Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати интервьюлар сериясини давом эттиради.
Бу спортчи минглаб атлетлар орзу қиладиган барча натижаларга эришган боксчилар сирасига киради. Унинг ҳисобида кўплаб ғлабалар бор. Бокс оламида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган чарм қўлқоп устаси. Юртимиз спорти тарихида ёзги Олимпиада ўйинларида илк олтин медални тақдим этган спортчи - Муҳаммадқодир Абдуллаев.
Муҳаммадқодир Абдуллаев - 1973 йилнинг 15 ноябрда Андижон шаҳрида туғилган. 2000 йилги Сидней Олимпиадасида олтин медаль соҳиби бўлган.
1999 йил Жаҳон чемпионатида шохсупанинг юқори поғонасидан жой олган. 1997 ва 1999 йилги Осиё чемпионатлари ғолиби.
1998 йилги Осиё ўйинлари ғолиби, 1998 йил Жаҳон кубоги соҳиби, 1999 - 2000 йиллари - Йилнинг энг яхши спортчиси.
"Ўзбекистон ифтихори", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи", "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, "Шухрат" медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати афсонавий спортчимиз билан интервью уюштирди.
— Муҳаммадқодир ака, бугунги кунда юзага келган коронавирус сабаб карантин эълон қилинган. Шу кунларда нималар билан бандсиз?
— Карантин вақтида уйдаман. Болалар билан вақт ўтказяпман. Уларнинг ўқишини назорат қиляпман. Бундан ташқари бокс билан ҳам шуғулланяпмиз. Ҳуллас, юзага келган бўш вақтдан унумли фойдаланмоқдаман.
— Бугунги кунда қаерда ва қандай лавозимда фаолият олиб бормоқдасиз?
— Ҳозирда Ўзбекистон профессионал бокс федерациясида вице-президент лавозимида ишлаяпман. Бундан ташқари, Андижонда ёш боксчиларга спортнинг ушбу туридан сабоқ бериб келяпман.
— Мамлакатимизда боксга қаратилаётган эътибор ҳақида нималар дея оласиз?
— Юртимизда нафақат бокс, балки бошқа спорт турларига ҳам яхшигина эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, Ўзбекистонда бокс ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган спортсевар инсон Сакен ака Полатовга ҳам катта раҳмат. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда спорт ривожи учун ажойиб имкониятлар яратилган. Спортчиларимиздан эса ажойиб натижалар кўрсатиш қолди холос.
— Энди боксчилик фаолиятингиз ҳақида ҳам бироз эсласак. Сиз учун энг қадрли соврин қайси?
— Фаолиятим давомида кўплаб ютуқларга эришганман. Жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари, Осиё чемпионатлари... Лекин мен учун энг қадрлиси 2000 йилги Олимпия ўйинларида олтин медаль қўлга киритганим ва ўзбек спорти тарихига кирганим. Бу орқали ёзги Олимпиадаларда олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбек спортчиси бўлганман. Бундан фахрланаман.
— Фаолиятингиздаги энг қийин жанг сифатида қайси баҳсни кўрсата оласиз?
— Шубҳасиз, 2000 йилги Сидней Олимпиадаси финали. Ҳал қилувчи босқичга терма жамоамиздан фақатгина мен етиб келдим. Масъулият ва босим юқори эди. Олтин медаль учун кечган жангда америкалик Рикардо Уильямсни мағлубиятга учратиб, терма жамоамизга олтин медаль тақдим этгандим.
— Профессионал рингда Мигель Коттога қарши ўтказилган жанг тарихи ҳақида эсласак...
— Эҳ... Ўша жанг Андижон воқеалари вақтига тўғри келиб қолган. Ватанимга олтин камарни олиб келаман деб, қаттиқ тайёргарлик кўрганман. Лекин, рақибимга етарли баҳо бермай рингга чиққанман. Шунингдек, ўша жанг давомида бурчакда шифокорим бўлмаган. Бунинг оқибатида кўзимдан жароҳат олганман. Ўша пайт содда бўлганман. Менежерларимнинг гапига кирмаслигим керак эди деб ўйлаб қоламан. Бундай инсонлар пул сабаб яқинларини ҳам сотиб юборишади.
— Ёш боксчиларга қандай маслаҳат берасиз?
— Бугунги кунда спорт билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратилган. Шундай экан, ёшларимиз бундай имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, меҳнатдан қочмасдан, жон бериб шуғулланишлари лозим. Мураббийларнинг топшириқларини бажариш керак. Фақатгина меҳнат орқали юксак натижаларга эришиш мумкин.
— Карантин вақтида шогирдларингиз, спортчи ва мухлисларга қандай маслаҳат берасиз?
— Барча-барчага карантин вақтида уйда қолиб, спорт билан шуғулланишни, ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган қарорларга амал қилишни маслаҳат бераман. Насиб қилса яқин орада бундай синовли кунлар якунига етади ва биз яна одатдагидек ҳаёт тарзига қайтамиз.
Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг профессионал боксда Мигель Коттога қарши ўтказган тарихий жангини томоша қилинг.