Stadion.uz дунёнинг энг омvабоп спортлари орасида жароҳат олишга мойилларини танлаб олди. Ушбу рўйхатдаги спорт турлари “Na-Dostupnom” интернет нашри томонидан берилган статистик маълумотларга суянган ҳолда танлаб олинди.
РЕГБИ
Ушбу спорт туридаги ўйинларни кузатар экансиз, буни атайин жароҳат олиш учун ўйлаб топишган деб ўйлаб қоласиз. Ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз бақувват йигитлар тўп учун яшил майдонда жанг қилишларига тўғри келади.
Регби ривожланган давлатлар кўп бўлишига қарамай, ушбу спорт дунёнинг баъзи давлатларида қатъиян маън этилган. Статистик маълумотларга қараганда, энг кўп суяк синиши ва пай чўзилиши айнан регбичиларда кузатилар экан. Шунга қарамай, ушбу спорт тури қуйида номи зикр қилинадиганларидан анча хавфсизроқ.
ГОЛЬФ
Бир қарашда безарар бўлгани билан гольф ҳам аслида ҳаёт учун жуда хавфли. Маълумотларга қараганда,ҳар йили ўртача 1200 инсон ушбу спорт туридан жабр кўради. Уларнинг аксарияти чақмоқ уриши сабабли шифохоналарга ёткизилади. Гольф ҳар қандай об-ҳавода ҳам ўтказилиши керак бўлган спорт турларидан бири. Шу сабабли, кўпинча гольфчилар қўлидаги клюшка чақмоқнинг деярли 20 фоизини ўзига қабул қилади ва бу спортчига жиддий жароҳат етказади. Шунингдек, рақиб гольфчиси томонидан йўлланилган зарбалар ҳам кўплаб жароҳатларга сабаб бўлади. Ҳар йили юзданортиқ инсонлар гольф тўпи тегиши сабабли мия суягининг дарз кетиши билан тўқнаш келишади. Гарет Бэйл балки ўзига бошқа эрмак топгани маъқулмикан?!
ФУТБОЛ
Профессионал футболчи йил давомда ўртача нечта жароҳат олишини биласизми? Бунга ишониш қийин, бироқ футбол билан профессионал шуғулланадиган футболчилар ўртача ҳар йили 190(!) та турли жароҳат билан тўқнаш келади. Уларнинг кўпи кичик бўлгани учун футболчилар майдонга тушаверишади. Статистик маълумотларга қараганда, жароҳатларнинг асосий сабабчиси машғулотлардаги катта юкламалар сабабли юрак иш фаолияти бузилади. Кўплаб футболчилар ўз карьераларини якунлагач турли юрак ҳасталиклари билан оғришади. Бундан ташқари, дарвозабонлар орасида ҳам дарвозанинг темир тўсини билан тўқнашуви жуда кўп учрайдиган ҳолат. Ҳар йили ўртача уч юздан ортиқ дарвозабон тўсин билан тўқнашиб кетади. Умуман олганда, футбол дунёнинг энг машҳур ва энг хавфли спорт туридан бири. Айниқса, сўнгги йилларда футболдаги мусобақаларнинг сони ортгани сайин жароҳатлар ҳам кўпайиб бормоқда.
ХОККЕЙ
Аслида муз устида қулашнинг ўзи катта талафотлар келтириши мумкин. Энди хоккейдаги тўқнашувлар, клюшка билан берилган зарбалар, учиб келаётган шайба зарбаси ва бошқа кўплаб оғриқли услублар ушбу спорт турида одатий ҳолга айланиб кетган. Шунга қарамай, у машҳурликда фақат футболдангина орқада.
Қувонарлиши шундаки, ушбу спортда сўнгги йилларда хавфсизлик борасида янгидан-янги ҳимоя воситалари ўйлаб топилмоқда. Шу сабабли ушбу спортдаги жароҳатларнинг сони сезиларли даражада камайган. Бундан 20-30 йиллар илгари хоккей дунёнинг энг жароҳатга мойил спорт турлари орасида етакчи ўринларни эгаллаётган эди.
РАФТИНГ
4 ёки 6 кишилик қайиқда хавфли бурилишлардан иборат сувда ҳаракатланувчи спорт у қадар машҳур бўлмаса-да, унинг “ошиқлари” етарлича топилади. Афсуски, кўпинча бу спорт тури билан ҳаваскор шуғулланадиганлар жабр чекмоқда.
Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар йили ўртача 980 га яқин рафтингчилар турли жароҳатлар (афсуски, бу жароҳатларнинг 15 фоизи ўлим билан якунланади) орттириб олмоқда. Аслида экстримал спортларнинг барчаси ҳаёт учун жуда хавфли, бироқ рафтинг жамоавий спорт бўлгани учун икки ҳисса хавфлироқ.
ВЕЛОСПОРТ
95 фоиз боксчилар албатта мия чайқалиши билан оғришлари турган гап, бироқ велоспорт ундан бир неча бор хавфлироқ эканлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Боксдаги тўқнашувларда спортчилар ҳар 3 дақиқада дам олишлари мумкин. Бундан ташқари, улар жанг давомида шифокорлар кўригида бўлишади. Велоспортда вазият бироз ўзгачароқ. Спортчи бир неча соатлаб тинимсиз ҳаракатда бўлиши талаб этилади. Бундан ташқари, айнан велосипедда жароҳат ортириб олиш бошқа спортдагидан анча осонроқ. Америкалик олимларнинг айтишича, сўнгги 20 йил давомида велосипедда орттирилган жароҳатларни даволаш учун спортчилар 8 миллиард доллар сарф этишган. Ушбу спорт билан профессионал тарзда шуғулланувчиларнинг 80 фоизи умуртқа поғонаси ва бўйиндаги оғриқлардан шикоят қилишади. Бундан ташқари, велопойгалардаги тез-тез учраб турувчи тўқнашувлар оқибатида ҳар йили ўртача 200 мингдан зиёд спортчи турли танжароҳатларини орттириб олмоқда.
ДАЙВИНГ
1960-йилда ушбу спорт тури бирйўла 500 дайверни ўзи билан олиб кетган эди. Ана ўша воқеадан сўнг, бирорта инсон бу спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланмаслиги тахмин қилинган бўлса-да, бу тахмин ўзини оқлагани йўқ. Бугунги кунда ҳар йили ўртача 9 минг(!) дайвер турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат этмоқда.
Ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун биринчи навбатда хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этиш талаб этилади. Сувдаги босимнинг ердагисига нисбатан ўзгачароқ эканлиги сабабли дайверлар турли жароҳатлар орттириб олишда давом этишмоқда. Ушбу спорт турига муккасидан кетганларнинг деярли 80 фоизи қонда гелий ва азот моддаларининг кўпайиб кетишидан азият чекишади. Сув остида тайёргарликсиз (кўпинча спортчилар тажрибасизлик сабабли ушбу дайвингдан азият чекишмоқда) узоқроқ қолиш қон айланишига ҳам салбий таъсир ўтказади. Техниканинг ишдан чиқиб қолиши хавфи ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Умуман олганда, айнан дайвинг сўнгги йилларда энг спортчиларга энг кўп жароҳат етказаётган спорт турларидан бири бўлиб турибди.