"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер ва клуб ўртасидаги шартнома 2022 йил июнигача мўлжалланган. Аммо, Британия ОАВ томонлар ўртасидаги келишувни узайтириш деярли ҳал қилинган масала эканлигини ҳақида бир неча бор ёзган эди. Демак, норвегиялик ўз ўрнида қолади ва рақобатбардош жамоани яратиш устида ишлашни давом эттиради. Яқин келажакда Сульшерни ҳал қилиши керак бўлган асосий саволлардан бири жамоанинг биринчи рақамли дарвозабони ким бўлиши ҳақида. Бу жой учун Девид Де Хеа ва Дин Хендерсон ўртасида кураш кетмоқда. Келинг, ҳозир биз сизлар билан мураббий ва клуб раҳбарияти ушбу ўринга ким лойиқлигини аниқлашда, қандай жиҳатларга эътибор бериши ҳақида батафсил кўриб чиқамиз.
Молиявий ҳолат
Коронавирус пандемияси шароитида барча клублар баъзи масалаларни ҳал қилишда молиявий жиҳатларга кўпроқ эътибор беришлари керак эди. "Манчестер Юнайтед" ҳам бундан мустасно эмаслар. "Манкунианлар" раҳбарияти пандемия пайтида каттароқ суммада қарз олишди. Баъзи манбаларнинг такидлашича, клуб ҳали пулни яқин орада тўлай олмайдилар. Бундан ташқари, бугунги кунга келиб, клубнинг қарзи яна 16 фоизга ўсди ва ҳозирда 455 миллион фунт стерлингни ташкил қилмоқда. Бу "Манчестер Юнайтед" трансфер бозорида харидларини давом эттиришни режалаштираётганини инобатга олган ҳолда, шуни айтишимиз мумкинки, бу кўрсатгич янада ўсиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу шуни англатадики, раҳбарият баъзи ўйинчилар билан хайрлашиши, ёки вақтинча янги трансферларни амалга оширмай туришлари керак. Шу билан бирга яна бир муаммо клуб дарвозабони - Де Хеа. Испаниялик кипер жамоадаги энг кўп маош оладиган футболчи ҳисобланади. Яна 2 йилга мўлжалланган амалдаги шартномасига кўра, дарвозабон ҳафтасига 350 минг фунт олади. Ҳозирги шароитда битта ўйинчи учун бундай маош клуб учун катта қийинчилик туғдиради.
2020 йил август ойида "Шеффилд Юнайтед" жамоаси сафидан ижарада ўйнаётган Хендерсон қайтиб, "Манчестер Юнайтед" билан шартномасини 5 йилга узайтирди. Кўпчилик бу қарорни ғалати деб ҳисоблашди, чунки Де Хеа Сульшернинг сўзсиз ишонган дарвозабони ҳисобланар эди. Аммо, эҳтимол, Дин ўзини кўрсатиши учун имкониятларга эга бўлишини билган. Принципиал жиҳатдан бу нотўғри қарор бўлиши мумкин. Аммо, бошқа томондан қарайдиган бўлсак, ушбу шартнома кўп нарсага аниқлик киритиб беради. "Манчестер Юнайтед" ўз тарбияланувчисига қанча пул тўлаши номаълум, аммо испанияликдан бир неча баравар камлиги аниқ. Негаки, Де Хеа дунёдаги энг кўп маош оладиган дарвозабонлардан бири ҳисобланади. Дин билан имзоланган шартнома, Сульшер учун ҳам, "қизил иблислар" раҳбарияти учун ҳам тўғри қарор бўлиб чиқди. Биринчидан, англиялик дарвозабон ўзи тушган учрашувларда ишончли ҳаракат қилиб, клубига ёрдам берааётган бўлса, иккинчи томондан молиявий жиҳатдан яхши ҳолат.
Де Хеа Гарет Бэйлдан кейин энг кўп маош оладиган АПЛ футболчиси. Барча бонуслари билан футболчи йилига 20 миллион фунтдан кўпроқ маош олади. Шунча пулга арзийдими ёки йўқми, бу "Манчестер Юнайтед" аъзолари билишади. Британия ОАВ тобора кўпроқ клуб раҳбарлари испанияликни сотишга мойиллигини ёзишмоқда. Улар нафақат футболчининг маошидан тежашни, балки унинг трансферидан 40-50 миллион фунт ишлаб олишни ҳам хоҳлашади. Лекин, бу жуда катта маблағ ва кимдир ушбу суммага испаниялик дарвозабонни сотиб олиши қийин.
Баъзи манбаларда келтирилишича, "манкунианлар" посбонни бошқа клубга ижарага беришмоқчи. Де Хеанинг ўзи ҳам вақтинча жамоасини ўзгартиришга қарши эмас, лекин ҳозирда ушбу ҳолатга ҳам жиддий таклиф билан чиққан клуб номи эълон қилинмади. Миш-мишларга кўра, "Манчестер Юнайтед" раҳбарияти Давид билан ўртадаги шартномани муддатидан олдин бекор қилишга ҳам тайёр. Ҳатто бандларда кўрсатиб қўйилганидек, келишувни муддатидан олдин бузганлиги учун товон ҳам тўлашга тайёр. Аммо, якуний қарорни Сульшер қабул қилади. Ҳозирча, норвегиялик мутахасис бу ҳақида чуқур ўйламоқда.
Тажриба
Тажриба борасида, Де Хеа рақибига қараганда анча кучлироқ. Испаниялик деярли 10 йилдан буён "Манчестер Юнайтед" дарвозасини ҳимоя қилмоқда ва ҳатто бир марта Премер лигада ғолиб чиқишга муваффақ бўлди. Давиднинг ёши ҳозирда, 30 да ва бу дарвозабонлар учун нормал кўрсатгич ҳисобланади. Кўплаб мутахассислар Де Хеа ва Хендерсонни таққослаб, англиялик посбонни тажрибаси камлигини таъкидлайдилар. Аммо бунга бошқа томондан қарайдиган бўлсак, ушбу ҳолат унчалик тўғри эмас. Чунки, ўтган мавсумда Дин Чемпионшипдан Премер лигага ўтган "Шеффилд"нинг асосий дарвозабони эди.
Сўнгги Премер лига мавсумида Хендерсон ҳар бир ўйинда ўртача 0,83 гол ўтказиб юборди. Бу испаниялик сўнгги 3 мавсумда ўтказиб юборганидан камроқ. Масалан, "Шеффилд" таркибида ўйнаб юрган пайтда, "Арсенал", "Вулверхэмтон" ва "Челси"га қарши ўйинларда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган эди.
Хендерсон ушбу мавсумда барча турнирларда 20 та ўйин ўтказиб, 12 марта ўз дарвозасини дахлсизлигини сақлаб қолди. Де Хеа ҳисобига 29 та учрашув, шундан 10 таси қуруқ баҳс бўлган. Шунингдек, бошқа томондан ҳам таққослаб кўрадиган далиллар мавжуд. Хендерсон ушбу мавсумда 90 дақиқада ўртача 86,36% сейв қилган бўлса, Де Хеа бу кўрсаткич 65,48% га тенг. Испаниялик футболчи ҳар бир учрашувда ўртача 1,23 та гол ўтказмоқда, инглиз эса 0,55 та. Хендерсоннинг 90 да гол ўтқазмаслик эҳтимоли 0,13, Де Хеа эса бу кўрсаткич минус 0,13. Ўтган мавсумда Дин ушбу натижа бўйича Европанинг энг яхши бешта дарвозабонидан бири бўлган.
Натижалар
Агар Де Хеа эски дунёдаги энг тажрибали дарвозабонлардан бири бўлса, Хендерсон энг истиқболли кишилардан бири. "Шеффилд" сафидан қайтгандан кейин, Динда кучли жамоалардан етарлича таклифлар бор эди, уларнинг ҳар бирида англиялик биринчи рақамлига айланишига шубҳа йўқ эди. Бироқ, "Манчестер Юнайтед" тарбияланувчиси ўз клубига содиқ қолди ва таниқли дарвозабон рақобатидан қўрқмади. "Манкунианлар", эҳтимол, йигитнинг жасорати ва садоқатини қадрлашди. Хендерсон ҳозирда 24 ёшда, Де Хеа аллақачон 30га кириб қўйган. Эҳтимол, Дин Давидга "Манчестер Юнайтед" дарвозабонлиги ўрнини 8 йилга, балки ундан ҳам узоқроқ муддатга тортиб олган бўлиши мумкин.
"Манчестер Юнайтед" ушбу мавсумда Хендерсон дарвозасини ҳимоя қилган учрашувларда 80% ғалабага эришди. Де Хеа асосий таркибда бўлганида, бу кўрсаткич 50% ни ташкил қилади. Испаниялик футболчи билан "Юнайтед" ички чемпионатда ҳар ўйинда ўртача 1,8 очко, инглиз билан эса 2,60 очко тўплаган. Умумий бу мавсумда Де Хеа 2565 дақиқа, Хендерсон эса 1784 та ўйнади. Шу билан бирга, Дин ўртача 130 дақиқада 1 та гол, Давид эса 69 дақиқада гол ўтказиб юборди. Англиялик дарвозабон, рақибидан битта нарса бўйича орқада қолмоқда. Яъни бу голларга олиб борадиган хатолар сони. Давид 90 дақиқада 0,04, Дин эса 0,18.
Албатта Хендерсон кўп ҳолларда адашади, лекин бунга эътибор қаратиш керакми? Дин ўзининг топ клублар сафидаги биринчи мавсумини ўтказади ва жуда яхши таасурот қолдирмоқда. Масалан, Дин Европа Лигасидаги "Реал Сосьедад"га қарши иккита ўйинда, "Милан" билан жавоб учрашувида ва "Манчестер Сити"га қарши дерби учрашувида тоза ўйин намойиш этди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Ушбу ўйинларнинг барчаси "манкунианлар" учун муҳим баҳслар эди. Хендерсон захира ўриндиғида узоқ ўтирадиган одам эмас. У шартномани узайтириб, ўз клубига содиқлигини кўрсатди ва мураббийдан ҳам ўзига нисбатан шуни кутмоқда.
Сульшер тобора муҳим учрашувлар учун дарвозадан жойни ёш инглизга ишониб топширмоқда. Бу каби омиллар фонида Де Хеанинг мавсум охирида кетиши тобора яққол кўриниб турибди. Рио Фердинанд айтганидек, битта жамоада иккита биинчи рақам бўлиши мумкин эмас ва "Манчестер Юнайтед" истиқболли тарбияланувчисини йўқотиши жуда аҳмоқлик бўлади.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.