Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Темур Кападзе: «ЖЧга чиқиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз»

Баҳо:
+ | -

Футболчиларнинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, уларда кўтарилиш ва пасайиш даврларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Аммо камсонли шундай футболчилар борки, улар узоқ йиллар давомида ўзларининг барқарор ўйини билан ажралиб туришади. Ушбу тоифа футболчилар сафига бемалол Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Актобе" клуби футболчиси Темур Кападзени киритиш мумкин.

Темур — ўзбекистонлик мураббий Тоҳир Кападзенинг ўғли. У ёшлигидан футбол муҳитидан катта бўлди. Отаси уни ўзи бошчилик қилаётган Қўқоннинг "Автомобилчи" клуби машғулотларига бошлаб борди. Натижада Темур профессионал футболчига айланди. Бугунги кунда Кападзе Ўзбекистоннинг энг кўп совринларни қўлга киритган футболчилариси ҳисобланади. У ўзи тўп сурган 3та жамоада 10 марта чемпионликни ва 9 марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Темур Жанубий Корея ва БАА миллий чемпионатларида тўп суришга ҳам улгурди. Кападзе 10 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. У Ўзбекистон терма жамоаси сафида 100дан ортиқ ўйин ўтказган биринчи футболчи ҳисобланади. Мана шундай ажойиб футболчилик фаолияти ҳақида Темур Кападзе "ПРОСПОРТ" нашри мухбирига интервью берди.

— Темур, сиз узоқ вақт давомида Ўзбекистон чемпионатида, кейин эса Жанубий Корея ва БАА чемпионатларида ўйнадингиз. Қозоғистон Премьер-лигасига қандай бориб қолдингиз?
— Амирликларда чемпионат якунланганидан сўнг, мен у ерда 3 ой тўп сурдим, энди қаерга, деган савол пайдо бўлди. Бу вақтга келиб мен эркин агентга айландим ва барча жойда давралар оралиғидаги трансфер ойнаси ёпилганди. Тез орада агентим орқали Қозоғистоннинг "Актобе" клубидан таклиф тушди. Ушбу жамоа Европа лигасида тўп суриши ва жамоага Гейнрихни ҳам таклиф қилишаётгани мени қизиқтирди. Бунгача Қозоғистон чемпионатини яқиндан билмасдим. Билганим — бизнинг футболчилар Жаъфар Ирисметов, Виктор Карпенко, Павел Бугало у ерда ўйнашган. Ўша пайтда Тошкентда, терма жамоа ихтиёрида шуғулланаётган эдим. Улуғбек Бақоевдан Қозоғистон футболи ҳақида кўп нарсаларни сўраб олдим. Улуғбек менга "Актобе"ни мақтади ва клубнинг таклифини ўйлаб ўтирмасдан қабул қилишни маслаҳат берди. Натижада Гейнрих билан бирга бу ерга келдик ва тез орада Марат Бикмаев ҳам сафимизга қўшилди.

— Таассуротларингиз...
— Бақоев ҳақ бўлиб чиқди. "Актобе"га ўтганимдан заррача афсусланмадим. Шаҳарда футболни жуда севишади, ўйинларга кўплаб жамоалар ташриф буюришади. Жамоада яхши муҳит яратилган. Мураббийимиз ҳам яхши ва ташкилотчилик юқори даражада. Қозоғистон чемпионати ҳам яхши савияда. Барча жамоалар таркибни яхши ўйинчилар билан тўлдиришган. Клублар ўз сафига 7 нафаргача легионерларни қўшиб олиши мумкин. Шунинг учун оддий ўйинлар йўқ. Аутсайдер жамоа етакчи жамоаларни мағлуб эта олиши мумкин. Ўзбекистон чемпионатидан фарқли равишда, у ерда 3-4 жамоа юқори ўринлар учун кураш олиб боради, бу ерда юқори ўринлар учун курашувчи жамоалар сафи кенгроқ.

— Шундай таассурот уйғонди-ки, Қозоғистон чемпионатига мослашиб кетишингиз учун сизга вақт керак бўлмади. Дастлабки ўйиндаёқ гол урдингиз, учинчи ўйинда ҳам яна битта гол...
— Мен Фарғонада туғилганман. Ахир бу Марказий Осиё. Қозоғистон ҳам унга киради. Бизда — собиқ иттифоқ таркибидаги Осиё мамлакатларида менталитет деярли бир хил. Тил ҳам бир-бирига яқин, ҳаттоки овқатлар ҳам ўхшаш. Шунинг учун жамоага киришиб кетишга кўп вақт сарфламагандирман. Барчаси бир текис амалга ошди.

— Ўзбек учлиги — Кападзе, Гейнрих, Бикмаев "Актобе" ўйинини анча кучайтирди, деган фикрлар пайдо бўлди...
— Бунга мен баҳо бермаганим маъқул. Биз анчадан бери бир-биримизни билганимиз ва ҳозир ҳам бир жамоада ўйнаётганимиз фойдали бўлди. Ўзбекистон терма жамоасини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, иккита жамоада бирга ўйнаб келамиз. Шунинг учун янги жамоага қўшилиб кетишимиз осон бўлган бўлса керак.

— "Актобе"да яна қанча муддат ўйнайсиз?
— Мен ва Маратнинг шартномаси келаси йил сўнгига қадар тузилган бўлса, Гейнрихнинг шартнома муддати шу йил сўнгида якунланади. Саша "Пахтакор"дан ижарага олинганди. Мана барча вазиятни очиб бердим (кулади).

— Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги ўйинларингиз ва қўлга киритган ютуқларингиз бўйича Ўзбекистонда сизга тенг келадигани йўқ. Совринларингиз сафига илк уринишда Қозоғистон чемпионатининг бронза медалини қўшиб қўйдингиз. Ёки бу медални совринлар қаторига қўшмайсизми?
— Нега энди? Бронза учун ҳам анчагина меҳнат қилиш керак. Албатта, 3-ўриндан ҳам юқорига кўтарилишимиз мумкин эди... Бу футбол, унда олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.

— Сизларни олтин медаллардан маҳрум қилган "Акжайик" билан қайтадан ўйнаган бўлармидингиз?
— Қарши бўлмасдик (кулади), лекин энди бу ўтмиш, уни ортга қайтариб бўлмайди. Футболда шунақаси ҳам бўлади — ҳар бир зарба голга айланади.

— Профессионал футболчининг ҳаёти турли тўсиқлардан иборат. Спорт режими, жамоавий тартиб-қоидалар... Психологларнинг таъкидлашича, инсонларга қанча кўп тўсиқ қўйилса, уни бузиш учун хоҳиш шунча кучаяр экан. Бунга қарши қандай кураша оласиз?
— Психологларнинг фикрига қўшилса бўлади. Барчаси инсоннинг ўзига, унинг профессионал ишига бўлган муносабатига боғлиқ. Ўйинга ўзимни оптимал тайёрлаш борасида тажриба етарли. Бунга ҳар бир одам алоҳида ёндашиши лозим. Ҳар бир инсоннинг органимизми турлича ва жамоавий тайёргарликдан ташқари ҳар ким ўзини алоҳида тайёрлай билиши керак. Бунга организмнинг тикланиш жараёнини ҳам қўшса бўлади. Бунинг учун кимгадир бир ярим - икки кун етарли бўлса, кимгадир кўпроқ вақт керак. Режим — фуболчи учун муҳим нарса. Тўлақонли тунги уйқу эса катта аҳамиятга эга. Шунда сарфланган куч тез тикланади. Шу боис, узоқ вақт юқори савияда ўйнашни истаган ёш футболчиларга камроқ тунги клубларга боришни маслаҳат бераман. Бизда эса махсус таъқиқ ёки тўсиқлар йўқ. Шунчаки ҳар бир инсон ўз боши билан ўйлаши лозим.

— Темур, "Пахтакор" ва "Бунёдкор"да ўйнаётганингизда Осиё чемпионлар лигаси баҳсларида жуда кўп тўп сургансиз. "Актобе"га ўтганингиздан кейин эса Европа лигасида ҳам дебют қилдингиз. Ушбу икки мусобақани солиштирадиган бўлсак, умумий ва фарқли жиҳатлар нималардан иборат?
— Европа футболи Осиё футболидан фарқ қилади, албатта. Лекин Осиё футболи ҳам Европа футболига яқинлашмоқда ва ўртадаги тафовут камайиб бормоқда. Европада кўпроқ жисмоний яккакурашлар ва юқори тезлик биринчи ўринда. Осиёда аввал техника ва маҳорат биринчи ўринда эди, ҳозир эса биринчи планга жисмоний  тайёргарлик чиқмоқда. Сўнгги йилларда қайси жамоа жисмонан яхшироқ тайёр бўлса, ўша жамоа ютаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳаттоки Бразилия терма жамоаси сўнгги жаҳон чемпионатида ҳеч нарсага эриша олмади. Ваҳоланки, бу жамоада техник жиҳатдан кучли бўлган қандай футболчилар тўп суради! Футбол тенглашиб бормоқда, гарчи Осиёда араб жамоалари Япония, Жанубий Корея ёки Австралияга нисбатан секинроқ ўйнашсада.

— Севимли ўйинчингиз ёки жамоангиз?
— Анчадан бери Мадриднинг "Реал" клубига мухлислик қиламан, гарчи сўнгги йилларда "Барселона" фантастик футбол намойиш қилаётган бўлса-да. Ўйинчилардан эса менга Зиданнинг ақлли ўйини ҳамиша ёққан. "Барса"нинг ҳозирги юлдузлари — Месси, Хави, Иньестанинг ўйинлари ҳам ёқади.

— Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида суҳбатлашамиз. Бразилияга бориш учун яхши иконият пайдо бўлди...
— Ҳа, бундай имконият ҳақиқатан ҳам бор. Қолган 3та ўйинда муваффақиятли тўп сурсак бўлгани. Лекин бу ўйинлар осон бўлмайди. Саралашнинг якуний қисмида кураш янада кескинлашади. Ахир Жаҳон чемпионатига боришни ким ҳам истамайди? Бу — ер юзидаги ҳар қандай футболчи фаолиятининг энг юқори чўққиси ҳисобланади. Мусобақадаги вазият биз учун қулай тарзда кечмоқда. Барчаси ўз қўлимизда. Ёқимсиз башоратлардан ўзимни тияман. Ўзбекистон халқини хурсанд қилиш ва Бразилияга бориш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

— Футболчилик фаолиятини якунлаганингиздан кейин нима билан машғул бўлишни истардингиз?
— Футболсиз ҳаётимни тасаввур қила оламайман. Шунинг учун футболда мураббий сифатида қолишни истайман. Ўйнашни якунланганимдан кейин барчаси маълум бўлади.

МАЪЛУМОТНОМА
Темур Тоҳирович Кападзе
"Актобе" клуби футболчиси
Туғилган йили ва жойи: 1981 йил 5 сентябрь, Фарғона шаҳри.
Фуқаролиги: Ўзбекистон
Амплуа: Ярим ҳимоячи
Бўйи: 185 см.
Вазни: 77 кг.

Клубдаги фаолияти:
 1998-2001 – «Нефтчи» (Фарғона) – 14 ўйин (2 гол), 2002-2007 – «Пахтакор» (Тошкент) – 94 (15), 2008-2011 - «Бунёдкор» (Тошкент) – 98 (12), 2011-2012 - «Инчхон Юнайтед» (Жанубий Корея) – 28 (4), 2012 – «Аш-Шаржа» (БАА) – 9 (0), 2012 - «Актобе» - 14 (4)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. 2002 - ҳозирги вақтгача - 101 (11)

Ютуқлари:
Ўзбекистон чемпиони (10) - 2001, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2009, 2010.
Ўзбекистон кубоги соҳиби (9): 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2009, 2010.

Манба: www.prosportkz.kz
Киритилди: 09:47, 27.11.2012.
Ўқилди: 5896 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.