Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Милан»да қайта қуриш жараёни

Баҳо:
+ | -

Июннинг илк кунларида «Милан» мухлисларини унчалик хурсанд қилмаган воқеа юз берди - Паоло Мальдини ва Федерико Массаралар ўз лавозимларини тарк этдилар.

Тизимнинг олий бўғинидаги бу икки менежерлар жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятларига салмоқли ҳисса қўшган эдилар. Мазкур ўзгариш кўпчилик учун кутилмаган, айримлар учун шокка сабаб бўлган, лекин режалаштирилган айрилиқ эди. Клуб соҳиби шунчаки, мавсум тугашини кутаётганди.

Қарор қачон қабул қилинган?

2022 йил ноябрида Жоржио Фурлани Иван Газидис ўрнини эгаллагандан кейин қабул қилинган бўлса керак. Айнан шу ўзгаришдан кейин Мальдини ва Массара клуб тизимида қола олмасдилар. Келинг, яхшиси, Фурлани ким ва нима учун у клуб бошқарувини ўз тасарруфига олганига аниқлик киритиб олайлик.

Жоржио Фурлани ким?

Бу борада маълумотлар жуда кам, у ОАВ билан деярли мулоқот қилмайди, шу йилнинг май ойида илк бор The Athletic нашрига интервью берди. Жоржио 1979 йилда туғилган, «Милан» мухлиси, клуб директорлар кенгашининг собиқ аъзоси ва Elliott компаниясининг менежери. Фурлани Миланда туғилиб, улғайган. Иқтисодиёт ва молия соҳалари бўйича олий маълумотни Боккони номидаги Тижорат университетида олгач, магистр унвонига эга бўлиш учун Гарвардга йўл олди. Кейин бир қатор компанияларда таҳлилчи лавозимида ишлади. 2010 йилда Жоржио Elliott тизимига ўтиб, унинг Италиядаги фаолиятида иштирок этди. Шунингдек, «Милан»нинг хитойликлар томонидан харид қилиниши ва «Elliott»дан кредит олинишида муҳим роль ўйнади. 2018 йил июлидан менежернинг ҳаёти ёшлик эҳтиросларига қоришиб кетди. Фурлани - «Милан»нинг ашаддий мухлиси, ижтимоий тармоқлардаги фотосуратларда ҳатто унинг фарзандлари ҳам «россонерлар» либосини кийиб олишган. 2018 йилда «Elliott»дан «Милан» директорлар кенгашига йўлланган менежер клубдаги турли муаммоларни ҳал этишда иштирок этди: трансфер кампаниясидан тортиб УЕФА билан муносабатлар ва янги стадионга оид ғоягача. Ҳа, янги стадион - воз кечиб бўлмайдиган ғоя.

Мухлисдан чиққан менежер, миланлик ва асл итальян, шу билан бирга, футбол индустриясини тўлиқ тушунадиган мукаммал мутахассис. Футбол жамоаларини у медиакомпаниялар сифатида тасаввур қилади, қатъий бюджет интизоми ва барқарорликка асосланган ҳолда энг сердаромад йўлларни ахтаради. «Милан» учун йил давомида мунтазам даромад берадиган, кўп функцияли ўз уйига эга бўлиш зарурати шу боис юзага келди. Ҳатто Armani, Versace ва Prada каби машҳур брендлар туфайли Милан халқаро модалар пойтахтига айлангани ҳам унинг эътиборидан четда қолмади. RedBird компаниясининг стратегияси «AC Milan»ни бизнес тамойилларига кўра ривожлантириш. Клубни соғломлаштириш харажатларни назорат остига олишга асосланган қатъий сиёсатга риоя қилиш билан ниҳоясига етди. Иш ҳақи жамғармасининг 20 фоизга, соф харажатларнинг 75 млн. еврога камайишига қарамасдан, жамоа чемпионликка эришди.

Юксалиш даври бошланганини тижорат даромадларининг ошганлиги исботлайди: 2 йилда 59 фоиз. Бироқ айнан ҳозир янги босқич бошланади - клубнинг 250-300 млн.ли даромади қисқа вақт ичида ярим млрд.га кўтарилиши керак. Сотилаётган паллада «Милан» 1,2 млрд. еврога баҳоланганди. Қизиғи шундаки, Жоржионинг бош директор лавозимига кўтарилиши барча томонлар манфаатларини кафолатлайди.

Халқаро молия ва сармояларни бошқариш соҳасида етарли тажрибага эга бўлган Фурлани 4 йил ичида футбол оламининг барча икир-чикирларини ўрганди. Энди 43 ёшли мутахассис ана шу билимини суюкли жамоасининг равнақи йўлида сарфлаши мумкин. Қисқаси, ҳаётий танлов, ушалган орзу! Жоржиони яхши биладиган кишилар уни ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри ечимни топа оладиган «ботаник»ка қиёслашади.

Фурланининг футболга ёндашуви Қандай?

Мана унинг мулоҳазалари: «Азалдан футбол инстинкт билан юзага келадиган ҳиссиётли қарорлар индустрияси бўлиб келган. «ОАВда нима гаплар? Мухлислар нимани истайдилар?» Клублар одатда, ана шу инстинктга эргашадилар, кейин уни қўллайдилар, унга мақбул бўлган мантиқни яратадилар».

«Милан» аксинча, хизматчи-ходимларни танлашда мавжуд маълумотлар ва таҳлиллардан фойдаланди, уларнинг ҳис-туйғуларига эмас, сони ва сезгирлигига эътибор қаратди. Бу эса ўта мураккаб қарорларнинг қабул қилинишига олиб келди.

Фурланининг Италия футболи муаммоларига оид мулоҳазалари

Интервью шу йилнинг май ойи аввалида чоп этилган:

«Мулоҳазани АПЛнинг медиа-ҳуқуқлари «А» серияникидан 3 баравар юқори эканлигидан бошлай қоламиз. Ҳозирча бу нисбат ўзгармайди. «Милан»дан янада ақллироқ иш юритиши, ўйинчиларни номдор рақобатчилар қизиқиш билдиришларидан аввалроқ ўзига жалб этиши талаб этилади. Ҳали асосий жамоага ўтишга улгурмаган Пьер Калулуни «Лион»дан атиги 500000 еврога харид қилингани фикримга ёрқин мисол бўла олади. Шунингдек, клуб ўзининг бой тарихи ва юксак нуфузидан унумли фойдаланиши керак. Бельгиялик ярим ҳимоячи Де Кетеларе ўтган йил ёзида «Брюгге»га кўпроқ маблағ таклиф этган «Лидс»ни эмас, «Милан»ни танлади. Бой берилган имкониятлар ўрнини тўлдиришда «А» серияси ўз клубларига ёрдам бериши лозим. Мана нима учун Италия футболининг май ойидаги энг йирик жанги ЕЧЛдаги Евродерби эмас, телетрансляциялар ҳуқуқи учун навбатдаги тендер бўлди. Мақсадимиз сўнгги аукциондаги 12 фоизли пасайишга йўл қўймаслик учун, тезроқ тўғри йўлни топиб олиш. Акс ҳолда, «А» серияси билан АПЛ ўртасидаги фарқ янада йириклашади. Кўп нарсалар янги ТВ келишувига боғлиқ, аммо у кумуш ўқ эмас».

Яна бир муаммо - стадионлар. Икки йилдан кейин «Сан-Сиро» 100 йиллик юбилейини нишонлайди. Табиийки, ҳозирги бунёдкорлик усуллари аввалгисидан фарқ қилади. «Милан»ни Европанинг бир хил савиядаги жамоалари билан таққослаганда, бой берилган манфаатларнинг йиллик кўрсаткичи 60-70 млн. евро атрофида. Бу тахминан Эрлинг Холанд учун сарфланган маблағ билан тенг. Стадионларни такомиллаштириш - кечиктириб бўлмайдиган вазифа.

Маълумотларга биноан, янги стадионни фойдаланишга топшириш учун Италияда 8-10 йил талаб этилади. Европанинг бошқа мамлакатларида эса 2-3 йил етарли.

«Бу айнан Италияга хос муаммо. Стадионлар хусусида қонун бор. Ҳамма гап шундаки, агар сиз тиқилинчда қисилиб қолган бўлсангиз, бюрократик қоғозбозликларни четлаб ўтган ҳолда тезлик олиш усули ишлаб чиқилган. Бироқ афсуски, у ишламайди», - дейди Фурлани.

Ҳа, афсуслар бўлсинки, Италиянинг бюрократик чангалзоридан ўтиб олиш имконини берадиган қудратли гурзини ясаш бирон-бир темирчига насиб этгани йўқ.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:50, 10.07.2023.
Ўқилди: 2220 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.