Ушбу мутахассис футбол мухлисларимизга яхши таниш бўлсада сайтимиз орқали қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Чой Канг Хи Жанубий Корея терма жамоаси Ливан терма жамоаси билан ЖЧ-2014 саралаш мусобақаларининг биринчи босқичида, собиқ бош мураббий Чо Кван Ре бошчилигида 2011 йил 15 ноябрда Ливанда бўлиб ўтган, Ливан 2:1 Жанубий Корея учрашувидаги мағлубиятидан сўнг бош мураббий бўлган.
Умумий маълумотлар
Туғилган санаси: 1959 йил 12 апрель (53 ёш)
Туғилган жойи: Сеул, Жанубий Корея
Футболчи сифатидаги амплуаси: ярим ҳимоячи
Жанубий Корея МТЖ бош мураббийи: 21 декабрь 2011 йилдан
Чой Канг Хи ўтмишда футболчи бўлганлиги билан бир қаторда у футбол менеджерлиги соҳасида ҳам яхши мутахасис саналади.
У футболчилик фаолиятини 1983 йилда бошлаган, шуниси эътиборга моликки, Чой Канг Хи бор йўғи 2 та жамоада тўп сурган, унинг биринчи клуби “Поско Долпинс” саналади, ушбу жамоада у дастлабки мавсумда жами 3 марта майдонга тушади, шундай бўлсада Чой Канг Хи ҳаммада юқори маҳоратли футболчи сифатида таасурот қолдиради. Келаси йилда кўп бўлмаган маблағ эвазига уни “Ульсан Хундай Хоранг” жамоасига трансфер қилишади. Ушбу жамоада унинг ёрқин футболчилик ҳаёти намоён бўлади. У камдан-кам ҳолатларда майдонга тушмаган бўлсада, асосан барча мавсумларда тўлиқ майдонда ҳаракат қилади. Унинг футболчилик ҳаётидаги энг унутилмас дамлар 1981/82 йиллар мавсуми бўлди, ушбу мавсумда у 37 учрашув ўтказиб, 5 марта рақиблар дарвозасини ишғол этган. У шунингдек, Жанубий Корея терма жамоаси сафида 30 дан ошиқ учрашувларда майдонга тушган. Футболчилик фаолиятини ҳам “Ульсан Хундай Хоранг” жамоасида 1992 йилда тугатган.
Унинг бир жамоага содиқлик анъанасини кейинги мураббийлик фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Чой Канг Хи 2005 йилдан бошлаб, 6 йил давомида “Чонбук Хундай Моторс” жамоасига устозлик қилади. Унинг бошчилигида жамоа 2005 йилда мамлакат Кубогини ва 2006 йилда Супер Кубогини қўлга киритган, 2009 ва 2011 йилларда мамлакат чемпиони, 2009 йилда Осиё чемпионлар лигаси чемпиони бўлган. 2011 йилда ёдингизда бўлса, Сеулда бўлиб ўтган ОЧЛ финалида Қатарнинг “Ал-Садд” жамоасига асосий учрашув вақтида 2:2 ўйнаб, пенальтилар сериясида эса 2:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди.
У ушбу анъанасига 2011 йили 21 декабрда чек қуяди яъни энди у Жанубий Корея миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланади. Унинг терма жамоа бош мураббийи сифатида биринчи ғалабаси ҳам айнан бизнинг терма жамоа устидан 4:2 ҳисобидаги ғалабасидир.
Жаҳон чемпионати саралаш мусобақалари кейинги босиқичида мамлакатимиз терма жамоаси “А” гуруҳида Эрон, Қатар, Ливан терма жамоалари билан бир қаторда Жанубий Корея терма жамоаси ҳам бор. Ушбу мутахасис бошчилигидаги терма жамоа гуруҳнинг икки учрашувида ҳам ғалаба қозонган, улар рақиблар дарвозасини 7 бор ишғол қилишиб, 1 марта ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишган. Улар ҳозир "А" гуруҳида биринчи поғонани эгаллаб туришибди.
Энди Чой Канг Хи 11 сентябрь куни Тошкентда Жанубий Корея миллий терма жамоасини бизнинг мамлакатимиз терма жамоасига қарши майдонга олиб тушади.
Биз учун ғалаба жуда зарур! Ишонамизки, рақибимизни қандай мутахасис бошқаришидан қатъий назар биз ғалаба қилишимизга ишониб майдонга тушишимиз керак!