«Шўртан» клуби матбуот хизмати бошлиғи Одилбек Толиповнинг Туркиядан хабер беришича, Анталиянинг Белек шаҳрида янги чемпионатга тайёргарлик кўраётган Андижоннинг «Андижон» жамоаси бугун иккинчи ўртоқлик учрашувини ўтказди.
Бу сафар Александр Аверянов бошчилигидаги «бургутлар» Швейцария чемпионатининг биринчи лига иккинчи давра баҳсларига Белекда тайёргарлик кўраётган - «Шаффхаузен» клуби билан баҳс олиб боришди.
Қизиқарли кечкан баҳсда «бургутлар» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Киритилган голларнинг иккаласига ҳам Акмал Жўрабоев муаллифлик қилди.
«Андижон» учрашувни қуйидаги таркиб билан бошлади: Л. Долимов, А. исаев, А. Половков, И. Ибрагимов, И. Маматказин, А. Якубовиский,С. Тўрақулов, И. Атаханов, И. Аҳмедов, Б. Абдурахимов, А. Жўрабоев.
Захирадан майдонга чиққанлар: А. Лактионов, Л. Нормуҳаммедов, А. Хўжаев, Д. Турсунов, А. Қаюмов.
Учрашувнинг 13-дақиқасида Иброҳим Отахоновнинг олисдан йўллаган зарбаси дарвозаси устунига тегиб қайтди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб ет иб келган Акмал Жўрабоев рақиб дарвозасини қийинчилик билан ишғол этди.
Иккинчи голда эса Ислом Аҳмедов олис масофадан дарвозани нишонга олмоқчи бўлганди, бироқ ҳимоячи тўпни қўли билан ўйнаганлиги сабабли, учрашув ҳаками пенальти белгилади. Белгиланган 11 метрли жарима тўпини Акмал Жўрабоев аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:0га етказди.
Энди «бургутлар» кейинги ўртоқлик учрашувларини 23 февраль куни Украинанинг «Оболонь» клубига қарши ўтказишади.