Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

АПЛ: 22 ёшда қаторасига 87 ўйин!

Баҳо:
+ | -

Букайо Сака 6 сентябрь куни «Борнмут»га қарши кечган сафар ўйинида «Арсенал»га ёрдам беролмайдигандек эди жароҳат туфайли.

Амалда 22 ёшли вингер АПЛнинг қаторасига 87та ўйинида қатнашди. У бу борада «канонирлар» тарихидаги рекордчи ҳисобланади. Сака чемпионатдаги ўйинлар серияси бў­йича «Арсенал» афсонаси Пол Мерсон (кетма-кет 82та учрашув) натижасини анча олдин яхшилаганди.

Букайо Сака барқарорлигида асосий омил - бу жароҳатларнинг минимал сони. 22 ёшли иқтидор охирги жароҳатга йўлиқишига қадар бутун фаолияти давомида атиги 28 кун сафдан четда қолганди, холос. Умуман, Саканинг серияси 2021 йилнинг май ойида бошланган. Ёш футболчи «Вест Бромвич»га қарши ўша баҳсда чап қанот ҳимоячиси ролини бажарган ва Эмиль Смит Роу голига ассистентлик қилганди. Ўшанда «Арсенал» учун гол уришган Николя Пепе ва Виллиан эса ҳозир жамоада эмаслар. Букайо 2021 йилнинг июнь ойида кичик жароҳатга йўлиққан, лекин атиги 5 кунга сафдан чиққан ва фақат Англия термаси ўйинини ўтказиб юборганди. Умуман, Сака охирги 2 йилдан кўпроқ вақт давомида бор-йўғи 28 кун «лазарет»да бўлган ва жароҳатлар ортидан «Арсенал»нинг 2тагина ўйинида қатнашмаганди. «Канонирлар» бу орада унинг иштирокисиз ЕЛда «Мольде»ни 3:0 ҳисобида енгишди ва АПЛда «МЮ» билан баҳсда муроса кўчасини танлашди - 0:0.

Аслида Букайо август ойи охирида қаторасига 83та ўйинда майдонга тушиш асносида «Арсенал» рекордчисига айланган эди. Пол Мерсон эса 82та ўйинга тенг серия соҳибидир. Бу борада 3-юқори натижа кетма-кет 78та учрашувда майдонга тушган Гаэль Клишига тегишли. Дарвоқе, Мерсон март ойида Sky Sports нашридаги ўз рукнида Сакага алоҳида тўхталди. «Букайо катта ўйинлар натижасини ҳал қилишга қодир. Йўқ, у жадвалнинг қуйи қисмидаги жамоага қарши баҳсда «хет-трик» қайд этадиган ёки 7:0 ҳисобида тугайдиган учрашувда 7-голни урадиган футболчи эмас. Сака кўпинча «Арсенал»да ҳисобни очади ёки мувозанатни тиклайди. Шунингдек, ғалаба голи ёки ҳал қилувчи самарали узатмага муаллифлик қилади. Тўғриси, Сакага ўхшаш футболчилар саноқли. Муҳими, у майдонда ўта хотиржам. Ваҳоланки, эндигина 22 ёшни қаршилади. Демак, Букайодан ҳали кўп нарса кутишимиз мумкин. Менимча, 26-28 ёшга тўлишига қадар ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатмаса керак. Қувонтирадиган томони, Сака футболни шунчаки, яхши кўради. Яъни фақат ўйнашни хоҳлайди ва барчасини юзида табассум билан бажаради. Қисқаси, йигитча ўзи кўзлаган марраларга етишиш учун ҳамма нарсага эга...», - деб ёзди «Арсенал»нинг собиқ ярим ҳимоячиси.

«Арсенал»нинг ҳозирги таркибига қарасак, энг кўп ўйин айнан Сакага тегишли. У ҳаттоки 7 йилдан буён «Арсенал»да тўп сураётган Муҳаммад ал Ненидан ҳам олдинда. Қолаверса, ўртада катта фарқ ҳам бор - Сакада 185да ўйин, мисрлик ҳужумчиси 156та. Айтиш ўринли, ал Нени «канонирлар» либосини кийган вақт амалдаги бош мураббий Микель Артета ҳам ҳали бутсаларини михга илган эмасди. «Шунчаки, «Арсенал» либосида ўйнашни хоҳлардим, - дейди Саканинг ўзи. - Хаё­-лимда фақат шу фикр бор эди. Имконият туғилиши билан жамоада қолиш учун боримни бера бошладим. Атрофингдаги одамларнинг сенга ишонишлари жуда муҳим, айниқса, ёш бўлсанг. Ўйиннинг баъзида яхши чиқади, гоҳо асло қовушмайди. Шундай ҳолатларда мураббийларнинг сени таркибга қайта-қайта киритишлари мислсиз ишонч бағишлайди. Бахтимга, айнан шундай ишончни таъминлаётган менежер қўл остида шуғулланяпман ва буни ўйинларим сонидан ҳам кўриш мумкин».

«Арсенал» бош мураббийи Микель Артетанинг айтишича, ҳозирги даража Сака учун энг юқори нуқта эмас: «Букайо шундай барқарорлик намойиш этяптики, бунақаси унинг ёшида камдан-кам кузатилади. Чиндан ҳам, ноёб барқарорлик. Сакада ўйинига қўшадиган жиҳатлар борми? Жавоб оддий: у ҳали ҳар томонлама мукаммалликка эришиши мумкин. Бинобарин, ҳар доим ўзидан кўпроғини талаб қилади». Демак, Букайо ўйини ва ўсишини кузатишда давом этамиз. 

ҲОЗИРГИ «АРСЕНАЛ» ГВАРДИЯЧИЛАРИ 

Букайо Сака - 185да ўйин

Муҳаммад ал Нени - 156та ўйин

Эдвард Нкетиа - 138та ўйин

Габриэль Мартинелли - 135та ўйин

Габриэль Магальяс - 124та ўйин

И.ПАРПИЕВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 18:18, 13.10.2023.
Ўқилди: 2048 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.