Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

Аршавин хақ эди…

Баҳо:
+3 | -

Евро-2012ни гуруҳ босқичида, муддатидан аввал якунлаган Россия терма жамоаси сардори Андрей Аршавин Грецияга мағлуб бўлган ўйиндан сўнг, рус журналистларига айтган гапи кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. «Орзуингиз, кутганингиз амалга ошмадими?! Бу сизнинг муаммоингиз!». Кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган бу гапни ҳозир нега эслаганим тушунарли бўлса керак.

Хосеп Гвардиоланинг Мюнхен «Бавария»си билан шартнома имзолагани ҳақидаги хабар футбол оламида кечанинг энг муҳим, энг «бомба» воқелиги бўлди. Нима учун айнан «Бавария»? Нега Англия эмас, нега «Манчестер Сити» ёки «Челси» эмас? Эрталаб «Англияда ишлаб кўришни истайман», – дея интервью бериб, шу куни кечга бориб «Бавария» билан шартномага қўл қўйган Гвардиолани машҳур мультфильмдаги қўрқоқ Леопольдга қиёслашаяпти. Эмишки, у ўзига энг осон бўлган вариантни танлаган. Ўзини мураббий сифатида кўрсатиши учун Англияга келиши керак эди, дея таъкидлаётганлар бугун кўпчилик. Умуман инсон зотининг, айниқса футбол мухлисларининг бундай қарорларга реакцияси мени доим ҳайрон қолдириб келади. Абрамовичнинг, араб шайхларининг жарақ-жарақ пулларидан воз кечган ва ўзи учун энг маъқул йўлни танлаган мураббийни қўрқоқликда айблаймизу, «Манчестер Сити» ёки «Челси» сафига ўтган футболчини биринчи навбатда моддий манфаатни ўйлади, дея танқид қиламиз…

Нима учун «Бавария»? «Бавария» қандай клуб? «Бавария» – бой тарихга, ўз ўйин услуби, аниқ мақсад ва режасига эга қудратли ва обрўли ташкилот; бренд. Худди «Барселона»даги сингари баскетбол, волейбол, ҳаттоки хоккей жамоалари ҳам бор. Шу билан бирга, «Бавария» айни пайтда ўз академиясига ҳам кўпроқ эътибор қаратаётганлигини унутмаслик керак. Футболни икир-чикирларигача тушунадиган президент, менежер ва бошқарувчиларга эга жамоа.

«Челси», бир ҳамкасбим айтганидек, Абрамовичнинг кайфиятига боғлиқ; «Манчестер Сити» деса, араб шайхларининг милионларидан эркаланиб кетган, бошқарувини йўқотган Балотелли ва унинг жамоадошлари кўз олдимда гавдаланади. Умуман, ўйлашимча, Англияда ўйин концепцияси ва шарт-шароитлари бўйича Гвардиолага, кўпчилик ўйлаётганидек, «Челси» ёки «Манчестер Сити» эмас, «МЮ» ёки «Арсенал» яқинроқ эди.

Гвардиоланинг қарорини қўллаб-қувватламаётганларнинг яна бир эътирофи – «Бавария» билан совринларни ютиш жуда осон. «У ўз чемпионатида гегемон бўлган, тайёр жамоага келди!», «Икки жамоалик чемпионат»дан бошқа бир «икки жамоалик чемпионат»га ўтди».

Қўйсангиз-чи!

Англия Премьер-лигаси кўп жиҳатларда дунёнинг энг кучли лигаси деган фикрга, кўпчилик қатори, мен ҳам қўшиламан. Аммо Премьер-лиганинг сўнгги саккиз мавсумдаги чемпионларига, мусобақа жадвалига эътибор берганмисиз? 2005 йилдан бери Англияда бор-йўғи икки жамоа чемпионликни қўлга киритган. Фақат ўтган йили «Манчестер Сити» бу анъанага барҳам берди. Шунда ҳам чемпионлик учун фақат икки жамоа курашгани ёдингиздадир?! Германияда 2006 йилдан то бугунгача тўртта жамоа чемпионликка эриша олган. Бу кичик бир аргумент, холос.

Уч мавсум ичида 14 соврин юта олган мураббий учун совринлари коллекциясини яна тўлдириш кўпчилик ўйлаганидек асосий стимул ёки вазифа бўлмаса керак. У ўзига янги чақирув олди. У яна ўз услуби ва орзусидаги жамоани қуриш, ҳеч бўлмаганда, пойдевор яратиб кетишни истаётгани кундек равшан. Унинг «Барселона»си матбуот учун доим ёпиқ бўлиб келган. Унинг ўзи ҳам. Бу борада «Бавария» оптимал вариант. Хосепнинг фаолиятидаги асосий принцип ва қоидалардан бири шу. У матбуот юлдузи бўлишни ҳушламайди, ҳамкасбларига тош отмайди. Сиз таъкидлаётган нарсалар: доимо омма эътиборида бўлиш, ўзини кўрсатиш ва совринларни ютиш учун эса Моуриньо бор.

Абрамовичнинг Гвардиолага шартнома суммасини ўзи ёзиб беришни таклиф қилгани ҳақидаги афсона афсоналигича қола қолсин. Ўтган йили Гвардиолани мағлубиятга учрата олган Ди Маттео қаерда ҳозир?! «Ўзини мураббий сифатида кўрсатиши учун энг оптимал вариант Англия», дея таъкидлаётганларнинг фикрида жон бордир, балки. Аммо, улар бу фикр билан Англиядан ташқарида, бошқа мамлакат чемпионатларида ҳам улкан муваффақиятларга эришган ва буюк мураббийлар қаторига кира олган мутахассисларнинг (Дель Боске, Хитсфельд, Трапаттони, Ван Гаал, Арриго Сакки) ютуқларини шубҳа остига олиб қўяётгандек. Англия мураббийлар учун орзу. Лекин ўз орзусини бошқа чемпионатларда ҳам амалга ошириш мумкинлигига футбол оламида факт ва мисоллар етарли. Гвардиола, албатта, Англияга келади. Буни ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаган. Айни пайтда Гвардиола учун «Барселона»дан ташқаридаги ҳар қандай таклиф катта синов, чақирув. Шундай экан, «Бавария» вариантини осон дейишга шошилманг.

Ҳар бир футболчи, мураббий, аввало – инсон. У ҳар қандай ҳолатда ўзига энг мақбулини танлаш ҳуқуқига эга. Айниқса, Гвардиола каби ўзини кучли шахс сифатида кўрсата олган мураббийнинг қарорини шунчаки ҳурмат қилайлик. У биз кутганимиздек йўл тутмади. Англияга бормади. Бизнинг ҳоҳишимиз – бу бизнинг ҳоҳишимиз.

Ҳар мавсум етакчиларини сотиб юбораётган, шундай бўлса-да Европа майдонларида Англия ва Испания чемпионларини додини бераётган Дортмунднинг «Боруссия»си, Европа Чемпионлар лигасида «Арсенал»ни ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган «Шальке-04» каби жамоалар билан рақобатлашиш Хосеп учун қизиқ эмас, деб ўйлайсизми? Испаниядан фарқли ўлароқ, стадионлари ҳар доим тўлиб тошадиган Бундеслига ўзини синаш учун қулай жой эмасми?

Шерзод Ражабов

Манба: www.kun.uz
Киритилди: 19:35, 17.01.2013.
Ўқилди: 7895 марта.
Фикрлар: 30 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.