Ўз фаолиятида катта қадам ташлаган Беллингем, "Реал" футболчисига айланган эди. У, эндиликда, "қироллик клуби"нинг афсонавий рақами остида тўп тепади. Бир қарашда 5-рақам оддийдек туюлади. Аммо ундай эмас. Негаки, бу рақам 2001 йилдан 2006 йилга қадар тирик афсона бўлган Зиданга тегишли эди. Уни Беллингем каби савияли футболчи тақиши эса ҳаммада ҳавас уйғотгани турган гап. Зизу таққан рақам Беллингемга қадар кимлар томонидан фойдаланилганини билишни истайсизми? Унда қуйидаги маълумотлар билан танишиб чиқинг.
Фернандо Гаго
"Бока Хуниорс"даги фантастик мавсумларидан кейин, Гаго 2006 йилда "Реал" томонидан харид қилади. У мадридликларга 20 миллион еврога тушганди. Дастлаб, 8-рақамда ҳаракат қилган Гаго, 2009 йилда бешинчи рақамни олади. Бунга сабаб Каканинг келиши эди. 2010 йилда Моуриньонинг келиши, қолаверса, жароҳатлар, Гагони асосий таркибдан итқитиб ташлайди. Шундай қилиб, ярим ҳимоячига 5-рақам омад келтирмаганди.
Нури Шаҳин
2011 йилда кутилмаган ном, "Боруссия Дортмунд"да тобланган ижодкор футболчи сотиб олинади. Шаҳин кўпчилик томонидан юқори баҳоланганди. Аммо жароҳатлар ва беқарорлик туркиялик ярим ҳимоячини асосий таркибдан тўсиб қўяди. Бир мавсумдан кейин Шаҳин "Ливерпул"га ижарага берилади. 2013 йилнинг январида эса у яна жонажон клуби бўлган "Боруссия Дортмунд" сафига қайтади.
Хесус Вальехо
Вальехо 2015 йилда катта умидлар билан "Реал"га келади. Аммо бу ҳаёллар пуч эди. Биринчи мавсумини "Айнтрахт" сафида ижара асосида ўтказгач, ҳимоячи яна Мадридга қайтади. Унга 3-рақам берилади. Аммо Пепенинг рақами Вальехога бахт келтирмайди. У ротация қуроли бўлишдан нарига ўтмади. Футболчи 2010 йиллар охирида ҳам ижараларда юрди. Кейин эса Хесус доимий тарзда "Реал"га қайтди. У 2021 йилдан бери "қироллик клуби"да ЕЧЛ ва Ла-лигани ютди. Аммо захира ўйинчиси сифатида. Энди эса у ўз рақами бўлган 5 ни Беллингемга топширди.
Фабиу Коэнтрау
Коэнтраунинг "Реал"даги фаолияти жароҳатлар сабаб муваффақиятсиз кечди. Аммо португалиялик ҳимоячи Мадридда кўплаб совринлар юта олганди. Фабиунинг мослашувчанлиги, унинг энг катта қуроли эди. Шу сабабли Моуриньо ундан муҳим баҳсларда фойдаланган. 2018 йилда Коэнтрау Португалияга қайтган эди.
Фабио Каннаваро
Италияни 2006 йилда Жаҳон чемпиони қилганидан кейин, Каннаваро ҳимоячи сифатида "Олтин тўп"га лойиқ топилади. Шу йили у 7 миллион евро эвазига "Ювентус"дан "Реал"га йўл олади. У ўзининг уч йиллик фаолияти давомида "қироллик клуби"га иккита Ла-лига ва клублар ўртасидаги мундиалдаги зафарни тақдим этганди. 2009 йилда Каннаваро яна Туринга, "Ювентус"га қайтади. Шундай қилиб, у қисқа давр мобайнида бешинчи рақам обрўсини кўкларга кўтаради.
Рафаэль Варан
2011 йилда Варан "Ланс" сафидан сотиб олинади. Дастлаб, унга 19 рақаб тақдим этилади. У биринчи мавсумидаёқ Ла-лигани ютади. Бу эса Вараннинг узоқ ва шонли йўлининг бошланиши эди. Иккинчи мавсум аввалида француз ҳимоячиси иккинчи рақамни олади. 2016 йилда эса Варан бешинчи рақам остида тўп тепа бошлайди. Ўзининг ўн йиллик "Реал"даги даврида жами 18 та титул ютган футболчи, 2021 йилда "МЮ"га йўл олганди. Унинг совринлари орасида 2018 йилги мундиал ғолиблиги ҳам бор.
ИСМАТОВ Ж.