Юртимизда ўз ўрнига эга жамоалардан бири «Машъал»да ҳар йили кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиқади. Шунингдек, бир нечта тарбияланувчиларимиз турли ёшдаги терма жамоаларимизга номзод ўйинчилар саналишади. Бош мураббий Владимир Фомичевнинг ёшларга асосий таркибдан имконият бераётгани ҳам қайсидир маънода футболчиларнинг руҳини ошираётгани табиий. Эътибор бераётган бўлсангиз, бу йил «Машъал» таркибида асосан ёш футболчилар тўп суришмоқда. Хусусан Жаҳонгир Абдумўминов, Ихтиёр Тошпўлатов, Элдор Эргашев каби академиямизнинг кечаги тарбияланувчилари бугунда асосий таркибда ўйнаб келишмоқда. Албатта, уларни ёрқин келажак кутиб турибди десак муболаға бўлмайди. Бугун Элдор Эргашев ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.
Элдор Эргашев 1992 йил 22 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида туғилиб вояга етган. Унинг иқтидорини пайқаган «Машъал» мураббийлари Эргашевни жамоага таклиф этишган. Келинг қолганини унинг ўзидан эшитайлик.
«МАШЪАЛ»ГА ҚАЙ ТАРИҚА КЕЛИШИ ХУСУСИДА
- Мен Сирдарё вилоятининг Ховос туманида туғилиб вояга етганман. Бугунги кунда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилаётган Лутфулла Тўраев ҳам шу қишлоқдан бўлади. Лутфулла ака менинг деярли қўшним десам ҳам бўлаверади. Ёшлигимда кўплаб болаларда бўлгани каби менда ҳам футболга қизиқиш юқори даражада эди. Бўш вақтим бўлди дегунча тенгқурларим билан тўп тепардим. Кунларнинг бирида келажакда профессионал футболчи бўлишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйиб, спортнинг бу тури билан жиддий шуғуллана бошладим. Футбол мактабидаги илк мураббийларимни ҳам шу ўринда айтиб ўтишни истардим. Мақсуд Муҳиддинов, Зафар Мардов ва Равшан Назаров. Шу инсонлардан футболнинг илк сир-асрорларини ўрганганман. Кейинчалик Баҳодир Давлатов мени «Машъал-Академия»нинг йиғинида иштирок этиб кўришимни айтганди. Қишки йиғинларда мураббийларга ҳаракатларим маъқул келди шекилли, «Машъал» академиясида бир йил таҳсил олишимни айтишди. Мен бунга рози бўлдим. Шу тариқа 2009 йилдан бошлаб расман «Машъал» аъзосига айландим.
ОЛИЙ ЛИГАДАГИ ДЕБЮТ ЎЙИНИ ТЎҒРИСИДА
- 2009 йил академияда ўқиш билан бирга ёшлар жамоаси таркибида иккинчи лига ўйинларида иштирок этдим. 2010 йилдан бошлаб эса мураббийлар биринчи лигада иштирок этувчи фарм клубга ўтказишди. Шу боис бир йил «Машъал-Академия» таркибида маҳоратимни оширганимдан сўнг мураббийлар 2011 йилдан асосий жамоада шуғулланишимни айтишди. Алабатта, лигалар ўртасида ўзига яраша фарқ борлиги учун асосий жамоага ўтишим биланоқ бошланғич таркибдан жой ололмаганман. Бунинг учун аввало ўринбосарларда ўзимни кўрсатишим керак эди ва 2011 йилнинг биринчи даврасини асосан ўринбосарлар таркибида ўтказганман. Мавсумнинг иккинчи ярмидан эса Владимир Фомичев мени асосий таркиб иштирокидаги ўйинларнинг ўн саккизталик рўйхатига киритишни бошлади.
Олий лигадаги дебютим ўтган мавсумда юз берганди. «Пахтакор»га қарши сафарда кечган ўйинда бош мураббий менга бошланғич таркибда ўйнаш имконини берди. Адашмасам «шерлар»га қарши 72 дақиқа тўп тепганман. Бу ўйинни ҳеч қачон унутмайман.
«МАШЪАЛ»ДАГИ ИЛК ГОЛИ, САРИҚ ВА ҚИЗИЛ КАРТОЧКАЛАР ҲАҚИДА
- Яқинда «Машъал» таркибида «Қизилқум» дарвозасини ишғол этиб асосий жамоадаги илк голимни нишонлашга эришдим. Гарчи бу гол чемпионат ўйинида эмас, балки мамлакат Кубогида юз берган бўлса-да, бу голни ҳам ҳеч қачон унутмайман.
Биласизми, шу кунгача майдонда доим интизомли ўйин намойиш этишга ҳаракат қилиб келганман. Шу боис имкон қадар ҳакамлар томонидан карточкалар олмасликка уринардим. Лекин яқинда чемпионат доирасидан ўрин олган «Нефтчи»га қарши кечган ўйинда бош ҳакам (Владислав Цейтлин муаллиф) менга дастлаб «сариқ» берди, кейинчалик эса иккинчи сариқни ҳам кўрсатди ва табиийки иккита сариқ ўз ўзидан қизилга айланди. Шу тариқа мен майдонни шерикларимдан олдин тарк этишга мажбур бўлдим. Бу билан жамоамни қийин аҳволга солиб қўйдим. Албатта, ўйиндан кейин анча афсусландим. Айтиш лозимки, ушбу карточкалар ҳам фаолиятимдаги дастлабкиси бўлди.
ЖАМОАДАГИ РАҚОБАТ ТЎҒРИСИДА
- Жамоамиздаги рақобат кучли деб бемалол айта оламан. Тўғри, бу йил таркибимиз нисбатан ёшаргани ва айни пайтда турнир жадвалидаги эгаллаб турган ўрнимиздан хулоса чиқариб кўпчилик рақобат у қадар жиддий эмас деган хаёлга бориши мумкин. Лекин ҳар бир футболчи машғулот жараёнида ўз устида астойдил ишлаб, мураббий ишончига киришга интилмоқда. Жамоадаги рақобатчиларим деб Жаҳонгир Абдумўминов, Габит Сапаргалиев ҳамда Игорь Петковични айтишим мумкин. Табиийки, бу футболчилар билан рақобатлашиш осон бўлаётгани йўқ. Бош мураббий ҳар бир ўйинчига имконият бериб, ким ундан қандай фойдаланаётганини билиб олмоқда. Қарашларига мос келаётганларини эса мунтазам равишда ўйнатмоқда.
ВЛАДИМИР ФОМИЧЁВ ҲАҚИДА
- Владимир Александрович тажрибали мураббий. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўтган йили «Пахтакор»га қарши кечган илк ўйинимдан олдин мураббий менга ўзимни кўрсатсам кейинчалик ҳам бошланғич таркибдан жой беришини айтганди.
Машғулотларда мураббий менга тўп билан тезроқ ҳаракат қилишим кераклигини айтади. Ўйинларда эса майдонда ҳар жабҳада фаол бўлишимни талаб қилади. Шунингдек, ўзим ҳам имкон қадар мураббийларнинг кўрсатмаларини бекаму кўст бажаришга ҳаракат қиляпман.
«МАШЪАЛ» - БОЛАЛИКДАГИ ОРЗУСИ
Сирдарёлик кўплаб ёшлар олий лигадаги жамоалардан кўпроқ «Машъал»да ўйнашни орзу қилишади. Менинг ҳам болаликдаги орзум «Машъал»да тўп тепиш бўлган. Худога минг бор шукурки, бугунги кунга келиб орзуларимдан бирига етдим. Европадаги жамоалардан эса «Манчестер Юнайтед»да ўйнашни орзу қиламан.
ШУ КУНГАЧА ЎТКАЗИЛГАН ЎЙИНЛАР ҲАҚИДА
- Биринчи турда «Бунёдкор»га қарши кечган ўйин жамоамиз учун жуда аламли тугади. Ўйиннинг сўнгги дақиқасида ўз дарвозангдан тўп ўтказиб юбориш кишига ёмон алам қилар экан. Шу кунгача ўтказган ўйинларимиздан энг чиройлиси деб эса жамоамиз ғалаба қозонган учрашувларни айтишим мумкин.
ЁҚТИРГАН ФУТБОЛЧИЛАРИ ХУСУСИДА
- Ёшлигимда ўзбек футболининг тирик афсоналаридан бири Миржалол Қосимовга ўхшаб ўйнашга интилардим. У кишининг ҳар бир ўйинини диққат билан кузатган ҳолда ўзимга нимадир олишга ҳаракат қилганман. Жаҳон миқёсида эса франциялик Зайниддин Зиданнинг ўйинларидан роҳатланардим.
КЕЛАЖАКДАГИ МАҚСАДЛАРИ
- Келажакда мақсадларим бисёр. Аввало ўзбек футболи ютуғига ўз ҳиссамни кўшиш. Терма жамоамиз сафида Осиё ва Жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиш ҳам асосий ниятларимдан бири. Шунингдек, «Машъал» билан юқори ўринлар учун курашиб, совринларни қўлга киритишни истайман.
ТЕРМА ЖАМОА ҲАҚИДА
- Алексей Евстафеев бошчилигидаги терма жамоанинг (U-22) йиғинларида иштирок этиб келяпман. Айтиш керакки, жамоада ажойиб муҳит ҳукмронлик қилмоқда. Футболчилар ўртасида рақобат жуда кучли. Бош мураббий ҳам ажойиб инсон. Ҳам мураббий, ҳам инсон сифатида у киши ибрат бўлишга арзийди. Қолаверса ёрдамчи мураббий Азамат Абдураимовдан ҳам кўп нарсани ўрганиш мумкин. Хабарингиз бор, 2-10 июнь кунлари Непалда Осиё чемпионати саралаш учрашувлари старт олади. Биз мазкур саралаш босқичида муносиб иштирок этиб, ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалаш учун бор кучни сарфлаймиз.
Исломбек РУСТАМОВ ёзиб олди.