган бўлсада, Эрлинг “Брюне”да ўзини бахтли ҳис этгани учун ҳеч қаерга кетмайди. Унинг жуда сабрли эканлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Қаҳрамонимиз 2019-йилда “Ювентус” сафига бориб қўшилиши мумкин эди, бироқ у Австрияда қолишни афзал кўрди. Катта эҳтимол билан барчасига секин-асталик билан эришишни режалаштирган бўлса, ажаб эмас. Футболчининг ўзи «Зальцбург” футбол клуби расмий сайтига берган интервьюсида шундай деган эди: “Агар “Брюне” бўлмаганида, мени бирорта клубда кўрикдан ўта олмаган бўлар эдим. Мураббийлар танлаган услуб менга ҳам жуда катта ёрдам берган. Айнан улар сабабли ўзимни ҳеч қачон ўзгача футболчи деб ҳис қилмаганман”.
Шу ўринда жуда муҳим фактни келтириб ўтишимиз керак. Эрлинг ўзи шуғулланаётган гуруҳдаги энг бўйи паст футболчи бўлган. Айни дамда 194 см бўй эгасининг ёшликдаги суратига разм солинг! 14 ёшли Торд Салте ва унинг тенгдоши Эрлинг Холанд.
“Брюне” жамоаси мураббийлари футболчининг бўйи тезроқ ўсиши учун махсус дастурдан фойдаланишади. Унга кўра, Эрлинг ҳар ойда камида 1 сантиметр ўсиши учун, унинг машғулотдаги юкламалари енгиллатилади. Баъзан унга шуғулланмасликни ҳам буюришган пайтлар бўлган. Эрлинг сабр ва матонат билан бўй борасидаги барча муаммоларни енгиб ўтади, бироқ унинг озғин оёқлари якка курашларда кўпинча панд бера бошлайди. Қаҳрамонимизнинг бу муаммосига ўша пайтлардаги “Молде” устози Оне Гунар Сулшер ечим топади. Футболчининг айтишича, Сулшер Эрлингни бир неча ой углеродли таомлар истеъмол қилишини талаб қилган экан. Ҳужумчи 12 кг ортиқча вазн тўплагач, ундаги бор ёғларни тош кўтариш орқали мшакларга айлантиришади.
“Молде”да унинг жисмоний имкониятларига мос тушмаган атлет танаси учун “Манчилд” (улкан болакай) лақаби берилади. У билан 40 та болакайлар сафида шуғулланган футболчиларнинг айтишича, Эрлинг доимо совуққон ва мураббийлар талабини бажаришга интилувчанлиги билан қолганлардан доимо ажралиб турган. Унинг биринчи устози Бернтсен футболчини қуйидагича хотирлайди: “Эрлинг жуда меҳнаткаш болакай эди. Очиғи, уни бирор маротаба машғулотларда дангасалик қилганини кўрмаганман. Бундан ташқари, у ўз вақтида ухлашга ва тўғри овқатланишга доимо эътиборли бўлган”.
Эрлинг бугун "ПСЖ" дарвозасига иккита гол урганига қарамай, ўйиндан сўнг берган интервьюсида уни футболчи қилиб тарбиялаган шаҳар жамоасига миннатдорчилик билдиришни унутмади. Холанд ўзини жуда яхши ҳис этган камтарин “Брюне” ҳақидаги ширин хотираларини абадий сақлаб қолади деган умиддамиз.