Ўйин амалиётига эга бўлмагани учун «Манчестер Юнайтед»ни тарк этишга яқин турган голландиялик яримҳимоячи Донни ван де Бек фаолиятини қайси клубда давом эттириши борасида бир қарорга келди.
Defensa Central нашри хабарига кўра, яримҳимоячи «Реал»га ўтмоқчи. Ван де Бек аллақачон ўз агентидан «қироллик клуби» раҳбарияти билан музокара ўтказишни сўраган.
Донни ўтган йили «қизил иблислар» лагерига Амстердамнинг «Аякс» клубидан кўчиб ўтганди. Жорий мавсумда голландиялик атиги учта учрашувда иштирок этди.
Трансфермаркт портали маълумотларига кўра, ван де Бек 25 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган.