Нуфуз ва миқёс томонлама ҳисобланганда йилнинг энг йирик турнирлари ва эътиборга молик мусобақалар ортда қолди. Кўпчилик футбол ишқибозлари диққатини бир нуқтага қаратган Евро-2020, Копа Америка ҳамда Олимпиада баҳсларидан сўнг энди навбат яна миллий чемпионат учрашувларига! Барча мухлислар ўз суюкли жамоаларининг ўйинларини интиқлик билан кутишмоқда. Ойлаб нишонда юрган футболчилар ёки бўлмаса курсиси қимирлаб қолган мураббийлар аллақачон ўз жамоаларини ўзгартиришга улгуришди, трансфер ойнасини ларзага солган шов-шувли харидлар ҳам амалга ошганидан барчанинг хабари бор.
Биз эса бу сафар кучли бешлик чемпионатлари ичида алоҳида ўринга эга бўлган Ла Лига ва ундаги гранд жамоаларга эътиборингизни қаратамиз. Хўш, катта ўзгаришларни бошдан кечираётган клубларда аҳвол қанақа? Чемпионлик учун курашда бу гал кимнинг имкониятлари баландроқ?
Ла Лиганинг бошқа клубларидан доим бир бош устун саналган «Реал» ҳамда «Барселона» яқин икки-уч йил ичида жиддий муаммолар гирдобига тушиб қолгани ҳолда оғир даврларни бошдан кечирмоқда. Тизгин борган сари қўлдан чиқиб кетиши оқибатида ортдаги жамоаларнинг ҳам савияси шунча тез суръатда яқинлашиб келаётгани ҳам сир эмас. Бошқа томонда эса жиддий хавф - тиш-тирноғигача қуролланган «Атлетико»нинг иккинчи йил ҳам чемпионлик сари одимлашига тасодиф сифатида қаралмайди. Зеро, Симеоненинг йиллар давомида секинлик билан шаклланиб борган камтарона жамоаси бугунги кунда ваҳший армияга айланиб улгурди. «Матрасчилар» энди катта матрос ёрдамида Примьеро ғолиблиги учун росмана фаворит сифатида курашади. Зеро, улар тасодифий чемпионлик тамғасини клуб логотипидан бутунлай олиб ташлашни мақсад қилишган. Ўз етакчилари ва асосий лидерларини йўқотган «Блауграна» ҳамда Мадриднинг катта жамоаси эса мухлисларга клуб сиёсати тўғри кетаётганлигини исботлашга уриниб кўради. Хуллас, Ла Лиганинг янги мавсуми учун ортиқча анонс шарт эмас. Биз эса чемпионлик учун даъвогар асосий клубларнинг мавжуд имкониятлари ҳақида қисқача тўхталамиз.
«Барселона»
Юқорида таъкидланган оғир даврда энг қийин аҳволга тушиб қолган жамоа бу шубҳасиз, «Барселона» бўлса керак. Сабабини эса барча англаб турибди. Ўзининг кўпйиллик етакчиси ва лидеридан айрилган жамоани тезда яна чемпионлик йўлига қўшилиб олиши қийин бўлади албатта. Бутун мавсум давомида таркибда Месси йўқ дегани бу камида 30 та гол ҳам мавжуд эмас деганидир. Альтернатив ҳужумчиларнинг қай тартибда ҳозиру нозир бўлишлари бу умуман бошқа масала. Бироқ шу вазият аёнки, клуб тепасида турган раҳбарларнинг ўз манфаатлари йўлида иш тутиши кўплаб қурбонликларга олиб келади. Бунинг биргина мисоли Месси образида саҳнага чиқиб келди ва бу умумий ценарийнинг бошланиши ва охиргиси ҳам бўлиши мумкин. Чунки жорий президент Лапорта Бартамеу сингари иш тутмайди. Аммо шу аснода чўмичга чиқиб қолган доғлардан алсо кўз юмиш мумкин эмас. Леони клубни тарк этишга мажбур қилган молиявий қарзлар у кетгач ҳам силлиқ ёпилиб кетмаслиги аниқ. Келтирилган статистикалар шуни кўрсатадики, Мессисиз ҳам янги мавсумда футболчиларга ажратиладиган маошлар миқдори клуб умумий даромадининг 90%идан ҳам ошиқроқ. Янги раҳбарият бу кемтикни ёпиш йўлида жиддий миссияни йўлга қўймаса Лео каби жамоа суянчиқларидан бирма-бир айрилишда давом этаверади. Ҳа, Каталониядаги вазият шу даражада чигалки, буни 6-7 ой давомида тўла ҳал этиб бўлмайди. Йиллар давомида ўраб-чирмаб ташланган арқоннинг учини топишда ҳали Куманнинг бошида қанақа калтаклар синиши мумкинлигини тасаввур қилиш мушкул. Унинг ўзи шу йўлни танладими, ўзи аланга олган оловга киришга аҳд қилдими, демак, вазифани охирига етказмас экан «Барса» мухлисларининг азалий таънаю маломатларига дучор бўлаверади. Бироқ Куманнинг тажрибаси ва маҳоратини ҳаммамиз яхши биламиз. У бунга ўхшаш оғир паллаларда масъулиятни қандай ҳис қилишни жуда яхши ўзлаштирган. Қолаверса, бир йил давомида ўзини қийнаб келган Месси тўғони энди жамоада йўқ.
У ўзи ишонган ва иқтидорини пайқаган ўйинчилардан яйраб фойдаланиш имкониятига эга. Қолаверса, янги мавсум олдидан анча ишончли ва сермаҳсул харидлар амалга оширилди. Мавсумолди ўртоқлик учрашувлари ҳам ўзини оқламоқда. Кетма-кет қозонилаётган ғалабалар ва янги футболчиларнинг бир-бирига бўлган ишончи - буларнинг бари жамоада муҳит яхшилигидан дарак беради. Мана, Куманга раҳбарият томонидан деярли барча шароитлар яратиб берилган. Хўш у янги мавсумга қандай режалар ўйлаб топган бўлиши мумкин? Тан олиш керак, нидерландиялик мутахассис таркиб танлашда баъзи камчиликларга дуч келиши табиий ҳол. Нечадир йиллар мобайнида биргина футболчига қуриб келинган услубдан янги стилга чиқиб олиш осон бўлмайди. Бунинг устига «Барселона»нинг 12 йиллар Гвардиола томонидан асос солинган ўзагидан охирги илдиз ҳам суғуриб олинди. Янги новдани эса улкан ва мевали дарахтга айлантириш учун ғалвирни узоқ сувга ташлаб қўйишга тўғри келади. Куман ўтган йили жамоада турли хил тактик схемаларни қўллаб кўрди. 4-3-3дан тортиб, 4-2-3-1 гача. Бироқ Месси билан бўлса ҳам муҳим ўйинларда бу иш бермаган ҳолатлар кўп бўлди. Демак умумий опция анча ранг-баранг. Бироқ биринчи таркибнинг яхлит ҳужум чизиғи тўла шакллантирилмаган. Янги мавсумдачи? Ла Масиянинг иқтидорли ўспиринлари билан янги қўшилган қариялардан қанақа гармония тузса бўлади? Бу галги таркибда янги трансферлар: Гарсия, Эмерсон, Депай ҳамда Агуэроларга муқим жой қанчалик кафолатланган? Жароҳатдан қайтаётган Дембеле ҳамда Фатиларнинг таклиф этадиган соғлом рақобати оқибатида биз ҳали супер «Барселона»ни ҳам кўришимиз мумкин. Шу тариқа бу жамоа ҳақида гап кетса танганинг ҳар икки тарафи ҳам думалоқдек тасаввур уйғотаверади, олдиндан ҳеч нарсани аниқ айтиш имконсиз. Биргина йўл қўйилган кичик хатони деб бутун бир жамоа рельсдан чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Демак, қизиқарли Ла Лиганинг сирли жамоасида фойдаланиладиган тахминий таркибни эътиборингизга ҳавола этамиз: Тер Штеген; Лангле, Гарсия, Альба, Дест; Бускетс, Де Йонг, Педри; Гризманн, Депай, Дембеле. Албатта, булар шунчаки тахминлар холос. Аммо, Куманнинг танлаётган ҳар бир таркиби бундан буёғига асосий қолипни яратиб бораверади.
«Реал» Мадрид
«Реал»нинг ҳам мавсумолди муаммолари азалий рақиблариникидан қолишмайди. Кўп бўлса кўпки, сира ҳам кам эмас. «Қироллик клуби» ўтган мавсум учун иккита катта ва шу билан бирга жиддий йўқотишни бошдан кечирди. Жамоанинг кўпйиллик юраги бўлган Серхио Рамос шов-шувли тарзда «ПСЖ»га ўтганлигини эълон қилган бўлса, раҳбарият қўйган талабларни бажара олмади дея тош отилган Зидан ҳам истеъфога чиқарилди. Бу эса қаттиққўл Переснинг аёвсиз қарорлари сифатида мухлислар эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу йўлда кўпчиликнинг фикри Пересга қарши қаратилган албатта. Йўл қўйилган катта хато сифатида франциялик мураббийнинг клубдан ҳайдалиши тилга олинмоқда. Майли, у балки «Реал»ни чемпион қилиш вазифасини уддалай олмагандир, айнан унинг даврида балки футболчиларнинг ноўрин жароҳатлари кескин кўпайиб кетгандир. Бироқ айнан шу Переснинг ўзи эмасмиди жамоанинг оғир аҳволга тушиб қолган пайтида Зиданга мурожаат қилган? Зинедин эса ўзи келган ярим мавсумдан бошлабоқ жиддий миссияга киришиб кетди. Ўта минимум имкониятлардан ҳам максимал фойдаланган ҳолда «Реал»ни Роналду кетгандан бери илк марта қайта тахтга олиб чиқди. Тасаввур қиляпсизми ярим йил ичидая! Кейинги мавсумдан эса муаммолар кескин кўпайди, футболчилар орасидаги танлов қийинлашди. Кетма-кет жароҳатлар, ҳатто Зиданнинг ўзи ҳам жароҳат орттириб олди. Вазият шу даражага келдики, 11 тага етмай қолган чала таркиб Кастилья ўспиринлари билан тўлдирилди. Чуқур пандемия ва иқтисодий инқироз пайтида ҳам оқсоқланган «Реал»ни Чемпионлар лигаси ярим финалига олиб чиққан мураббийга тўғриси, етарли эҳтиром кўрсатилмади. Жамоа якунда чемпион «Атлетико»дан атиги 2 очкога ортда қолди. Бу ерда бизнингча Зиданни умуман айби йўқ. Унинг ўрнида бошқа мураббий бўлганида балки клубни бундан баттарроқ аҳволга олиб келарди, жарнинг энг тубига ташлаб қўйиши ҳам мумкин эди. Нима бўлган тақдирда ҳам таркибда энди Зидан ва Рамос номлари йўқ.
Янги мураббий янги сардор ва янгича услубда қайтадан жамоа қуради. Эл-класико учун ҳам янги авлоднинг қайноқ рақобати туфайли умидли номлар ажралиб чиқади ва бу албатта қизиқ жараён. Шунингдек, «Реал»ни тарк этганлар сафида Варан номи ҳам бор. Кўриниб турганидек, марказий ҳимоя зонасида кутилганидан кўпроқ адаптация жараёнлари кечса ажаб эмас.
Шу ўринда жамоа трансферини амалга оширган баъзи харидларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Хусусан, биринчи галда бош мураббий Анчелоттига. Карло ота ҳеч бир мадридликка бегона эмас. Италиялик мутахассис «қаймоқранг» йигитларни 2014 йилги мавсумда Европада тенгсиз қилган эди. Ўшанда қўлга киритилган 10-ЕЧЛ титули барча мухлислар томонидан анча илиқ кутиб олиниб, узоқ йиллар ёдда қоладиган бўлди. Бироқ Анчелоттининг қарашлари Зиданникидан тубдан фарқ қилади. У раҳбариятга йирик трансферлар ваъжидан баҳона тайёрлайдиган мураббий эмас. Албатта, бу ерда Зиданни бу харкатерга эга демоқчи эмасмиз, бироқ Карлода янги номларга бўлган қизиқиш юқори бўлмайди. У ўтган мавсумдаги қуроллардан янги мавсумда ҳам самарали фойдаланишни ният қилган. У марказий ҳимоя зонасида биргина Алабанинг трансферини етарли деб ҳисоблади. Шунингдек, ижарадаги Гарет Бэйл ва Мартин Эдегорларни ҳам ортга қайтарди. Хуллас, биз Анчелоттидан эски таркиб билан ҳам кутилмаган сюрпризлар кутишимиз мумкин. Борган сари очилиб келаётган Бенземадан мураббийнинг умиди катта. Унинг зиммасида энди нафақат Ла Лига тўпурарлиги, балки узоқ кутилган ЕЧЛ соврини учун ҳам масъулият турибди. Барчасини вақт кўрсатади.
«Атлетико» Мадрид
«Атлетико»дан доим ҳам мукаммал кутилмаларни талаб қилиш хато бўлади. Жамоа тежамкор ва тажрибали мураббий орқали энг максимал натижаларга эришишни ўз олдига қўяди. Шу сабабли юқоридаги икки «таги бор» клубларга қараганда бу жамоанинг назарий имкониятларини таҳлил ва тахмин қилиш мушкул эмас. Бунинг устига бу йил ҳам таркибда сезиларли ўзгаришлар бўлмади. Трансферлар хусусида тўхталсак, биргина ўша 35 миллионга харид қилинган Родриго де Пауль ҳақида гапириш мумкин холос. Дарҳақиқат, Де Пауль ўтган мавсум А Серияни супер темпда ўтказди. 27 ёшли ҳужумчи мавсум давомида 9 гол ва 12 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ўртамиёна даражадаги «Удинезе» учун бу ёмон натижа эмас албатта. Родриго ҳозир фаолиятининг ўрта қисмидан ўтиб боряпти. Энди у ўзини янада сайқаллаши учун «Атлетико» энг оптимал вариант. Мусса Дембеле ҳамда Лукас Торрейраларнинг ҳам тақдири ҳал бўлган, Саулники эса сўроқ остида. Демак, янги мавсумда Симеоне катта эҳтимол жамоани Де Пауль атрофида шакллантиради. Унинг Суарес билан тандеми «Реал» ва «Барселона»га чемпионлик йўлида ҳақиқий бошоғриқ бўлиши турган гап.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади.