Футбол мана бир асрдан бери ўз урф-одатларига содиқ қолмоқда. Футбол мураббийлари ҳам собиқ футболчилар бўлиб, улар бу ўйиннинг нозик сир-асрорларидан хабардор инсонлар саналади. Шунга қарамай, шундай мураббийлар борки, футболга “кўчадан” кириб келганига қарамай катта ютуқларни қўлга киритган. Бугун ана шундай кам сонли, бироқ кучли 5 нафар мураббийни ёдга оламиз.
Аврам Грант
Ушбу мураббий босиб ўтган йўлни алоҳида эътироф этиш жоиз. 1955-йилда Исроилда таввалуд топган қаҳрамонимиз мураббийлик фаолиятида ўзидан из қолдиришга муваффақ бўлди. Айниқса, у бошқарувидаги “Челси” Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб боргани, кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас.
Айни дамда, Аврам 65 ёшда, бироқ унинг мураббийлик фаолияти 47 йилдан бери давом этмоқда. Қаҳрамонимиз Петах-Тикванинг “Хапоел” клубининг ёшлар жамоасини қабул қилиб олганида, 18 ёшда эди. Мураббий нақд 14 йил давомида ўз лавозимида ҳаракат қилди ва клуб уни жамоанинг асосий мураббийига айлантирди. Аврам Грант кутилмаганда жамоани икки бор Исроил кубогида зафар қучишини таъминлади ва “Маккаби”дан таклиф олди. Кейин Исроил терма жамоасида ишлади.
2007-йилда,юқорида ёдга олганимиздек, у Англиянинг “Челси” жамоаси билан шартнома имзолади. АПЛ кумуш медалларини қўлга киритган мутахассис кейинчалик “Портсмунт”, “Вест Ҳэм” ва “Партизан” сингари жамоаларда фаолият олиб борди ва мухлислар назаридан четда қолди. Бугунги кунда исроиллик мутахассис Ҳиндистоннинг “Норт-Ист-Юнайтед” клуби бош мураббийи саналади.
Қувонарлиси шундаки, Грант бирорта футбол академиясида таҳсил олмай туриб ҳам номдор мураббий бўлиб етишишга муваффақ бўлди. Тўғри, у бизнинг радарларимиздан анча четда қолмоқда, бироқ Грант катта футболда ҳали ўз сўзини айтганича йўқ.
Андре Виллаш-Боаш
Ҳаваскорлар билан майдонда тўп суриб юрган Андрега шахсан Боби Робсоннинг ўзи мураббийлар тўгарагига ёзилишни маслаҳат берганида, Боаш ўспирин бола эди. Дарҳақиқат, португалиялик мураббий ўзининг “C” категориясини 17 ёшида олган бўлса, 19 ёшида “B” ва 22 ёшда “А” лицензиясига эга чиқди. Ўзининг 22 ёшида Британия тассаруфидаги Виржиния ороллари жамоасида фаолиятини бошлайди. 2003-йилга келиб, Жозе Моуриньо Бобби Робсоннинг маслҳатига кўра, ёш Андрени “Порту”га чорлайди ва ўз штабидан жой беради. 2009-йилга қадар Жозе билан бирга ишлаган мураббий “Академика” клубида мураббийликдаги дебютини ўтказади. Кўп ўймай уни “Порту” бош мураббийига айлантиришади. Тан олиш лозим, Боаш Португалиянинг байроқдор клубида шунчаки фантастик мавсумни ўтказади. Бир мавсумда 4 та кубок ва қарабсизки топ-клублардан таклифлар ёғилиб кетади. “Челси”, “Тоттенҳем”, “Зенит”, “Шанхай СИПГ”да фаолият олиб борган мураббий эндигина 42 ёшга тўлди. Соддароқ қилиб айтганда, Буффон билан тенгдош. Бугунги кунда “Марсел”ни омадли бошқариб келаётган мутахассис мураббийлик фаолияти давомида тажрибасизлик эвазига йўл қўйган хатоларини тобора камайтириб, маҳоратини сайқаллаб келмоқда.
Бил Струт
Бу мураббий ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз деярли бир аср аввал мураббийликка қўл урган ва совринлар ютиш борасида ўз даврининг энг олди мутахасисси сифатида тарихдан жой олганлардан бири саналади.
Аслида тош конларида ишчи бўлиб фаолият олиб борган Бил футболни севар, Шотландия чемпионатидаги бирорта ўйинни ўтказиб юбормас эди. Унинг футбол ихлосманди эканлиги боис, 1912-йилда маҳаллий “Клайд” клуби мураббий этиб тайинлайди. Икки мавсум давомида жамоада ижобий ўзгаришларни амалга оширган мутахассисни кўп ўймай “Рейнжерс” клуби “илиб кетади”. Тўғри, унга дарров мураббийликни топширишмаган. 1920-йилда “Рейнжерс” устози этиб сайланган мураббий 34 йил давомида жамоани бошқарди ва 30 та турли совринларга эга чиқди. У қўл остида Шотландия клуби бир нечта халқаро совринларда ғолиб чиқди. Ўзининг 79 ёшида истеъфога чиққан мураббий яна 2 йил давомида ўзининг жонажон жамоасида клуб спорт директори лавозимида ишлади. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида, клуб уй стадионинг энг катта трибунасига Билл Струт номини берган.
Леанардо Жардим
Замонавий футболдаги энг иқтидорли мураббийлардан бири – Леанардо Жардим ҳам футболчи бўлмаган. Ҳатто ҳаваскорлар жамоасидан ҳам тўп сурмаганига ишонасизми? Ўзининг 22 ёшида мактабда жисмоний тарбиядан дарс берган Жардим “Камаша” клубининг мураббийлар штабида фаолият олиб борар, ва параллел тарзда мактабда дарс берар эди.
Орадан беш йил ўтиб, Португалиянинг “Шеваш” клуби билан эришилган ютуқлардан сўнг, уни кўп ўтмай “Брага” клубида кўрдик. Кейин “Олимпиакос” билан қўлга киритилган чемпионликдан сўнг, уни “Спортинг” таклиф этди. 2014-йилга келиб Жардим ўзини бутун дунёга машҳур қилган “Монако”ни бошқаришни бошлади.
У қўл остидаги жамоада Бернарду Силва, Фабиньо, Киллиан Мбаппе, Менди, Фалкао сингари футболчилар очилмаган қирраларини бутун дунёга Чемпионлар лигасида намойиш этишди. Қаҳрамонимиз ушбу мусобақада кимсан Пеп Гвардиолани ер тишлатгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас.
Бугунги кунда Жардим эндигина 45 ёшга тўлган ёш мутахассислардан бири саналади. Унинг нималарга қодир эканлигини дунё футболи аллақачон тан олиб бўлган. Шунчаки буни амалда кўрсатиш учун бироз вақт керак,холос.
Карлос Алберто Паррейра
ЖЧ мусобақасида кўплаб футболчилар мураббий сифатида ғолиб чиқишни уддалаган, бироқ Карлос Алберто Перрейрадан бошқа ҳеч ким футболчи бўлмай туриб бу мусобақада ғолиб чиқмаган. Айнан бразилиялик мутахассис футболчи бўлмай туриб ЖЧда Бразилияни чемпионликка етаклаган биринчи ва ҳозирга қадар сўнгги мураббий бўлиб турибди. Шунингдек, у терма жамоалар билан 6 бор ЖЧда иштирок этган ягона мураббий ҳам саналади.
1967-йилга қадар жисмоний тарбиядан дарс берган Алберто Перрейра ўзининг илк мураббийлик ишини Гана терма жамоасида бошлайди. Қаҳрамонимиз ўз фаолияти давомида 25 дан ортиқдавлатларда фаолият олиб боргани учун, Бразилия матбуоти унга “кўчманчи” лақабини берган. Шунга қарамай, афсонавий Пеле даври якунлангач, Бразилия деярли 25 йил тахтга чиқа олмаётган пайтда Карлос “Селесао” тепасига келади ва 1994-йилдаги мундиалда Бразилиянинг ғолиб чиқишини таъминлайди. Ўша мусобақада мураббийнинг улкан тажрибаси бир неча бор қўл келганини мухлислар яхши эслашса, керак.
Қаҳрамонимиз айни пайтда 77 ёшни қаршилаган. 2010-йилда ЖАР терма жамоаси билан ЖЧда иштирок этгач, катта футболдан кетгани ҳақида расман баёнот берган. У бугунги рўйхатимиздаги мураббийлар ичида энг машҳури ва энг совриндори саналади. Айнан у “футболчи бўлмай туриб, мураббий бўлиш мумкин эмас” қабилидаги сўзларга чек қўйган инсон саналади.
Я.У