Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мессининг «душманлари» (топ-5)

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz Футбол оламидаги энг машҳур шахслардан бири – Лео Мессини жуда ёмон кўрувчи ва буни ҳеч кимдан яшириб ўтирмайдиган футболчилар билан қисқача таништириб ўтади.

Ройстон Дренте

Ўз тенгқурлари ичидан барчадан бир бош баланд кўринган, келажакда суперюлдуз бўлиб етишиш тахмин қилинган Дрентени кўпчилик унутиб ҳам юборган бўлса, ажаб эмас. Леонель Месси ва “унутилган” футболчи ўртасидаги кичик жанжал кўпчиликнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетганига қарамай, Дренте ҳали-ҳамон ундан хафалигини яшириб ўтирмоқчи эмас.

Қаҳрамонимиз ўзининг биринчи “эл-класико”сидаёқ Лео билан тўқнаш келади. Мураббий томонидан аргентиналик футболчига бўш зона қолдирмаслик вазифаси билан майдонга тушган Дренте курашга қўшилиб кетади. Биринчи бўлим сўнггига яқинлашганида Лео жахл устида голландиялик футболчини бир неча бор “негро”, “негро” деб мазаҳ қилади. Учрашувнинг босими сабабли аввалига Дренте бунга эътибор қаратмайди, бироқ иккинчи бўлимда дарров у билан орани очиқ қилиш мақсадида яқинлашади. Яхшиямки, унинг жамоадошлари вазиятни чигаллаштиришмайди ва Дрентени ҳовуридан туширишга муваффақ бўлишади. Ўйиндан сўнг, Ройстон ОАВга бўлган воқеани батафсил сўзлаб беради. Тўғри, Леонинг ирқчилик кайфиятида айтилган сўзлари учун танқид қилишади, бироқ бу вазият тезда унутилиб кетди. Айни дамда топ-клублар радаридан четда қолган футболчи ўзининг “Маrcа” нашри учун берган сўнгги интервьюсида Леонинг ундан узр сўрашини кутаётганини айтиб ўтди. Месси кейинчалик журналистлар томонидан кўп бор шу мавзуда савол келиб тушганига қарамай, вазиятга ойдинлик киритишни истамади.

Алваро Арбелоа

Яна бир “Реал” футболчиси ва яна “эл-класико”даги “қисқа туташув”. Лео ўзининг асосий рақиблари билан бўладиган учрашувларда кўпинча жанжал марказига тушиб қолади. Шундай бўлсада, Арбелоа билан боғлиқ вазият бироз ўзгачароқ. Арбелоа ва Месси узоқ муддат бир-бирга қарши майдонда тўп суришгани боис, улар ўртасидаги кескин тўқнашувларга ҳеч ким ортиқча эътибор қаратмайди. Шундай бўлсада, 2013-йилдаги Испания кубоги ярим финал учрашувидан сўнг кутилмаган ҳолат кузатилди. Ўйин давомида ўзига нисбатан қўпол ҳаракат қилганАлварони Лео автотураргоҳда кутиб туради. “Қироллик клуби” футболчиси унга яқинлашгач, куракда турмайдиган сўзлар билан уни ҳақорат қилади. Арбелоа профессионал футболчи сифатида жанжалдан қочади. Вазиятни суратга олишга муваффақ бўлган журналистлар эртаси куниёқ вазиятни турли талқинда ёритишни бошлаб юборишади. Ўша жанжалдан сўнг, кўплаб футбол мутахассислари 6 та “олтин тўп” эгасини танқид остига олишади. Дарҳақиқат, майдон ичидаги қарама-қаршиликларнинг барчаси майдонда қолиши лозим. Орадан 7 йил ўтганига қарамай, яқиндагина Арбелоа ўз интервьюсида Месси билан ҳисоб-китоб қилишини ва унинг фаолияти якунлашини сабрсизлик билан кутаётганини маълум қилди.

Пепе

Бугунги рўйхатимиздаги учинчи “Реал”футболчиси. Пепени жуда яхши танийсиз. Ўзининг қўпол ўйинлари билан омма эътиборига тушган Пепега ортиқча таърифнинг хожати йўқ. Бежизга португалиялик ҳимоячини “ақлдан озган” лақаби билан “сийлашмаган”.

Месси ва Пепе ўртасидаги тўқнашувлар одатий тусга киргани боис, кўпчилик майдондаги кичик деталларга эътибор қаратмайди. Шунга қарамай, Испания кубогидаги ўзаро тўқнашув чоғида телетрансляция ходимлари футболчилар ўртасидаги кичик диалогни лаблар қимирлашига кўра аниқлашга муваффақ бўлишади.

Пепе: Сен мени кўришинг билан қалтираб қоласан!

Месси: Сен мен “Реал” дарвозасига киритган голларимни акс этувчи барча суратларда борсан!

Лео томонидан берилган жавоб юзингизда табассум уйғотиши турган гап, бироқ Пепе бундан ғазабланган кўринади. Орадан 10 дақиқа ўтиб, ҳимоячи атайин Мессининг қўлини босиб ўтиб кетади. Ўша учрашувдан бери, бу йигитлар бир-бирини кўришга кўзи йўқ душманларга айланишган.

Мауро Икарди

Барчангиз Мауро Икарди, Ванда Нара ва Максли Лопесдан ташкил топган севги учбурчаги ҳақида хабардорсиз.

Икардининг дўстига қилган хиёнатига Мессининг нима алоқаси бор деб ўйлаябсизми? Эътиборлиси шундаки, Лео Икардидан жабр кўрган Максининг энг яқин дўсти ҳисобланади. Бу футболчилар ўз вақтида “Барселона”да бирга тўп суришган. Ванда ва Мауро Максини фарзандлари билан алоқасини узиб қўйишгач, Лео дарров эски қадрдонини ёқлаб чиқди. Барчамиз Мессининг Аргентина терма жамоасига таъсир кучи қандай эканлигини яхши биламиз. Шу сабабли айнан Месси Икарди учун терма жамоа эшикларини 10 йилдан бери ёпиб келаётгани тушунарли ҳолат. Месси Маурони терма жамоада ички муҳитни бузиши мумкинлиги боис миллий жамоа либосида кўришни истамайди. Тўғри, бу расман тасдиқланмаган маълумот, бироқ турли нашрларининг инсайдерлари айнан шу версия ҳақиқат эканлигини маълум қилмоқда. Севги учбурчаги сабабли Икарди ва Мессининг алоқалари кескин ёмонлашиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Бу муносабатлар яқин орада ўнгланмаслиги кундек равшан.

Златан Ибраҳимович

Фақат Златангина Мессини бир вақтнинг ўзида мақташи ва уни ер билан битта қилиши мумкин. Қайсидир маънода, Златаннинг фаолиятидаги энг катта омадсизликка ЛеонельМесси сабабчи дея оламиз. Айнан аргентиналик футболчи сабабли “Барселона” Ибраҳимовичдан воз кечади. Бунга чидаб тура олмаган Златан бор кучини тилига йиғди ва Мессига қарата ишга солишни бошлади. Унинг Лео ҳақида айтган энг машҳур иқтибосларидан бирига эътиборинга ҳавола этамиз.

Гвардиола жуда ажойиб мураббий, бироқ у ғирт қўрқоқ. У Лео учунмени қурбон қилди ва буни ўзимга айтишга журат эта оламди. Аргентиналик футболчи Пепга уй ҳайвонидек муомала қилади. Айнан Леонинг айтган сўзлари жамоа учун биринчи рақамли. Пеп эса, доимо четда барчасини тинглаб ўтиради. Тўғри, унинг бир нечта “олтин тўп”лари мавжуд, бироқ мен автоматдан конфет харид қилиш учун столга чиқишим шарт эмас”.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 16:29, 10.06.2020.
Ўқилди: 13829 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.