Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Одил Аҳмедов: «Хиддинк «Шундай ўйнашда давом этсанг, Европада ўйнайсан!» деди»

Баҳо:
+1 | -

“Одил Аҳмедов ҳақида илк марта 2011 йил январь ойида эшитгандим. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сенсацион тарзда  Осиё кубогининг ярим финалигача етиб борганидан кейин Вадим Абрамовга қўнғироқ қилгандим ва мусобақанинг энг яхши футболчиси Кейсуке Хонда ҳақида сўрагандим”, дея ёзади “Спорт-Экспресс” мухбири Александр Кружков.

— Одил Аҳмедов турганида қанақа Хонда? — мураббийнинг қичқириғидан трубка ёрилиб кетай деганди. — Ҳақиқий кашфиёт у! Иккита ажойиб гол урди! Зўр ўйнади! Таянч ярим ҳимоячиси бўлса-да, таркибдаги муаммолар туфайли мен уни марказий ҳимояга қўйишга мажбур бўлдим...

Тез орада сирли Одил Махачқалъада пайдо бўлди. Клубда легионерлар, мураббийлар, тактик схемалар ўзгарди, аммо Аҳмедов ҳамиша ўйнашда давом этди. Айнан у “Анжи” сафида якунланаётган жуда оғир мавсумда барчадан кўп ўйин ўтказди.

“АНЖИ” УЧУН ДЎППИ
— Қизил майдонда Ғалаба кунига бағишлаб ўтказилган парад якунланяпти. Ўзбекистонда эса бу кун адашмасам Хотира ва қадрлаш куни экан.
— Ҳа. Байрам куни номи ўзгарган бўлса-да, бу катта байрам. Уруш йилларида ҳалок бўлганларни ўзбекистонликлар унутишмайди. Менинг оиламдан эса ҳеч ким фронтда бўлмаган.

— Ота-онангизнинг касби нима?
— Отам бироз муддат футбол ўйнаган, кейин эса автомобилларга техник хизмат кўрсатиш марказида инженер бўлиб ишлаган. Онам эса уй бекаси сифатида фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган. Наманганда 3 нафар ака-укам ва синглим бор.

— Грузинлар хорижга йўл олишаётганида ўзлари билан Ватан тупроғини, бразилияликлар эса ловия оволишади. Ўзбеклар-чи?
 — Қозон. Паловни нимададир пишириш керак-ку!

— Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган дарвозабон Алексей Поляков айтиб берганди: у Тошкентга борганида Миржалол Қосимов уни сахар соат 5да ошга таклиф қилган экан. Сизларда анъана шунақа экан. Лекин нега бунча эрта?!
— Кун исиб кетгунча улгуриш учун. Кимнингдир туғилган куни ёки тўйи бўлса эркаклар наҳорги ош учун йиғилишади. Ош еб, кейин яхши кайфиятда ўз ишлари бўйича тарқалишади.

— Яна бир ўзбек урф-одати ҳақида. Чемпионат бошланишидан аввал ҳар бир жамоа майдон четида қўй сўйишадими?
— Ҳа. Домла келади ва қуръон ўқийди. Кейин қурбонлик қилинади. Кичик чуқурчага қўйнинг қони оқизилади. Кейин барча ушбу қонни қўлига, оёғига, бутсасига суртади. Мавсум омадли ва жароҳатларсиз ўтиши учун ният қилинади. Ҳаттоки Сколари ва Ривалдо ҳам “Бунёдкор”да шундай қилишган.

— Қўйни ким сўяди.
— Қассоб ёки домланинг ўзи.

— “Анжи”да шундай урфни амалга оширмадингизми?
— Бу ерда негадир ноқулай. Келаси мавсум олдидан йигитларга буни таклиф қиламан. Жамоада мусулмонлар анчагина. Балки рози бўлишар.

— “Анжи” сайтида Жирков билан бирга дўппи кийиб тушган расмингизга кўзим тушди. Юра дўппини қаердан олганди?
— 25 ноябрь куни менинг туғилган куним бўлганди. Барчани ўзбек ресторанига таклиф қилдим. Фақат Это’О оилавий шароитига кўра кела олмаганди. Кеча сўнгида йигитларга Ўзбекитондан махсус келтирилган дўппиларни совға қилдим. Ушбу дўппини кийиб суратга тушдим. Орадан 2 кун ўтиб ЦСКАни 2:1 ҳисобида мағлуб этдик.

— Москвада худди уйдагидек яхши ош тайёрлайдиган ресторан топдингизми?
— Шаҳарда ўзбек ресторанлари кўп. Менга кўпроқ “Ўрик”даги ош ёқди. Дарвоқе, ушбу ресторан менежери эса таниш чиқиб қолди — у ҳам Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган.

ҲАЙДАРОВ ВА ТОЖИЕВ
— 2009 йили Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлганингизда, сизга “Лэндкрузер” совға қилишганди. 2011 йилда ҳам яна бир марта энг яхши деб топилдингиз. Бу сафар қандай совға олдингиз?
— Ўшанда менга машинани “Пахтакор” президенти совға қилганди. Ҳозир эса “Анжи” футболчисиман. Шунинг учун фақат Кубок ва фахрий ёрлиқ олдим.

— Баҳорда Россия футбол майдонлари расво бўлади. Ўзбекистонда ҳам шундай майдонларда ўйнашга тўғри келганми?
— Бизда ҳам март ойида майдонлар идеал ҳолатдан узоқ бўлади. Лекин бунчалик ёмон ҳолат эмас. Ҳар ҳолда бизнинг иқлим бироз юмшоқроқ.

— Ўзбекистон чемпионатида энг машақққатли сафар қайси?
— Нукус жамоаси Олий лигага чиққанда, бўлганди. Тошкентдан 1200 километр узоқликда. У ёққа самолётда борардик ва қайтишга кечки рейс бўлмагани учун вақтни бекор ўтказмасдан ортга автобусда қайтардик.

— Узоқ йўл юрармидинглар?
— 12 соатдан кам эмас. Фарғона водийсидаги 3та жамоага эса автобусда етиб боришнинг иложи йўқ.

— Нима учун?
— Автобусда юриш ҳаддан ташқари хавфли. Йўл хавфли довон орқали ўтгани учун у ерда катта автобусларнинг ҳаракати учун рухсат берилмаган. Кичик автобус ёки таксида етиб бориш мумкин. Агар самолёт учун жамоанинг пули бўлмаса, бир нечта автомобилларни ижарага олиб, ўйинга борилади.

— Дейлик, Герман Ткаченко эртага олдингизга келиб: “Биз “Анжи”га икки нафар ўзбек футболчисини олмоқчимиз”, деса, кимни тавсия қилган бўлардингиз?
— Қанот ҳимоячиси Камолиддин Тожиев ва марказий ярим ҳимоячи Азиз Ҳайдаровни. Ишончим комил, ҳар иккаласи “Анжи”да “йўқолиб” қолишмасди. Осиё кубогидан кейин терма жамоамизнинг 8 нафар футболчиси хорижга йўл олишди. Азизни Ростов ва Нальчикка таклиф қилишганди, аммо у Амирлик клуби билан келишиб қўйганди. Камол эса Хитойда ўйнамоқда.

— Терма жамоа билан Осиёнинг ярмини кезиб чиққан бўлсангиз керак?
— Ундан ҳам кўпроғини. Масалан, жаҳон чемпионатининг аввалги циклида биз билан Австралия бир гуруҳга тушгандик. У ерга учиб бориш — даҳшат! Малайзиягача 8 соат, кейин 3 соат заправка ва яна 10 соат Мельбурнгача парвоз. Лекин мамлакат жудаям чиройли, Шимолий Корея эса...

— У ернинг нимаси ёқмади?
— Ҳамма нарса! Аэропортда биздан ноутбук, мобиль телефон, айпад, ташқи дунё билан боғловчи ҳар қандай алоқа воситасини олиб қўйишди. Пхеньян — ҳароба шаҳар. Бир хил кўринишдаги кулранг бинолар. Кореяликлар кўчада саф билан юришади, деярли барчаси бир хил — яшил кастюмда. Машиналар кам, асосан велосипед минишади.

— Магазинга кирдингизми?
— Йўқ. Меҳмонхонадан чиқишни тақиқлаб қўйишди. Кореяликлар ғалати мухлислик қилишаркан. Корея терма жамоаси тўп билан муомала қилганда — бақиришади, қўллаб-қувватлашади. Тўп бизга ўтганда эса мутлақо жимжитлик. Тасавур қилинг: стадион тўла, эллик минг одам — барчаси жим. Тўп кореяликка тушиши билан яна бақиришади.

— Ўзбекистонни қачон жаҳон чемпионатида кўрамиз?
— Умид қиламан, икки йилдан кейин Бразилияда. 20 май куни Эрон ва Ливанга қарши ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз. Шунинг учун кам дам оламан. Ливанда 8 июнь куни ўйнаймиз, 15 июнь куни эса “Анжи” таътилдан қайтади.

— Балки клуб ҳолатингизни тушуниб, таътилни ҳеч бўлмаганда яна бир ҳафтага узайтирар?
— Яхши бўларди! Лекин ҳали Хиддинк билан бу ҳақда гаплашмадик.

“ҲАЛИ ҚИЗИЛ КАРТОЧКА ОЛМАГАНМАН!”
— Гус сизни нимаси билан ҳайрон қолдирди?
— Танишгунимизга қадар мен уни кеккайган ва ўзига бино қўйган инсон деб ўйларим. Маълум бўлишича, у жуда меҳрибон, очиқкўнгил ва қувноқ инсон экан. У билан тил топишиш қийин эмас. Икки ҳафта олдин “Локомотив”ни 3:1 ҳисобида енгганимиздан кейин Хиддинк елкамдан қоқиб қўйди ва: “Шундай ўйнашда давом этсанг, Европада ўйнайсан!” деди. Бундай мураббийдан шундай фикр эшитиш — жуда қадрли.

— Миш-мишларга кўра, "Арсенал" клуби сизга қизиқаётган эди, охирги олти ой давомида ушбу қизиқиш ижобий томонга ўзгардими?
— Йўқ.

— Одил, хафа бўлманг. Александр Глебнинг айтишича, Венгер ўйинчини узоқ вақт кузатаркан. У ҳақда ҳамма нарсани билишга ҳаракат қилади, унинг характерини ўрганади...
— Мен ҳам бу ҳақда эшитдим. Венгер учун нафақат футболчининг маҳорати, балки унинг барқарорлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Футболчини сотиб олишдан аввал уни 2-3 йил кузатиши ҳам мумкин. “Анжи”да эса мени ҳозирча барча нарса қаноатлантирмоқда. Ҳеч қаёққа кетишга шошилмаяпман. “Арсенал”нинг акционерларидан бири Алишер Усмонов наманганлик бўлгани учун ҳам бу клубга ўтишим ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлаётгандир.

— У билан танишмисиз?
— Йўқ ҳали.

— Это’О айтиб берган воқеалардан Жирковнинг ёдида камерунлик футболчини “Реал”да менсишмагани ва уни аэропортда кутиб олишмагани ҳақидагиси ёдда қолибди. Сизда-чи?
— Это’О “Мальорка” сафида “Реал”га қарши ўйнаганида, уни Роберто Карлос таъқиб қилган экан. Ўшанда у: “Унга қарадим ва ўйладим — шошмай тур, вақти келиб мен ҳам сен билан бир хил савияда бўламан”, деганди. Ўшанда Сэм амбицияси улкан йигит бўлган. Ўз олдига Роберто Карлосдек юлдуз бўлишни қўйди ва ўз мақсадига эришди. Эътиборга молик ҳолат, шундай эмасми?

— Албатта! Краснодардаги стадион трибунаси остида Это’О ва Жирков ўртасида келишмовчилик юзага келган пайтда сиз қаерда эдингиз?
— Бу келишмовчилик эмас, учраб турадиган ҳолат. Ўйиндан кейин йигитлар юқори оҳангда гаплашишган. Бундай ҳолат барчада бўлади. Мен бу пайтда кийиниш хонасида эдим. У ерда Юра ва Сэм бир-бирларининг қўлларини сиқиб қўйишганини кўрдим. Жамоа бу воқеани аллақачон унутиб юборишган.

— Премьер-лигадаги таянч ярим ҳимоячиларидан қайси бири сиз учун биринчи рақамли ҳисобланади.
— Денисов. Унга қарши ўйнаш ҳамиша қийин. У кескин ўйнайди, ютқазишни истамайди ва тартибли ҳаракат қилади.

— Ўз ҳақингизда гапиргандек бўлдингиз.
— Мен ҳаётда хотиржам инсонман. Майдонда эса ҳиссиётларимни жиловлай олмайман. Шунга қарамай, қўпол қоида бузишлардан ўзимни тийишга ҳаракат қиламан. Фаолиятим давомида бирор марта ҳам қизил карточка олмаганимдан фахрланаман.

— Тошкентда ҳар ҳафта театрга боришингиз ҳақида айтиб ўтгандингиз. Москва театрларига боришга улгурдингизми?
— Афсуски, йўқ. Баъзан машғулотлар, баъзан тирбандликлар. Мен шаҳарга кам чиқаман. Уйга Ўзбекистондан қадрдонларим, дўстларим келишганида уларга Қизил майдон, Воробьев тоғларини кўрсатишга чиқаман.

— Марказга яқинроқ жойга кўчиб келишни истамайсизми?
— Йўқ. Новорязанск шоссесидаги поселкада яшайман. Базагача 20 минутлик йўл. Москвадан йигитлар баъзан 3 соатда етиб келишади. Энг асосийси бу ер тинч, атроф ўрмон. Оилали киши учун бу — энг асосийси.

— Адашмасам, икки нафар фарзандингиз бор.
— Ҳа, Беҳруз ва Шоҳруз. Улар аёлим билан бирга ҳозир Наманганда Уларни жудаям соғиндим.

— Сиз кўпболали оилада туғилгансиз. Иккита бола билан чекланиб қолмасангиз керак а?
— Худонинг бергани бўлади. Ўзим учун эса шундай қарорга келдим: иккита кам, тўртта — айни муддао!

Манба: www.sport-express.ru
Киритилди: 12:38, 12.05.2012.
Ўқилди: 9593 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.