Таиланднинг «Бурирам» жамоасида тўп сурган ҳамюртимиз Асқар Жадигеров яқинда у ердан қайтиб келди. Шу заҳотиёқ унга «Андижон» клуби яна қизиқиш билан қарай бошлади. Биласиз, Жадигеров учун бу жамоа бегона эмас. Бунгача Асқар андижонликлар сафида бир-биридан ажойиб ўйинларни ўтказган ва мухлисларда ширин хотиралар қолдирганди.
Боз устига у собиқ жамоаси учун бефарқ эмасди. Натижада унинг 24 май куни Андижонга келиши ва Ўзбекистон Кубоги доирасида «Олмалиқ»қа қарши ўйинни томоша қилиши кутилганди. Аммо маълум сабабларга кўра ўйинга етиб кела олмади. Аммо эртаси куни Жадигеров Андижонга етиб келди. Табиийки, футболчи клубнинг ижрочи директори Позилжон Мирзаев билан учрашди. Жамоанинг бугунги ҳолати бўйича етарлича маълумотларга эга бўлди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Асқарга бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.
- Мухлислар ҳалигача сизни «Андижон»да кўрсатган ўйинларингнизни мароқ билан эслаб юрадилар. Менимча собиқ жамоангиз қайд этаётган натижалардан хабардор бўлсангиз керак?
- Мен доимий равишда интернет орқали «Андижон»нинг натижаларини кузатиб бордим. Очиғини айтганда, ҳозирги эгаллаб турган ўрни жамоа учун мос келмайди. Билишмча, охирги учрашувларда ўз ўйинини топиб боряпти. Балки футболчилар бир-бирини яхши тушуниб ўйнашаётгандир. Мағлубиятга учраган пайтларида мен ҳам қайғурдим.
- Бунгача «Андижон»да икки марта келиб ўйнагансиз. Айтингчи, ўша пайтларни эсга олганда нималар ҳаёлингиздан ўтади?
- Биринчи навбатда табиийки, ашаддий мухлисларни айтган бўлардим. Мисол учун «Бурирам» клубида ҳам худди андижонлик ишқибозларга ўхшаб жонкуярлик билан мухлислик қилишади. Қолаверса, «Андижон»даги ички муҳит ҳам жуда ажойиб эди. Футболчилар доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб турардилар. Менинг шу даражага етишишимда албатта бу жамоанинг ўрни катта.
- Демак, сиз учун ҳам «Андижон» трамплин вазифасини ўтаб берган, шундайми?
- Ҳа, шундай деса ҳам бўлади. «Андижон» орқали яхши савияда ўйнаб кета олдим. Айнан у ердаги ўйинларимдан кейин мени «Пахтакор»га чақиришди. Кейин эса «Бунёдкор»га ўтдим.
- Шуни алоҳида айтиш жоизки, «Андижон»да ҳақиқий етакчи эдингиз ва кўп ҳолатларда жамоа ўйини сиз орқали ташкил этиларди. «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»даги фаолиятингиз билан «Андижон»даги фаолиятингизни солиштирганда қандайдир тафовут борми?
- «Андижон»даги ўйинларимни «Пахтакор»да ҳам, «Бунёдкор»да ҳам кўрсата олмадим. Масалан, бу ерда мураббийлар менга шундай кўрсатма беришардики, тўпни бемалол ўзимда назорат қилиб юрардим. «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»да эса тўпни олишим биланоқ кимгадир узатиб юборишим керак эди. Яъни, тактика томондан яхши мослаша олмадим. Мен мураббийларни айбламоқчи эмасман. Фақат жамоа ўйинига унчалик мос тушмадим. Яширмайман, «Андижон»да ўзимни анча эркин ҳис қилардим. Аммо у ерда эркин ҳис қилдим деб айта олмайман.
-Демак, бу ҳолатни фаолиятингизда ўзига яраша хатолик ёки камчилик деб ҳисобласак бўладими?
- Шунчаки бу ўзимнинг хатоим эди. Ўзбекистондаги ҳар бир футболчи «Пахтакор»да ёки «Бунёдкор»да ўйнашни орзу қилади. Лекин мен бу клубларда тўп суриб ўз ўйинимни топа олмадим. Юқорида айтганимдек, тактик жиҳатдан мос тушмадим. Шунга қарамасдан Ўзбекистоннинг етакчи жамоалари учун тўп сурганимдан хурсандман.
- «Бурирам» клубидаги фаолиятингиз хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Тўғрисини айтсам, «Бурирам»да ўзимни худди «Андижон»дагидек ҳис қилдим. Ўйин пайтидаги муҳит ҳам жуда ажойиб эди. Мухлислар тинимсиз равишда бизни қўллаб турардилар. «Андижон»даги стадионда 18-сектор ҳақиқий фанатларники ва улар ўйин охиригача олқишлаб туришади. У ерда эса барча секторларни худди 18-сектор каби фаол дейишим мумкин. Ўйиндан аввал гимн айтамиз. Мухлислар билан биргаликда ижро этилади. Ҳаттоки, мен ҳам гимнни сўзларини билиб қўшилишиб айтадиган бўлиб қолгандим. Одамлар айтиши мумкин, унда нега ярим йилдаёқ қайтиб келди деб. Мен Таиланддан кетишга мажбур бўлдим.
- Дарҳақиқат янги чемпионатдаги фаолиятингиз бир мунча омадли бошланганди. Осиё чемпионлар Лигасида «Бурирам» сафидаги илк ўйиндаёқ гол уришга эришдингиз. Бу сиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлдими?
- Ростдан ҳам мен анчадан бери чемпионлар Лигасида гол урмагандим. Нафақат чемпионлар Лигасида, балки Ўзбекистон миллий чемпоинатида ҳам гол урганимни эсдан чиқариб қўяётгандим. Хуллас, «Бурирам» таркибида халқаро майдонда тўп киритганимдан кейин ички чемпионатда ҳам иккита тўп киритдим. Гўёки, «Андижон»да намойиш этган ўйинларимни такрорлаётгандим. Ўзимни жуда эркин ҳис қилардим. Жамоадошларимнинг қўллаб-қувватлашини сезиб турдим.
- Хориж жамоасида легионер ўйинчи сифатида Осиё чемпионлар Лигасида биринчи марта қатнашганингизда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?
- Менга ҳеч қандай босим бўлгани йўқ. Сен легионерсан, маҳаллий йигитлардан икки барораб яхшироқ ўйнашинг керак дея босим бўлмади. Клуб прехиденти ҳам, мураббийлари ҳам мен учун шарт-шароитларни яратиб бердилар. Чунки қаерга келганимни ва қандай ўйнашим кераклигини ўзим жуда яхши тушуниб тургандим. Тўғри, шундай учрашувлар ҳам бўлдики, ўйиним умуман қовушмади. Ўшанда ҳам клуб томонидан менга эътирозлар бўлмади. Умуман, ўзимни Таиландда қулай ҳис қилдим. Биргина муаммо шунда эдики, уларнинг таоми менга тўғри келмади. Бошида жуда қийналдим. Кейин аста-секин кўникиб кетдим.
- Асқар ака, Таиландаги ўйинларим фаолиятимда бурилиш ясайди деб ўйлайсизми?
- Кимдир бирор-бир жамоада ўйнаб мазза қилиб роҳатланади. Мен эса шу нарсани йўқотгандим. «Бурирам»га борганимдан кейин мен учун аввалгидек ёқимли таассуротлар уйғона бошланди. Лекин боя айтганимдек, у ердан қайтишга мажбур бўлдим.
- Тушунишимча, олдингидек майдонда эркин футболчи сифатида мазза қилиб ўйнашни соғингансиз, тўғрими?
- Ҳа, албатта. Анчадан бери бундай ўйин кўрсатмаётгандим.
- Таиландда ҳам Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бордингиз. Айни пайтда олий лигада барча клублар очко йўқотган ва интрига кучайиб бормоқда.
- Ҳа, мен доимий равишда кузатдим ва дўстларим билан гаплашиб турдим. Олдин «Бунёдкор» билан «Пахтакор» яққол етакчи эди. Ҳозир эса уларнинг қаторига «Насаф», «Шўртан», «Олмалиқ» ва яна бошқа жамоалар қўшилган. Шу боис нима бўлишини олдиндан айта олмайсиз. Фаворит жамоа бугун ютса, эртага оддий рақибга ҳам ютқазиб қўйиши ҳеч гап эмас. Менга шу томонлама ёқмоқда.
- Дарвоқе, Ўзбекистон билан Таиланд чемпионатини солиштирганингизда қандай фарқларни кўрдингиз?
- Таиланд билан Ўзбекистон чемпионатини солиштириб шунга амин бўлдимки, у ердаги футболчилар жисмоний томондан анча кучли. Ақл билан ҳамда техник-тактик томонлама ўйнаш борасида бизникилар устун. Талиандда 5-6та жамоа чемпионлик учун курашишади. Чунки улар кучли жамоалар. Аммо қолган клублар уларга нисбатан кучсизроқ. Бу нарса кўзга яққол ташланарди. «Бурирам» жамоаси чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгач олдинга қараб интилиш ва ривожланиш кузатилди. Менинг фикримча бир-икки йил ичида Таиланд футболида янада яхшироқ ўсиш бўлади. Мен чемпион жамоа сафида ўйнадим. Балки бошқа клублардаги вазият бунчалик эмасдир, яна билмадим.
- «Андижон»да сизни кутишмоқда. Улар учун нима деган бўлардингиз?
- Менинг агентим бор. Шу боис у билан ҳаммасини маслаҳатлашамиз. Шундан сўнг ўзим учун қулай бўлган жамоани танлайман.