Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

«Пахтакор» рақиби — «Ал-Иттиҳод»

Баҳо:
+ | -

ОЧЛнинг биринчи туридаги "Пахтакор" рақиби ҳақида маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.

«АЛ ИТТИҲОД» СПОРТ КЛУБИ
Тўлиқ номи: «Иттиҳод» спорт клуби.
Лақаблари: «Итти», «Катталар», «Осиё йўлбарслари»
Ташкил топган йили: 1927
Стадиони: Шаҳзода Абдулла ал Файсал, 16500 томошабинга мўлжалланган.
Менежери: Муҳаммад Бин Дахел
Бош мураббийи: Рауль Канеда (Испания)
Эришган ютуқлари: 8 бор Саудия чемпиони (1982, 1997, 1999, 2000, 2001, 2003, 2007, 2008), 6 бор Қирол Кубоги соҳиби (1958, 1959, 1960, 1963, 1967, 1988), 7 бор Шаҳзода Кубоги соҳиби (1958, 1959, 1963, 1991, 1997, 2001, 2004), 3 бор Федерация Кубоги соҳиби (1986, 1997, 1999), 6 бор Ал Мусваф Кубоги соҳиби  (1964, 1987, 1990, 1991, 1994, 1995), 2 бор Осиё чемпионлар Лигаси ғолиби (2004, 2005), 1 бор Осиё Кубок эгалари Кубоги ғолиби (1999), Араб чемпионлар Лигаси ғолиби (2005), 2 бор Саудия-Миср Суперкубоги ғолиби (2001, 2003), 1 бор Кўрфаз мамлакатлари чемпионлари Кубоги соҳиби (1999).

Бу клуб 1927 йилда ташкил этилган бўлиб, Саудия Арабистонидаги энг ёши катта жамоалардан бири саналади. "Ал Иттиҳод" -  Саудияда энг таниқли ва кўп мухлисларга эга бўлган клуб. Бу жамоани ташкил этишда жиддалик бир гуруҳ ёшлар фаоллик кўрсатишган. 1926 йилда бошланган ҳаракатлар самараси ўлароқ орадан бир йил ўтмасдан жамоа ўз фаолиятини бошлайди. Ўша гуруҳ бошида Ҳамза Фитаиҳи, Абдулсамад Нажиб, Исмоил Заҳран сингари инсонлар бўлган. Номни эса Абдул Азиз Жамил ўйлаб топган. Ушбу ном ўзбекчада "бирлашма" маъносини англатади. Илк учрашувини 1929 йилда "Риёдхи" билан ўтказган "Иттиҳод" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, жамоа 1957 йилгача йирик мусобақаларда иштирок этмаган. Саудия Арабистони Футбол Федерацияси ташкил топгандан сўнггина ўша йил ўтказилган «Қирол Кубоги"да иштирок этган. Биринчи совринига 1958 йилда сазовор бўлишнинг уддасидан чиққан "Ал Иттиҳод" биратўла икки мусобақада зафар қучган. "Қирол Кубоги"дан сўнг ғалаба "Шаҳзода Кубоги"да ҳам давом эттирилган.

"Ал Иттиҳод" асосан 1990-йилларнинг иккинчи ярмидан кучайишни бошлаб юборди. Хориждан таклиф этилган моҳир футболчилар жамоа ўйинини кучайтириш билан бирга ўсиб келаётган ёш авлоднинг тушунчаларини ижобий томонга ўзгартиришди. Клуб қўлга киритган совринларнинг асосий қисми 1997 йилдан кейинги тўғри келади. Осиё чемпионлар Лигасида ҳам ҳозирга қадар энг кўп ғолиб чиққан клуб Жидда шаҳри жамоаси бўлиб турибди. 2004 ва 2005 йилги мусобақаларда "Ал Иттиҳод" финалларда Жанубий Кореянинг "Сеонгнам Чунма" ва БААнинг "Ал Айн" жамоаларини доғда қолдирган. Айниқса, дастлабки муваффақият қитъа бўйлаб катта эътиборга сазовор бўлганди. Ўшанда ўз майдонида корейсларга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган жиддаликлар жавоб учрашувида шу қадар шиддатли ва ҳужумкор ўйин кўрсатишган эдики, уларни тўхтатиб қолишнинг уддасидан "Сеонгнам Чунма" футболчилари умуман чиқа олмаганди. 5:0 ҳисобида шов-шувли ғалабани қўлга киритган чемпионга аталган Кубокни ҳам ўзиники қилиб олганди. Кейинги мавсумда эса ўз ғолиблигини муносиб ҳимоя қилишга ҳам муваффақ бўлган. Турнирнинг биринчи ғолиби "Ал Айн"ни икки ўйин натижасига кўра 5:3 ҳисобида енгган саудияликлар иккинчи марта чемпионлар Лигасида зафар қучган биринчи жамоага айланганди. 2009 йил эса финалда «Похан Стилерс»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Кейинги икки мавсумда эса жиддаликлар финалгача ҳам етиб бора олишгани йўқ. Ўтган йили ярим финалда «Чонбук Моторс»га икки учрашув натижасига кўра ютқазиб қўйилди.

Жамоа Осиёдаги энг бадавлат клублардан бири ҳисобланади. Ҳар мавсумда ҳомийлар билан шартномалардан кўплаб миллион миқдордаги маблағ «Иттиҳод» ҳисоб рақамига келиб тушади. Бироқ ушбу мавсумда жиддаликларнинг омади юришмаяпти. Чунки жиддаликлар миллий чемпионатда пешқадамдан катта фарқ билан ортда қолиб кетишди. Бундай ҳолат яқин орада умуман кузатилмаганди. Ўртамиёна жамоалар ҳам бемалол «Иттиҳод» майдонидан ғалаба билан қайтишяпти. Шу сабабли ҳам йил бошидан буён икки мураббий алмаштирилди. Словениялик Матьяж Кэк истеъфога чиқарилгач, вақтинчалик Абдуллоҳ ғураб буни уддалади. Февраль ойининг охирларида эса испаниялик Рауль Канеда Жиддага таклиф қилинди. У аввал «Альмерия»да ёрдамчи сифатида фаолият юритган. Канеданинг дебюти 2 март куни чемпионат доирасидаги учрашувга тўғри келди. Саудия пролигасида «Ал Шабаб», «Ал Аҳли» ҳамда «Ал Ҳилол» бошқалардан анча ўзиб кетишга улгурган. «Иттиҳод» эса 20 ўйиндан кейин 25 очко тўплаган ҳолда 7-ўринда бормоқда. Жиддаликлар кучли тўртликдан жой олиш учун имкониятдан маҳрум бўлиб улгуришган. Шунинг учун Канеда бошчилигидаги жамоа асосий эътиборини Осиё Чемпионлар лигасига қаратиши аниқ. Жидда клубида халқаро майдонларда ўйнаш тажрибаси етарли эканлигини ҳисобга олсак, уларнинг бунга имкониятлари етарли. «Пахтакор» эса имкон қадар ғалаба билан қайтишга уриниб кўради. Ҳозирга қадар ўзбек клубларининг меҳмонда Саудия Арабистони жамоалари устидан эришган муваффақияти айнан «шерлар»га тегишли бўлиб турибди.

Жамоадаги легионерларнинг барчаси терма жамоа аъзолари саналади. Мисрлик Ҳусни Абдрабуни кўпчилик яхши танийди. У 2008 йил Африка Кубогининг энг яхши футболчисига айланган. Ярим ҳимояда ҳужумларни ажойиб тарзда ташкил қилиши билан ажралиб туради. Баҳрайнлик Абдуллоҳ Умар, конголик Фабрис Ондама ва марокашлик Фавзи Абдулғни ҳам ўз терма жамоалари таркибига жалб этиб турилишади. Марокашлик ҳужумчи Португалиянинг «Витория» клубидан ижарага олинди.

Дарвозабонлар
1.Мабрук Зайд
22. Фаваз Қарни
28. Али Ал Мазяди
Ҳимоячилар
2. Рашид Раҳаб
4. Ридха Тукар
5. Осама Муваллад
6. Муҳаммад Амри
13. Муҳаммад Салим
16. Мишал Саид
19. Салоҳ Сақри
21. Ҳамад Монташари
24. Абдуллоҳ Мажраши
Ярим ҳимоячилар
8. Манаф Абушгир
12. Маан Алховдури
14. Сауд Карири
18. Муҳаммад Нур
23. Муҳаммад Абусаббан
27. Хаттан Баҳебри
9. Наиф Ҳазази
30. Султон Намри
31. Али Зубайди
37. Аҳмад Абобад
42. Абдуллоҳ Умар (Баҳрайн)
44. Ҳусни Абдрабу (Миср)
Ҳужумчилар
11. Муҳаммад Ал Рашид
15. Умар Султон
26. Яҳё Дағрири
34. Моҳанад Оват
35. Фабрис Ондама (Конго)
40. Фавзи Абделғни (Марокаш)
46. Фаҳад Ал Мовалад

Манба: www.pakhtakor.uz
Киритилди: 09:40, 04.03.2012.
Ўқилди: 9353 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.