Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

«Мен ҳар доим Роналдуга, акам эса Мессига мухлислик қиларди». Бруну Фернандешнинг ғаройиб ҳикояси

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

«Спортинг»даги муваффақиятли ўйинлари орқали «Манчестер Юнайтед»га йўл олган ва у ерда тезда етакчилик мақомини қўлга киритган португалиялик ярим ҳимоячи Бруну Фернандеш қисқа муддат ичида дунёнинг энг яхши футболчилари қаторида тилга олина бошлади. Дарҳақиқат, айнан унинг келиши Манчестер шаҳрининг қизил қисмини бироз бўлса-да, хушнуд этди. Боиси шонли тарихга эга бўлган «Юнайтед» сўнгги йилларда ўзи қайд этаётган натижалар билан умуман мақтана олмаяпти. Бугунги кунда жамоа мухлислари айнан Бруну қиёфасида клубни аввалги мавқейига олиб чиқа оладиган етакчини кўрмоқда. Воқеалар ривожи қандай якун топишини эса фақат вақт кўрсатади.

«Дарё» «қизил иблислар» нажоткорининг The Player’s Tribune нашри учун тақдим этган катта ҳикоясини ўқувчиларга ўзбек тилида ҳавола қилади.

— Ҳаммасини акамдан бошлаймиз. Ахир, қандай қилиб усиз бошлашимиз мумкин? У – менинг акам, энг ёмони, у «Барселона»нинг мухлиси. Шундай экан, айнан у билан бошлашга тўғри келади.

Болалигимизда бизнинг муносабатларимиз ғалати эди. У мендан беш ёшга катта бўлган, лекин биз бир хонани бўлишишга мажбур эдик. Кичкиналигингизда бу яхши, ҳатто қизиқарли ҳам. Аммо 15 ёки 16 ёшга тўлганингизда ва дўстларингизга чақирмоқчи бўлганингизда ... Унинг ёлғиз қолгиси келарди, мен эса уйда югурардим ва ҳар хил бўлмағур ишлар билан шуғулланардим. Мен унга халақит берардим, бу аниқ. У эса ҳар доим шундай бақирарди: «Бруну, бор айланиб кел!»

Шу тариқа бутун болалигимни тўп билан боғда ўтказганим учун ундан миннатдор бўлишим керак. Бошқаларни билмадим-у, лекин Португалияда, айниқса, ўшанда (Евро–2004) барча футболни шунчаки севибгина қолмай, у билан яшарди.

Бу Месси ва Криштианунинг юлдузлик даври бошланган, Роналдиньо эса ўзининг энг юқори чўққисига чиққан даврлар эди. Қаерга қараманг, ким энг зўри эканлиги ҳақидаги баҳсларни учратардингиз. Жумладан, биз акам билан ҳам шу тўғрисида кўп тортишардик. «Олтин тўп»ни ким олади? Энг чиройли голларни ким уради?

Мен ҳар доим Криштиануга мухлислик қилардим.

Акам эса Мессининг ўйинини яхши кўрарди.

Рождество байрамларидан бирида акам билан Швейцарияга, отамнинг олдига бордик. Отам у ерда ишларди. Интернет ўша пайтда у қадар кенг ривожланмаган ва севимли жамоангизнинг футболкаларини сотиб олиш ҳам осон эмасди – айниқса, бу АПЛ клуби бўлса. Сотилган тақдирда ҳам жуда қиммат эди. Шундай қилиб биз ота-болалар Nike дўконига бордик. Бор-йўғи иккита футболка танлаш имконияти мавжуд эди. Қийин танлов, шундай эмасми. Акам Месси туфайли «Барселона»нинг сариқ рангдаги формасини танлади, лекин мен шуни тасдиқлашим мумкинки, ўша ёшда ҳам дидим чакки бўлмаган: «Манчестер Юнайтед» либосини танлаганман, албатта.

Ҳамон ўша футболкани яхши эслайман – оқ ва кўк чизиқли қизил форма.

Роналду сабаб мен учун «Манчестер Юнайтед» Англиядаги орзулар жамоаси бўлган.



Ўқитувчиларим: «Бруну, ерга туш. Футболда муваффақият қозониш жуда қийин. Ўқиш керак!», – дерди. Аммо бу гаплар мени яна ҳам кўпроқ меҳнат қилишга ундарди.

Болаликда исталган нарса футбол майдон ва дарвозасига айланиши мумкин. Ўйинлар эса ўта шиддатли тарзда ўтарди. Биз ўйинларда жуда кўп тортишардик.

Шу тобда хаёлимга жамоадошим Виктор Линдельоф келиб қолди. Европа Лигаси ярим финали доирасидаги ўйинда бизнинг баҳсимизни журналистлар эшитиб қолди ва ундан нимадир ясашга уринди. Аммо мен учун бу ўйин ва Майа шаҳридаги кўча футболи ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Португалияда футбол шундай ўйналади, шундай мулоқот қилинади. Агар нимадир қилиб қўйсанг, сукут сақламайман. Мен футбол билан, лаҳза билан яшайман. Аммо барча салбий нарсалар стадионда қолади. Ва эртасига биз яна дўстмиз. Суҳбатлашамиз, қучоқлашамиз.

Ростини айтсам, мен танқидни яхши кўраман. Бу менга яна ҳам яхшироқ бўлишимга ёрдам беради ва бўшашимга йўл қўймайди. Бу мен учун мотивациядир. Атрофи лаганбардорлар билан ўралган жуда кўпчиликни биламан, бироқ бу менга бегона. Дўстларим менга камчилик ва хатоларимни қўрқмасдан айтишларини истайман. Учрашувдан кейин эшитишни хоҳлайдиган гапларим шундай: «Мен сени севаман, лекин нега гол урмадинг? Яхши узатмаларни амалга оширдинг, аммо жуда кўп қарға уриб туширдинг... »

Баъзан ҳатто қизим Матилда ҳам мени танқид қилади. У атиги 3 ёшда! Аммо у ўзича танқид қилади. У ҳали жуда ёш бўлганида ўзини бизни эшитмаётганга ўхшаб кўрсатишни яхши кўрарди. Биз ундан ўйинчоқларини йиғиштиришини сўрардик, шунда у қулоқларини қўллари билан ёпиб, қичқирарди: «Мен ҳеч нарса эшитмаяпман, дада». Шундан сўнг голларимни худди шундай нишонлай бошладим. Ва у буни тушунди. Эндиликда, голимни шу тарзда нишонламасам, дарҳол танқид эшитаман. Нима ҳам қила олардим?



Менинг менталитетим тарбиянинг натижасидир. Болалигимда отамга қанча гол урганим ва нечта голли пас амалга оширганимнинг аҳамияти йўқ эди. Уни фақат битта нарса қизиқтирарди – хатоларим сони.

Эсимда, бир сафар 15 ёшлилар ўртасида Португалиянинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган «Порту»га қарши ўйин ўтказдик. Ўшанда яхши ўйнагандим. Ҳимоячи эдим, менга баҳайбат рақиблар қаршилик қилганди. Биз 1:0 ҳисобида имкониятни бой бердик, аммо мен жуда яхши ҳаракат қилдим, ўйиндан кейин ҳамма мени мақтарди. Ҳатто «Порту» устози ҳам ўшанда: «Бу бола футболчи бўлади», – деганди.

Менинг оғзим қулоғимда эди. Аммо отам заррача ҳам хурсанд эмасди. У менга шундай деди: «Сен «Порту»нинг голини кўрдингми? Агар бунчалик чуқур кириб кетмаганингда, кросс ўтмаган бўларди».

Ва мен гол ҳақида ўйлай бошладим. Ростини айтсам, мен ўша вазиятда қатнашмагандим ҳам, майдоннинг иккинчи ярмида эдим. Аммо отам ўзининг ҳақ эканига шунчалик ишонар эдики, мен хато қилганимдан хавотирлана бошладим. Ҳар бир мағлубият мени ҳар бир нотўғри ҳаракатим ҳақида қайта-қайта ўйлашга мажбур қиларди. Хонага қамалиб олиб, ўйиннинг ҳар бир сониясини таҳлил қилишга одатландим. Ҳаммага маълум Бруну ана шундай пайдо бўлган. Кимдир мени бироз ақлдан озган деб ўйлайди, лекин ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасман.

Омон қолиш учун ўзгаришингиз керак. 14 ёки 15 ёшга кирганингизда ҳамма нарса ўзгаради. Истеъдод етарли бўлмай қолади, худди меҳнатсеварлик каби. Ҳаммасини ўнглашингиз керак. Сиз футбол билан яшаб, қолган ҳамма нарсани унутишингиз лозим.

Бир неча йилдан сўнг футбол ўйнаш учун Италияга йўл олдим. Бу мен учун катта синов эди. 17 ёшда чет элда ёлғиз бўлиш қийин эди. Тилни билмасдим, ҳамма бегона эди, роса қийналганман. Баъзида ҳамма нарсани ташламоқчи ҳам бўлардим.

Агар отам менга болалигимдан шу менталитетни сингдирмаганида эди, мен Италияни енгиб ўта олмасдим. Агар у доимо ўз фарзандини мақтайдиган бошқа оталар сингари бўлганида, мендан футболчи чиқмасди. Бу нотўғри. Реал ҳаётда сизни ҳар сафар ҳеч ким мақтамайди.

Мен фақат олдинга ҳаракатланишим керак эди. Ғайриоддий нарса юз бергунга қадар, меҳнат ва жанг қилишдан тўхтамаслигим зарур эди. Ўша сана ҳамон эсимда – 2017 йилнинг 28 августи.

Мен Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинларидан ўрин олган Фарер оролларига қарши ўйинда иштирок этиш учун Португалия терма жамоасига чақирилдим. Кимга қарши ўйнашдан қатъи назар бу катта шарафдир.

Тасаввур қилинг, 13 йил олдин мен 9 ёшли бола эдим. Терма жамоа рангларини юзимга чизиб олгандим. Майа шаҳри маркази. Грецияга қарши Евро–2004 финали.

Бу Криштиану учун катта ютуқлар даври бўлганди. Ушбу дақиқаларни Португалияда ҳамма яхши эслайди. Аммо тўққиз ёшингизда, бу сизга жиддийроқ таъсир қилади. Гарчи грекларга ютқазган бўлсак-да, ҳаммасидан кўпроқ футболчиларнинг кўзидаги ёшларни яхши эслайман. Шундай қилиб кийиниш хонасига кирганимда ажиб бир ҳисни туйдим. Криштиану ичкарига кирганида эса гапиришни унутиб қўйдим.

Мен Криштиану ва терма жамоадаги бошқа футболчилар билан бирга тўп суришдан фахрланаман. Умид қиламанки, мен ҳам бизни кузатаётган тўққиз ёшли болаларнинг янги авлодига илҳом бера оламан.



«Манчестер Юнайтед»га ўтиш – орзумни амалга оширганимни англатади. Агентимдан келишув тўғрисида эшитганимда, дарҳол Швейцариядаги ўша кунни ёдга олдим. Биринчи бўлиб рафиқам ва қизимга айтдим, кейин эса фақат йиғлаш қолганди, холос ... Бахт кўз ёшлари, қувонч кўз ёшлари, хотира кўз ёшлари.

Рафиқам билан турмуш қурмаган вақтларни эсладим. Қандай қилиб мен унга Италияда ҳаммасини ташламоқчи бўлганимни айтганим, лекин у бу менинг орзум эканлигини айтиб, бунга йўл қўймаганини ёдга олдим. Кейин эса акамга қўнғироқ қилдим ва яна йиғлаб юбордим. Отамни эсладим. Ҳеч ким мендан унга қараганда кўпроқ нарса талаб қилмаган. Асосий танқидчим ҳам акам каби йиғлаб юборди. Ва ҳеч қандай танқид ҳам йўқ эди. «Юнайтед»га келдимми, демак бунга лойиқман. Ҳозир ҳам ўйинлардан 24 соат ўтиб, отамдан янги танқидларга тўла SMS оламан. Балки, бир кун келиб агар Жаҳон Чемпионатида ғолиб чиқсам, гол урсам ва қулоғимни беркитишни унутмасам, ниҳоят 48 соатлик осойишталикка эришган бўламан.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 18:38, 01.01.2021.
Ўқилди: 6640 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.