Хабарингиз бор, жорий йилнинг аввалидан бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемиясининг тарқалиши сабаб оммавий тадбирлар, жумладан, спорт мусобақалари ҳам бекор қилинмоқда.
Шу туфайли кўплаб спорт юлдузлари ҳам оддий аҳоли сингари карантин даврини ўз уйларида ўтказишмоқда. Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам барча спорт мусобақалари бекор қилинди. Шу боисдан, миллий терма жамоа аъзолари ҳам ўқув-йиғин машғулотлари бекор қилингач, ўз уйларида карантин қонун-қоидаларига кўра масофадан туриб машғулотлар ўтказмоқда.
Ҳар бир спортчи айни дамда махсус назорат остида тренерларнинг кўрсатмалари асосида иш олиб боришмоқда. Шундай бўлса-да, машҳур спортчиларнинг карантин давридаги ҳаёти кўпчилик учун қизиқ. Буни инобатга ҳолда Ўзбекистон спорти юлдузларининг ўз уйларида нималар билан банд эканлигига тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Айни пайтларда катта спортдан узилмаган ҳолда мусобақаларда иштирок этаётган кам сонли ўзбекистонликлардан бири бу Жасур Яхшибоевдир. Ҳамюртимиз футбол бўйича бутун Европа қитъаси бўйича тўхтатилмаган ягона чемпионат Белорус олий дивизиони клубида тўп сурмоқда.
Эътиборлиси, иқтидорли футболчимиз бутун дунё футбол ихлосмандлари мухлислик қилаётган ушбу чемпионатда жамоаси “Энергетик-БГУ” билан 3 та тур ўйинида қатнашди ва мусобақада очко йўқотмаган ягона жамоа сифатида турнир якка пешқадами бўлиб турибди.
Ҳар уччала ўйинда асосий таркибда майдонга тушган Яхшибоев рақиблари дарвозасини уч марта ишғол қилган ҳолда тўпурарлар пойгасида ҳам биринчи ўринда жойлашган. Шунингдек, иқтидорли футболчимиз ҳисобида битта самарали тўп узатмаси ҳам бор.
“Энергетик-БГУ” жамоаси сафида Жасур Яхшибоевдан ташқари Шоҳбоз Умаров ҳам ҳаракат қилмоқда. Умаров ҳозирча жамоасининг ўйинларига захирадан қўшилмоқда. Умид қиламизки, тез кунларда бу ҳамюртимиз ҳам самарали ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозона олади.
Коронавирус балоси бутун дунёга Хитойдан тарқаган эди ва биринчилардан бўлиб бу давлатда карантин даври жорий қилинганди. Аммо бугунги кунга келиб хитойликлар вирус устидан ғалаба қозониш арафасида турибди. Ҳаттоки тез кунларда Хитойда спорт мусобақалари ўтказилиши жараёнлари қайта тикланади.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одилжон Аҳмедов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилишича, футбол бўйича Хитой чемпионатининг бу йилги мавсумига кейинги ойнинг бошида старт берилиши кутилмоқда.
Айни пайтда карантин даврини Хитойда ўтказаётган Одилжон Аҳмедов коронавирусни енгишда ёрдам кўрсатиш мақсадида ўз ҳисобидан Ўзбекистонга икки марта катта хайрияни амалга оширди. Дастлаб, Наманган вилояти аҳолиси учун 600 млн сўм миқдорида маблағларни хайрия сифатида тақдим қилган бўлса, кейинчалик футболчимиз Хитойдан туриб мамлакатимизга йирик миқдордаги тиббий маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик юкини жўнатди.
Аввалроқ, Одилнинг ака-укалари Намангандаги муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатгани ҳақида маълум қилинган эди.
Хайрия ишлари терма жамоамизнинг бошқа бир аъзоси Отабек Шукуров томонидан ҳам амалга оширилганди. “Шаржа” клуби футболчиси БААнинг амалдаги чемпиони Шукуров карантин даврини ўзи туғилиб ўсган Чироқчи туманида оиласи даврасида ўтказмоқда.
Футболчимиз Чироқчи аҳли учун 100 млн миқдордаги озиқ овқат маҳсулотларини тарқатганди.
Ҳозирги пайтдаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кучли футболчиларидан бўлиб турган Элдор Шомуродов ҳам карантин туфайли Россияда қолиб кетган “Бунёдкор” клуби ўсмирлар жамоасига ёрдам берди.
“Бунёдкор” клубининг 2004 йилда таваллуд топган футболчилардан ташкил топган жамоаси ҳар йили анъанавий тарзда ташкиллаштириладиган IX Сергей Игоревич Вахрушев хотира турнирида иштирок этиш учун Россиянинг Краснодар шаҳрига ташриф буюрган. Аммо, 17 март куни Россия спорт вазирлиги мамлакат ҳудудида ҳар қандай халқаро мусобақаларни ўтказишни тақиқлади ва хотира турнири ҳам шу қарорга кўра бекор қилинди.
Мусобақанинг тугашини инобатга олагн ҳолда Россиядан қайтиш чипталари кейинроққа олингани боис футболчилар бир неча кун давомида Россияда қолиб кетди. Жамоа бир муддат Краснодарда бўлди ва Ростовга кўчиб ўтди. Ёш футболчилар бир неча кун давомида меҳмонхонада истиқомат қилишган.
Маълум бўлишича, Элдор ўз ҳисобидан ёш футболчиларга ёрдам берган ҳамда жамоа аъзоларига Ростовдан Москвага бориш чипталарини олиб берган. Сўнгра “Бунёдкор-2004” вакиллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган чартер рейс орқали Москвадан Ўзбекистонга олиб келинди.
Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби, ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Фазлиддин Ғоибназаров ҳам карантин даврини ўз уйида ўтказмоқда.
Шаҳобиддин Зоиров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига ушбу расмни жойлади. Мусобақалар ва машғулотлардан бўшамайдиган спортчилар энди ўз оилаларига кўпроқ вақт ажратиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Карантиндан олдин Мурод Хонтўраевнинг яна катта спортга қайтаётгани ҳақида хабарлар янграган эди. Аммо, ҳозирча спортчимиз карантинни ўз уйида ишдан ва спортдан узилмаган ҳолда ўтказмоқда.
Рио-2016 Олимпиадаси ғолиби, ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Ҳасанбой Дўсматов карантин даврида ҳам машғулотлардан бўшамаяпти. У проф боксда ҳам ҳаммани тиз чўктирмоқчи.
Профессионал боксда ажойиб натижа қайд этаётган боксчимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳозир ниқобда. У кейинги рақибни ер тишлатиш учун машғулотларда бор кучи билан ишламоқда. Ниқоб вирусларга халақит бериш учун. У бизнинг кучли боксчимизга режаларини амалга оширишда халал бера олмайди.
Ҳаваскор боксда Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Иқболжон Холдоров Олимпия ўйинларида иштирок этмайди. У балки проф боксда ўз омадини синаб кўрар. Аммо, ҳозир карантин. Яхшиси у машғулотларга зўр бериши керак.
Жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Дилшод Рўзметов Олимпия ўйинлари учун ўтказилган квалификацион турнирда омадсизликка учраган эди. Аммо, унга мураббийлар ишонмоқда. Иккинчи имкониятни қўлдан чиқармаслик учун янада кучли бўлиш лозим.
Нуфузли мусобақаларда бироз омад етишмайдиган боксчимиз Элнур Абдураимов карантин даврида машғулотларга зўр берган. У Токио олимпиадасида омадни ҳам жиловламоқчи.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати