Афсонавий Жанлуиджи Буффон «Ювентус»даги шонли даврларига якун ясаган ҳолда, собиқ жамоасига қайтмоқда. Аслида келганига анча ҳам бўлди, бироқ уни кутиб олиш жараёни кутилмаган эмоционал руҳда ўтди десак янгилишмаймиз.
Энди мухлислар уни қадрдон клуби ва аҳил сафдошлари билан тасаввур қилишмайди. Қанчалик ғалати эшитилмасин энди тажрибали посбоннинг бундан кейинги фаолиятини Б Серия клубларидан бири «Парма» сафида кўришга кўникиб кетамиз, начора. Аслида Буффонга келганда ҳаётнинг барча чархпалаги тескари айлангандек, гўё ундан ҳар сафар атайин омадини тортиб олишгандек кўринаверади. Чемпионлар лигасида омади юришмаган қаҳрамонимиз ёқимтой шаҳрига қайтган бир пайтда жамоа Б Серияга равона бўлмоқда. Майлига. Балки бунинг тагида ҳам қандайдир рамзий маъно яшириндир. Нима бўлган тақдирда ҳам Буффон бугун Пармада, у нақ 20 йил ўтиб яна ўша «қизил-сариқ» либосни эгнига илади, яна ўша эски тенгдошлари билан ғалаба ва триумф ҳисларини туя бошлаган эски онларини қайта бир-сира хаёлдан ўтказади. Бу жамоанинг, айниқса у жойлашган лиганинг Жижига бегоналиги борми? - сира ҳам.
Тўғри, савияси анча паст бўлган мусобақа муҳити, ўйинчилар даражаси ва мухлислар эътибори ҳақида гап кетиши мумкин. Бироқ буларнинг ҳозир Буффонга заррача ҳам қизиғи йўқ. У бу ёшда ортиқча дабдабани хоҳламайди. У ўзи учун таниш бўлган ҳаволардан тўйганича симириб кетаверадиганлар хилидан. Айрим ўғли қатори келадиган жамоадошларининг саволларидан ҳам ортиқча хафа бўлиб юрмайди. Қайтага, юмор аралаш кулиб жавоб бериб қўяди холос: "Эҳҳ тирмизаккиналар! бу клубни А Серияга қайтадан олиб чиқишга чакана машаққат кетдими?! У пайтлар сенлар ҳали туғилмагандиларинг ҳам, ука" - шунақа.
Дарҳақиқат, «Парма»ни ўша барчага таниш эски даврларига қайтариш ва камида А Серияга олиб чиқиш учун ҳам балки ғолиблик руҳи ва курашувчанлик ҳисларини татиб кўрган ўғлонни бу ерга олиб келиш аввалдан ўйланган пухта режадир. Ҳа, бу иш амалга ошди, буюк футболчиларнинг дебют клубларига қайтиши аслида одатий ҳоллардан бири. Нима бўлган тақдирда ҳам энди Буффоннинг носталжига кўмилган ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлиш барчага қизиқ бўлса не тонг.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Буффон проффессионал фаолиятини бошлаган бир даврда «Парма»нинг ҳозирги баъзи ўйинчилари ҳатто туғилмаган ҳам эдилар.
«Мен ўша эски дамларимни эсласам ўзимга катта мотивация оламан. Мени икки хил дунё одами деса ҳам бўлаверади: "Парма"да юрган пайтим интернет йўқ, ҳатто клубнинг расмий сайтлари ҳам бўлмаган. Бироқ ҳозирчи? Бу кўпчиликка ғалати эшитилади. Иккита турлича давр синовларидан чиққан хулосалар сени фақат олдинга бошлаши мумкин. Ҳа, буни тасаввур қилиш жуда қийин», дейди Жижи.
Бу ердаги тинимсиз меҳнати ва ўз устида жиддий ишлаши оқибатида 5 йил ўтиб қаҳрамонимизнинг ҳаётида янги саҳифа очилади: 2001 йилдан энди у миллий терма жамоа аъзоси ва бироз ўтиб «Ювентус»дан келиб тушган жиддий таклиф. Ўшанда Буффон «кекса синёра» сафига 54,5 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Дарвозабонлар тарихидаги энг йирик ҳисобланган бу трансфер рекордини 17 йил ўтиб Алиссон янгилади холос (62,5 миллион).
20 йил олдинги ўспирин ва ҳозирги даҳо олдида етарлича фарқларни топиш мумкин, бироқ ички ва ташқи сийрат ҳамон ўша-ўша. У бугун жонажон шаҳрига 11 та «скудетто», бешта мамлакат кубоги ҳамда Жаҳон чемпионати олтин медали билан қайтмоқда. У бошқа йирик, гранд клублар таклифини рад этди ва якунда бу ерни танлади:
«Бу ақл бовар қилмас туйғу. Инсоннинг аввал ўзи таниш бўлган масканга қайтиши ёқимли, бу туйғуларни ҳозир сизларга тасвирлаб бера олмайман. Мен ўзимдан олдинги спортчилар қўйган қадамни ташладим. Бу қарорни анчадан бери ўйлаб юрар эдим».
Жанлуиджи ҳозир 43 ёшда. «Ювентус»нинг сўнгги 2-3 мавсумдан буён кўрсатаётган ўйинларига диққат қилсангиз, сезиларли пасайишга гувоҳ бўласиз. Роналду билан яхлит шаклланиб бораётган жамоа эски услубидан тобора воз кечиб борди, табиийки Буффонни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди десак янгилишмаймиз. Бу ёшда ҳам майдонда кўриниш бераверишига қарамай ўйинидаги пасайиш бундан буёғига кўпроқ кўзга ташланиб бораверади. Жижи ҳатто бир мавсумга Парижга ҳам бориб келишга улгурди. Аммо жонажон клуби ва Ватан соғинчи сабаб яна Италияга қайтиб келди. Бироқ шунга қарамай Пирло жуда кўп муҳим баҳсларда «кекса синёра»нинг кекса вакилига асосий таркибдан жой берди. Ваҳолангки, бу жараён ҳеч қачон эски танишлик ҳаққи ёки қариянинг ҳурматини жойига қўйиш ваъжидан эмас эди.
Қаҳрамонимиз ўз жамоасини муҳим паллаларда оғир вазиятлардан матонат билан олиб чиқди, омадсиз ўтган мавсумда росмана «жамоа ярми» бўлиб берди. Табиийки, бир мавсум учун 29 та учрашув унга ишониб топширилиши ёмон натижа эмас. А Серияни қариялар диёри дегувчилар адашишмайди. Ибра ва Рони бу ерда жавлон уриб ёшликларини эсламоқчи бўлишётганига қарамай улар сингари ўйинчиларни исталган жамоадан исталганча топиш мумкин. Бу қаторларни кўриб эса қаҳрамонимиз бир жумлани эслатиб кетади:
Ёшлик - бу ҳеч қачон рақамларга боғлиқ бўлмаган жараён. Муҳими, ғалабага ташналик йўқолмаган, дейди Буффон - фаолиятимни ўзимдан кичик аксарият рақибларимдан кейинроқ тугатишимга ишонамана. Бироқ бу борада биргина инсонни ўзимга эталон сифатида биламан. У ҳам бўлса Роналду. Криш маҳорат вақтга боғлиқ эмаслигини ҳар қадамида исботлайди. Билмадим, у қачон футболдан кетади, лекин ишончим комилки, мен ўша куни уни футболчи сифатида кузатиб қўяман (кулади).
Умуман олганда мен бир нарсани англаб етганман. Вақтнинг ўтиб бориши сенга акс таъсир кўрсатиши бор гап. 36-37 ёшимда бунданда кучлироқ бўлишим мумкинлигини ҳис қилдим. Кўпчилик сени ёшинг қирққа қараб кетяптими, бас тамом, эътиборни узишади. Бу эса умуман хато фикр, керак бўлса натижалар билан собитдир, барчаси руҳий-психологик ҳолатга боғлиқ. Ҳозир ўйинингиз пасайдими? - йўқ аксинча мен айни пайтдаги фаолиятимни 6-7 йил аввалги Жижидан устун қўйган бўлар эдим. Ҳозир анча тетикроқман. Тажриба барчаси учун калит. Бу ярим тайёргарлик дегани. Ўз формангни қандай қилиб стабил ушлаб туришинг мумкинлигини ўргатувчи ягона шахс - бу ўзинг. Бировларга тақлид қилиб ўз шахсиятингни йўқотма.
Кучли дарвозабон бўлиш учун фақатгина кучли киперлик сирлари кифоя қилмайди. Сен биринчи галда майдонни ҳис қила билишинг керак. Бу ерда доим ҳам тезкор қўлларгина вазиятни ҳал қилавермайди. Бугунги куннинг замонавий посбони оёқ билан ўйнаш маҳоратини ҳам шакллантирган бўлиши зарур. Мен 14 ёшимгача яримҳимоячи бўлиб ўйнаганман. Бу эса келгуси дарвозабонлик фаолиятимда менга катта ёрдам берди. Шерикларимни ҳис қилишим учун ҳам бу ўта қулай. Мендан шундай ўйлар ўтган: "Жижи, сен бу ерда нима қиляпсан, кимлигингни англаяпсанми? Бу ердаги вазифангни бажардингми? - ҳар гал учрашув якунига етгач мен ўзимга шу саволни қайта ва қайта бериб кўраман. Натижада шуни илғаб етдимки, Буффон 35 ёшигача ҳеч нарсага эришмапти, тушуняпсизми ҳеч нарсага! Ўсиш сурати ноль. Инсонни умрида иккита ҳаёти бўлар экан: иккинчи ҳаётингга ўтмишдаги хатоларингни идрок этгач, кириб келасан. Мен эса буни тўла ҳис қилдим. У мен учун айнан 35 дан сўнг бошланади. Ўшандан бошлаб барчасини ўзгартирдим. Жисмоний машқлар сони ошган, ўзингга бўлган аттрибут кучайган, ҳаёт эса яна қайнашда давом этаверади. Тўғри, дўстларинг билан камроқ мулоқот қилишинг мумкин, муҳими энди сен ўзинг билан кўпроқ суҳбатга кириша бошлайсан, якка мотиваторингга эга бўласан. Ўзингни тергайсан, камчиликларингни қайта кашф қиласан, асосийси етишолмаётган кемтигингни топган бўласан, энди мақсад аниқ ва тугал. Ишонавер, буёғи ўйлаганингдан ҳам силлиқ кечади. Одам тўғри ва соғлом фикрлаши эвазига исталган мақсадига жуда осон эришиши мумкин.
Дарҳақиқат, "Парма" Буффоннинг оилавий севимли жамоаси бўлган. Болалигидан тортиб у жамоасининг битта ҳам ўйинини ўтказиб юбормай кузатганини яхши эслайди. У 13 ёшида ўз орзусига эришишга муваффақ бўлди. Қизиғи, "Парма"нинг бутун тарихи давомидаги энг шонли даври айнан Жанлуиджи ҳаракат қилган ўнйилликка бориб тақалади. Жамоа 1992 йилдан эътиборан А Сериянинг стабил жамоасига айланиб борди. 1996-97 йилги мавсумда ички чемпионатдаги кумуш медаллар, турли хил қисқа йиллар мобайнида қўлга киритилган Италия кубоги ва суперкубоги, шунингдек УЕФА кубоги ва Европа кубок эгалари кубоги совринлари ўртамиёна саналган жамоа учун сенсацион оламшумул натижалар ҳисобланади.
Бунда албатта қаҳрамонимиз Буффоннинг ҳам ҳиссаси катта. Шундан сўнг "Парма" Италиянинг "Ювентус", "Милан", "Интер" каби клублари қаторида совриндор жамоалар сирасида тилга олинадиган бўлди. Ўшанда жамоада бир муддат ҳатто Каннаваро, Креспо, Зола ҳамда Тюрам каби иқтидорлар тўп сурган. Шундан сўнг эса буёғи барчага маълум, клуб банкротга учраганидан сўнг Жижи ҳам уни тарк этишга мажбур бўлди. У суюкли жамоасига борини бериб ҳаракат қилди. Энди эса фаолиятини кучлироқ жамоада давом эттиришга унинг ҳар томонлама ҳаққи бор эди.
Сен мени болалик кезларимданоқ қўлимдан тутдинг, йиқилсам ҳайдамадинг. Менга ўзлигимни танишга ёрдам бердинг. Ёш ўспиринга ҳар бир футболчи орзу қиладиган улкан титулларни улашдинг. Сен кичик Жижига «буюк» сифатингнида туҳфа этдинг.
Келақол, энди бу сафар мени навбатим. Мен сени буюклигингни қайтаришга ёрдам бераман. Барчасига биргаликда курашамиз. Сени жойинг Б Серияда эмас. Аслида бу ўринларга ҳақли эмассан. Мени фақат ўз орзуйини ушалтирмоқчи бўлган манманга йўйма. Асло! Бу отам ва бутун жамоа мухлислари орзуси, ҳар бир пармалик илтижоси, мен бу жангга шайман.
- Буффон.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади.