Жорий мавсумдаги илк «Эл-Класико» 24 октябрь куни бўлиб ўтиши режалаштитилган. Энг қизиғи, ўша куни Лига 1 доирасида «ПСЖ» - «Марсель» ва АПЛда «Манчестер Юнайтед» - «Ливерпуль» тўқнашувлари ҳам ўтказилади.
Яъни бир кун ичида майдонга Мбаппе, Месси, Неймар ва Роналду биргаликда чиқиб келади.
Энди тасаввур қиляпсиз-а? - бутун дунё футбол ихлосмандлари қандай ўйинлар гувоҳига айланишади. Албатта, ушбу муҳим кунда қайсидир маънода рамзий хусусиятлар мавжуд.
Яқинда Мадридда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Карло Анчелотти Мбаппени «ПСЖ»дан сотиб олишга раҳбариятнинг уринишлари ҳақидаги саволлардан қочишга ҳаракат қилди. У бунинг учун қўлидан келган барчасини қилди. Шунингдек, кейинчалик ундан журналистлар Мбаппесиз Ла Лига улкан овозссиз қолиши ҳақида қандай фикрдасиз деган маънода фикр сўрашди. Италиялик эса бунга салбий оҳангда жавоб қайтарди:
«Ла Лигада жуда кўп номлар ва кучли футболчилар бор», деб жавоб берди у. - «Барселона», «Атлетико» ва бошқа жамоаларда жуда кўплаб юлдузлар бор ва «Реал» ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ўн йил олдин бунга ҳеч ким шубҳаланмаган ва Ла Лига биринчи даражали юлдузлар лигаси сифатида ном қозонган. Бу ердаги жамоалар Евро турнирларда ғолиб бўлишга асосий даъвогар сифатида кўриб келинади. 2006 йилдан 2018 йилгача Чемпионлар Лигаси деярли ҳар доим «Реал» ёки «Барса» томонидан забт этиб келинган.
«Эл -Классико» сайёрадаги энг муҳим учрашув эди ва унга бўлган эътибор жаҳон чемпионати ёки Евро финалидан кам бўлмаган. 2012 йили Жозе Моуриньо шундай деган эди: «Реал Мадрид» «Барселона» билан тўқнаш келганида бутун дунё иккига бўлинарди. Ва ҳақиқат шуки: 500 миллион томошабин Месси ва Роналду дуэлини кўриш учун телевизор қаршисига михланишарди. Тўғри, ҳозир тўқнашувнинг савияси бироз пасайган, бироқ бу Ла Лигани кескин танқид қилишга етарли эмас.
Бунинг устига 2009 йилдан 2019 йилгача Ла Лига футболчиларининг «Олтин тўп» соҳибига айланишлари одатий ҳолга айланди. Лионель Месси, Криштиану Роналду ва бир марта Лука Модрич бу совринни бутун декада давомида ҳеч кимга беришмади. Ҳатто иккинчи ва учинчи ўринларда ҳам кўпинча испан футболчилари жой олишарди, хоҳ Хави, хоҳ Иньеста ёки бўлмаса Неймар...
FIFA World XI рамзий рўйхатини ҳам деярли ҳар доим «Эл -Классико» футболчилари безаб беришган. Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, 2005 йилдан буён «Барса» ва «Реал» аъзолари унда юз мартадан кўпроқ қатнашишди.
Бутун дунёдаги юлдузлар у ёки бу жамоанинг формасини кийишни орзу қилишарди. Ҳатто Премьер-лигада ғолиб бўлганлар ҳам буни алоҳида хоҳлашгани барчага маълум. Лекин вақт ўтиши билан бундай афсоналарнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетди ва уларнинг ўрнини босадиганлар энди мавжуд эмас. Хави Қатарга, Андрес Иньеста Японияга, Давид Вилья эса АҚШга учиб кетди. Роналду янги клуби сифатида «Ювентус» ни танлаб бутун дунёни ларзага келтирди, кейин эса «МЮ»га қайтди. Сўнгра Эден Азар еттинчи рақамли футболкани кўтариб кета олмади. Бу ёзда эса ҳар иккала клуб етакчилари ҳам эркин агент сифатида жамоаларидан кетишди.
Бироқ Мессининг «Барса»дан кетиши каталонияликларга оғирроқ таъсир ўтказди. Рамоснинг «Реал» дан айёрлик билан кетгани ҳам аслида катта воқелик. Бу ерда унинг жароҳатини инобатга олмаслик керак, чунки айнан у Роналду трансферидан кейин етакчига айланди. Ҳозир «Бланкос»нинг янги сардори - бу ўз позицияси бўйича тўртинчи рақамли футболчи - Марсело. Аслида амалдаги сардор - бу Бензема, лекин у бутун жавобгарликни бўйнига ололмайди. Бейл ва Азар лазаретда ётган ҳолида миллионлаб пул ишлаб топишмоқда, аммо улар томошабинларда фақат негативликни келтириб чиқаряпти. «Қаймоқранглилар»да барча машҳур футболчилар ўттиз ёшни аллақачон уриб қўйишган.
Мессисиз қолган «Барселона»да, айниқса, ёшлар билан боғлиқ муаммолар етарли. Қайсидир вундеркинд ҳали бери масъулиятни ўз бўйнига оладиган эмас. Пике, шубҳасиз етакчи - 34 ёшга тўлди. Бироқ тобора унинг танасидан қувват камайиб бормоқда. Коутиньо ва Дембеле эса «Реал»даги Азар ва Бэйл ролини бу ерда «самарали» ўтаб беришмоқда. Френки де Йонг, Тер Штеген ва Педри нисбатан ўртача формада, бироқ мухлисларнинг қониқишига етарлича ўйин кўрсатишмаяпти.
Мемфис Депай дастлабки учрашувларданоқ ўзини яхши томонлама кўрсата олди, аммо унинг муваффақияти ҳақида гапиришга ҳали эрта. «Агар ҳаммаси яхши бўлиб тугаса, Депайнинг «Барселона»си жумласини бемалол ишлата оласизми? Унда етакчилик хусусиятлари қандай шаклланган? Бу каби саволлар «кўк-анорранглилар» мухлисларини доим ташвишга солиб туради.
Жоао Фелиш «Атлетико»да суперюлдузга айланиши керак эди, ҳатто унга тўланган 127 миллион пуллар ҳам буни исботлаб туради. Лекин доимий жароҳатлари бунга тўсқинлик қилди.
Луис Суарес - ҳақиқий юлдуз, лекин у 34 ёшда ва уни олдиндан кучли формасини ушлаб туришига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Янги стадионга кўчиб ўтгандан сўнг, амалдаги чемпионлар аввалгидан кўра кўпроқ томошабинларни жалб қилмоқда. Аксинча »Реал« ва »Барса«да ўйнайдиган юлдузлар камроқ бўлишига қарамай, бу мухлислар қамровига унчалик таъсир қилмаган.
Сўнгги йилларда «Сантьяго Бернабеу»га ташриф буюришлар сони доимий равишда камайиб бормоқда. Айниқса, Роналду кетганидан кейин бу кўрсаткичлар жуда ҳам билиниб қолди. Португалсиз ўтган биринчи учрашув - «Хетафе»га қарши 2:0 ҳисобида «Реал»нинг фойдаси билан якунланган. Томошабинлар сони эса рекорд даражада пастлади. (48446).
Мессининг кетиши ҳам худди шу типда жамоага салбий таъсир ўтказди. Статистик маълумотларга кўра нақ 26 мингта чипта эгаси янги мавсумда стадионга киришдан бош тортган. Бу эса клуб учун 40 миллион еврога яқин зарар келтирди.
Томошабинлар камлиги албатта клуб товарларининг сотилиш фоизларига таъсир ўтказмай қолмайди. Табиийки, ҳомийлар ва клуб дўкони эгалари бундан камроқ фойда олишни бошлайди. Бу тенденция «Барселона»нинг Суперлига лойиҳасига қўшилишга сабаб бўлган. Ва у ҳали ҳам амалда.
Ўтган сафарги трансферлар ойнаси биргина Ла Лига учун эмас, балки тарихдаги энг қизиқарли ва кутилмаган воқеаларга айланди. «ПСЖ», «Манчестер Сити», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» ўз хоҳишларига кўра пул сарфлашди, «Реал» ва «Барса» эса асосан текин трансферлар билан чекланишди. «Реал Мадрид» 16 йил давомида энг кўп қилинган трансферлар бўйича рекорд ўрнатди. «Барселона» ҳам 2017, 2018 ва 2019 йилларда ҳар бир ўйинчи учун 100 миллион евродан кўпроқ маблаг сарфлаган.
Энди асосий маблағлар ва бонусларнинг Ла Лига ҳисоб рақамига тушиши кескин пасаяди ва буни футболчиларнинг ўзлари ҳам яхши тушуниб туришибди. «Райо Вальекано» яримҳимоячиси, «Уотфорд» ва «Фиорентина»нинг собиқ ўйинчиси Марио Суарес Роналдунинг трансферига муносабат билдирди: «Премьер-лига энди янги поғонага кўтарилди», лигага пуллар оқиб келишини энди кўринг», - дейди футболчи.
Мбаппенинг келиши эса ҳамма нарсани фожиали тарзда қайтадан бўямасликка имкон беради - унинг юлдузлик мақоми шубҳасиз анча юқори поғонада. Инстаграмдаги обуначилар сони ҳам ёмон эмас. Роналдуда 336 миллион, Мессида 276, Неймарда 159 ва Мбаппеда 57 миллион кузатувчж мавуд. Бироқ унинг ёшида юқоридаги 3 футболчи бу сингари рақамларга эга бўлмаган. Биргина Суарес ва Бенземанинг 42 миллион мухлиси бор, Пикеда бу кўрсаткич19 миллион. Мбаппе эса 22 ёшида ҳаммасидан ўзиб кетди. Бекорга унинг жорий нархи 180 миллион евро эмас.
Ла Лига президенти Хавьер Тебас ёзда Мессининг жамоадан кетмаслигига умид қилганди, аммо чемпионатдаги катта номлар Леони лиганинг кучига катта таъсир қилмаслиги керак дея таъкидлашди. Бу ерда Месси албатта барча клубларнинг рақобатбардошлик даражасини ҳисобга олган ва ўз шахсий қарорини дадил қабул қила олди. Бизнингча ҳам бу энг оптимал йўл. Аммо биз ҳозирча Ла Лиганинг «юзи» ким деган саволга жавоб бера олмаймиз. Гризманн? Бензема? Симеоне? Камдан-кам ҳолларда биргина трансфер бутун лигага катта таъсир кўрсатади, лекин Мбаппени сотиб олиш «Реал»ни топ клубга айлантиришини инкор этиб бўлмайди. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади