Португалия терма жамоаси ва Туриннинг "Ювентус" жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ўтган ҳафта "Кальяри" билан ўйинда учта гол урди(3:1) ва расмий ўйинлардаги голлар сонини 770тага етказган ҳолда, 767 гол урган Пелени ортда қолдирди. Ҳозир эса биз сизлар билан Роналду мазкур натижага қандай эришгани ҳақида бироз суҳбатлашамиз.
Португалиялик футболчининг клублар ва терма жамоаси таркибидаги голли статистикасини қисқача эслаймиз.
Ўтмишдаги буюк футболчилари номлари футбол тарихида абадий қолади. Улар афсоналарга айланади ва исмлари Ференц Пушкаш ёки Лев Яшин сингари совринларга қўйилади. Пеле ҳар доим ҳамма мамлакатларнинг футбол афсонаси сифатида қаралган. Футбол қиролининг фаолияти давомида ҳам, шунингдек карерасини тугатгандан сўнг ҳам жуда кўп ажойиб футболчилар бор эди. Aммо уларнинг ҳеч бири урилган голлар сони бўйича Пеле ўрнатган рекордга яқинлаша олмади.
Криштиану Роналду ва Лионель Месси профессионал футболга кириб келганидан кейин. Биринчиси "Реал" тарихидаги, иккинчиси "Барселона" тарихидаги энг яхши тўпурар бўлди. Замонамизнинг энг яхши икки ўйинчиси футбол тарихида ўрнатмаган рекордлари деярли қолмади.
Роналду ҳозир ҳам ёшига қарамай, айни пайтгача гол уришни давом эттирмоқда. Тўғри, португалиялик юлдуз асосан голларини A Серияда киритмоқда, лекин Криштиануни яқинда 36 ёшга тўлганини ҳисобга олсак, бу ажойиб натижа ҳисобланади. Роналду ўтган ҳафта A серия доирасидаги "Кальяри"га қарши ўйинда 3та гол киритиб, хет-трикка эришди ва шу тариқа барча замонларнинг энг яхши тўпурари сифатида футбол тахтига ўтирди.
36 ёшида португалиялик футболчи ушбу голлари билан афсонавий футболчи Пеленинг рекордини янгилашга эришди. Бразилиялик футболчи расмий ўйинларда қанча гол ургани борасидаги тортишув абадий давом этиши мумкин, лекин Роналду ушбу ҳолат ҳақида қуйидагича фикрни айтиб ўтди:
"Профессионал фаолиятим давомидаги расмий учрашувларда урган голларим сонини 770 тага етказганимдан кейин айтаётган сўзларим биринчи навбатда Пелега қаратилган. Дунёда унинг ўйинлари, натижалари ҳақида эшитмаган футболчи йўқ. Мен ҳам шулар қаторидаман. Мен Пеленинг рекордини янгилаб, дунёнинг энг яхши тўпурари бўла олганимдан мамнунман. Ўзим ўсиб-улғайган Мадейрада юрган кезларим буни орзу ҳам қила олмасдим. Менининг футбол оламидаги сайёҳатимда ёнимда бўлган барчага миннатдорлик билдираман. Энг аввало, оилам ва яқин дўстларимга, дунёнинг барча бурчакларидаги мухлисларим, жамоадошларим ва рақибларимга ҳам раҳмат. Ишонинг, мен сизларсиз ҳеч нарсага эриша олмасдим. Мен кейинги учрашув ва янги синовларни кутяпман. Олдинда бошқа рекордлари ва совринлар бор. Тарихни якунлашимга ҳали анча вақт бор. “Ювентус” ва Португалия билан кўп нарса ютишим керак"
"Ювентус" ҳужумчисининг статистикасини ҳисоблаш анча осон. Буларнинг ҳаммаси Роналдунинг карерасидаги илк жамоа "Спортинг"дан бошланган. Ҳужумчи Португал жамоаси сафида атиги бешта гол урган, аммо шунга қарамай, ўша пайтда Европанинг етакчи клубларидан бири бўлган Киевнинг "Динамо" жамоаси эътиборига тушади. Лекин Украина жамоаси йигитчанинг истеъдодини била олмадилар ва Криш Aнглияга йўл олади.
"Манчестер Юнайтед"да Роналдуни бутун дунёда тан олади. Чемпионлар Лигасидаги биринчи олтин медал, биринчи Олтин тўп. Худди шу ерда, бошқа ютуқлари қатори, португалиялик футболчи ўз фаолиятидаги биринчи хет-трикни амалга оширади. Ҳозиргача Роналдунинг ҳисобида 57та хет-трик мавжуд. Роналду "Манчестер Юнайтед"даги фаолияти давомида бир марта хет-трикка эришган. Қолган 56 мартасини бошқа жамоалар сафида амалга оширган. Ҳужумчи "Манчестер Юнаайтед сафида 118 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Премер лига доирасида 84та, Aнглия Кубогида 17та, Чемпионлар Лигасида 16та, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 1та гол киритишга эришган. Кейинчалик, португалиялик юлдуз бошқа совринларга эга чиқиш мақсадида, Мадриднинг "Реал" клуби сафига кетади.
Мадриддаги давр Криштиану Роналдунинг фаолиятидаги энг юқори чўққи ҳисобланади. Лионель Месси билан биргаликда Олтин тўпни қўлга киритиш бўйича, ўзига хос пойга уюштиришди. Шунингдек португалиялик футболчи Испанияда тўп сурган йилларида, ҳар мавсум давомида ўйини очилиб бораверди. Барча турнирлар доирасида бир мавсум давомида 40+ гол уришни ҳам уддалади. Роналдунинг "Реал"даги бутун фаолиятининг асосий кўрсаткичи сифатида, 4 марта Чемпионлар Лигасида зафар қучганини айтиб ўтиш мумкин. Роналду "Реал" сафида Испания Ла Лигаси доирасида 311 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган бўлса, Чемпионлар Лигасида 105та, Испания кубогида 22та, клублар ўртасидаги ЖЧда 6та, Испания Суперкубогида 4та, УЕФA суперкубогида 2та гол киритишни, ҳаммаси бўлиб, 450 голни ўз ҳисобига ёздириб қўйишга эришган.
Роналду "қаймоқранглилар" сафида деярли Европадаги барча кубокларни ютиб, Туриннинг "Ювентус" жамоаси сафига бориб қўшилади. Мақсад аниқ кўрсатилган эди - "Ювентус" билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш. Aммо бу соврин португалиялик ва Турин жамоаси учун 3 йилдан бери қандай тугаётгани ҳақида билсангиз керак. Чемпионлар Лигасидаги муваффақияцизликларга қарамай, Криштиану ички чемпионатларда яхши иштирок этмоқда. Умуман олганда, 36 ёшли ҳужумчи туринликлар сафида 122та ўйин ўтказган ва 95та гол киритишни уддалаган. Бундан ташқари, 22та голли пасни ҳам амалга оширган.
Шу билан бирга, Роналдуни танқид қилиш ҳам адолатли бўлади. Сабаби, у олдинлари керакли вақтда катта саҳнага чиқиб, рақибларга қарши ўйинларда керакли голларни киришни уддаларди. Aммо, бир йил олдин Чемпионлар Лигасида "Лион" билан, энди эса "Порту" билан ўйинда ёрдам бера олмади. "Ювентус" ва Роналду "Порту"дан учралган муваффақияцизликдан сўнг, бор аламини "Кальяри" жамоасидан олди ва бу натижа португалияликни Пеленинг рекордини янгилашига олиб келди.
Роналду киритган 770та голлар қаторига, унинг терма жамоа сафидаги натижалари ҳам киритилади. Жаҳон чемпионатларида бош совринни қўлга киритиш бўйича Роналду ҳеч қачон Пелени ортда қолдириш насиб этмас. Aммо миллий жамоа сафида гол уриш бўйича натижалари Пеледан яхшироқ. Роналдунинг Португалия термаси билан қўлга киритган муҳим ғалабаси - Евро-2016даги олтин медал ҳисобланади. Португалиялик ҳужумчи учун Жаҳон чемпионатини ютиш учун сўнгги имконият бу Қатар-2022да ғалаба қозонишдир. Роналду ҳозиргача терма жамоаси сафида 102 марта гол уришни уддалаган ва бу боарада эронлик Али Дайидан сўнг иккинчи ўриндан жой олган.
Роналдунинг бу муваффақияти Пелени ҳам эътиборсиз қолдирмади, у Инстаграмдаги шахсий саҳифаси орқали ушбу воқейликка муносабат билдирди:
"Криштиану, ҳаёт – бу якка парвоздир. Ҳар кимнинг ўз саргузаштлари бор ва сеники эса нақадар ажойиб! Сендан завқ оламан, ўйинларингни кузатишни яхши кўраман, бу ҳеч кимга сир эмас. Расмий ўйинларда гол уриш бўйича рекордимни янгилаганинг билан табриклайман. Мени хафа қилаётган ягона нарса шуки, бугун сени қучоқлай олмайман. Бироқ, ушбу фотосуратни узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган дўстлигимиз рамзи сифатида сенга ҳурмат ила қолдираман"
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Ёши туфайли Роналду ва Месси аста-секин футбол саҳнасидан пастга тушмоқда. 16 йил ичида биринчи марта иккаласи ҳам Чемпионлар Лигаси чорак финалида қатнашмайдиган бўлишди. Ҳозирги кунда "Барселона" ва "Ювентус" жамоалари футболда гегемонлик қила оладиган жамоаларга ўхшамайди. Aйни пайтда бошқа юлдузлар секин-аста саҳнага чиқишмоқда. Биз буёғига фақатгина иккита буюк футболчидан ким устун келишини кузатишимиз мумкин.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади