Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Виталий Денисов: «Тошкентдаги болалагимни энтикиш билан эслайман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов чап қанот ҳимоячиси Виталий Денисовни Гонконгга қарши ўйинда безовта қилмади. Боиси, у янги жамоаси — "Локомотив" сафида машғулотларни яқинда бошлади ва темирйўлчилар сафига яхши мослашиб олиши лозим. "Советский спорт" мухбири "Локо"нинг Кипрда ўтказилган дастлабки йиғини пайтида Денисов билан кўришиб, ундан интервью уюштирди.

"Барча гап сарлавҳада"

— Спортга оид нашрларнинг олд саҳифаларига чиқиб қолгандингиз...
— Оҳ, бу сарлавҳалар, барча гап шунда... "Денисов — "Локомотив"да". Кўпчилик "Зенит"даги фамилиядошим деб ўйлашди. Фамилиямиз бир хил бўлгани билан биз турли инсонлармиз.

— Келинг, текшириб кўрамиз!
— Бу ерда текширадиган нарсанинг ўзи йўқ. Майдондаги позицияларимиз турлича. Ташқи кўриниш томонлама ҳам ўхшашлик жойимиз йўқ. Характерларимиз ҳам, айтишларича, фарқ қилади.

— Оилалимисиз? Кўп болали отамисиз ("Зенит"даги Игорь Денисовнинг 4 нафар фарзанди бор — "Советский спорт" изоҳи)?
— Уйланганман. Ҳозирча фарзандларим йўқ.

— Шахматни яхши ўйнайсизми (гросмейстер Петр Свидлернинг фикрича, Игорь Денисов профессионал шахматчи бўлиши мумкин эди — "Советский спорт" изоҳи)?
— Аввал ўйнаб турардим, ҳозир йиғиштирганман. Кўпроқ бильярд ўйнашни яхши кўраман.

— Ит боқасизми ("Зенит"даги Денисов машҳур итбоқар "Советский спорт" изоҳи)?
— Итим бор эди... Бу қайғули воқеа...

"Спартак"нинг таклифини рад этиб, ЦСКАга ўтганман"

— Отангиз Геннадий Денисов 90-йилларнинг ўрталаригача юқори савияда футбол ўйнаган. Унинг ўйинларини эслайсизми?
— Йўқ. Мен футболни кузатиб бормасдим. Стадионга борсам зерикиб қолардим. Чалғиб кетиб, бошқа томонга қараб ўтирардим. Футбол ўйнаш ёқардию, аммо томоша қилишни ёқтирмасдим. Ҳозир эса отамнинг ўйинларини кўришни истайман. "Спартак" (Владикавказ) жамоасининг 1990-йиллардаги ўйинлари видеосини қаердан топса бўлади?

— Отангиз Валерий Газзаев билан қалин дўст бўлган. Шундайми?
— Улар бирга ўйнашга улгуришган. Кейин эса Валерий Георгиевич мураббий бўлди.

— Эшитишимча, Геннадий Денисов телефон китобчасидан Валерий Газзаевнинг номерини топган ва ундан: "Георгич, ўғлимни ЦСКАга қабул қил", дея илтимос қилган экан.
— Йўқ-йўқ-йўқ! Бундай бўлмаган. Мен ўша пайтда иккита академиядан таклиф олгандим. Бири ЦСКА, иккинчиси "Спартак". "Академика"ни ўша пайтда шуғуллантирган Константин Сарсания билан маслаҳатлашдим. У менга ЦСКА кўпроқ қизиқиш билдираётганини таъкидлади. Шунинг учун ЦСКА сафига қўшилганман.

— Замонавий футболда чапақайлар кўпроқ қадрланишади. Чап оёғингизни отангиз ривожлантирганми?
— Ўз-ўзидан шундай бўлган. Болалар мураббийи чап оёғим кўпроқ ривожланганини пайқашган ва чап қанотга кўйишган. Ҳаётда эса ўзим ўнақайман. Ўнг қўлда ёзаман, ўнг қўлда ейман...

"УЕФА кубоги учун олган мукофотим музқаймоққа етган"

— Таржимаи ҳолингизда "ЦСКА сафида УЕФА кубоги ва Россия кубоги соҳиби" деган ёзувлар бор...
— У пайтда мен жуда ёш эдим. ЦСКА сафида бирорта ҳам еврокубок баҳсларидан қатнашмаганман. Россия кубогида эса 2та ўйинда майдонга тушганман. Лекин медалларим ростдан бор. У пайтда жамоа йиғинлар ва ўйинларга кенгайтирилган рўйхат бўйича борарди — ҳамиша 25 нафардан ортиқ футболчи бўларди. "Спортинг"га қарши УЕФА кубоги финал баҳси ҳам бундан мустасно бўлмаган. Умрбод ёдда қоладиган воқеа. "Заявка"да йўқ эдим, аммо стадионга кириб келганимда шундай ҳолатга тушганманки... Худди ток ургандан бўлганди. Тақдирлаш маросими бошланганда эса бир четда ғалабадан хурсанд бўлиб турганман. Жамоа администраторлари эса мени олдинга боришга ундашган. "Нега бир четдан турибсан, юр буёққа", дея итара бошлашган. У ерга қўшилишни истамагандим. Итариб-итариб совриннинг ёнига олиб бориб қўйишган. Фотосуратларда кўп учраганман. Деярли олдиги қаторларда. Албатта, бахтли қиёфада!

— Ўйинни ташқаридан кузатиш оғир бўлганмиди?
— Чин дилдан мухлислик қилгандим. Танаффусда, кийиниш хонасида нима бўлганини биласизми? Вазият Газзаевни қониқтирмасди — ютқазаётгандик. У жаҳл билан бақирганди: "Бундай ўйнаб бўлмайди!". Иккинчи бўлимда эса жамоа қандай ўйнаш кераклигини кўрсатиб қўйганди.

— Администраторлар шампан виноси ичишга таклиф қилишганми?
— Шапан виносига яқинлашиб бўлмасди. Унга лаб текказишни истаганлар кўп эди. Мен бир чеккада хурсандчилик қилиб турганман.

— Газзаев ғолиблар автобусига қандай сўзлар билан кириб келгани ёдингиздами?
— У кеча жуда кўп сўзлар бўлган.

— У йўловчиларга қарата "Олтита ноль!" деган.
— Ҳа, аниқ шундай деганди! Олтин ноль - бу УЕФА кубоги қўлга киритилгани учун ўйиндан кейин эълон қилинган мукофот суммаси эди. Буни эшитиб автобусдагиларнинг барчаси хурсанд бўлганди. Буюк ғалаба бўлганди! Барча ўзини бахтиёр ҳис қилганди!

— "Заявка"га кирмаган сиз учун нечта гол текканди?
— Тўғрисини айтсам, фақат музқаймоққа етганди.

"Ош тайёрлаб беришни ва қовун билан меҳмон қилишни сўрашади"

— Сўнгги йилларни сизни Днепропетровскнинг "Днепр" клубида ўтказдингиз. Демак, МДҲ чемпионатии ўтказиш ғояси ҳақида фикр билдиришингиз мумкин.
— Бу масалада барча иккига бўлиниб олди — розилар ва қаршилар. Мен футболчиман ва уларнинг ҳеч бирига қўшила олмайман. Билишимча, катта клублар бу орқали кўпроқ маблағ топишмоқчи. Бошқа томондан эса, камтар жамоаларнинг тақдири хавф остида қолади.

— Миллатингиз рус, аммо Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурасиз.
— Ҳа. Бизнинг терма жамоа эса жаҳон чемпионатига чиқишни истайди.

— Ўзбекистон бошқа мамлакатларнинг футболчилари ҳисобига таркибни кучайтиришига қандай қарайсиз?
— Бу бутун жаҳонда қабул қилинган амалиёт. Қанчадан-қанча бразиликлар Европа жамоаларида ўйнамоқда. Ўзбекистон терма жамоаси тарихида ҳам россиялик "темирйўлчилар" - Маминов ва Пашинин ўйнашган. Тўғри, мен улар билан бирга ўйнамаганман. Терма жамоани кучайтириш вазифаси турибди.

— Айтингчи, нима учун Марказий Осиёдан Россияга кўплаб одамлар келишмоқда?
— Тошкентда кам бўламан. У ердаги ҳаётнинг қандай ўзгараётганини билмайман. Москва ва бошқа йирик шаҳарларда одамларга яхши тўлашади. Тошкентдаги болалик чоғларимни эса ўзгача бир энтикиш билан эслайман. Маҳаллада аҳил ва иноқ яшардик. Ҳар бир байрамда барчамиз ҳовлига йиғилардик. Эркаклар кабоб ва ош пиширишарди. Аёллар эса дам олишарди. Сафимизга қўшилмаган хонадонларга эса таом тарқатардик. Янги йилни айтмайсизми! Президент табригини тинглаганимиздан кейин шампан виносидан хўплардик ва ҳовлига чиқиб, катта гулҳан ёқардик. У эрталабгача ёниб турарди.

— "Локомотив"да ош тайёрлаб беришни сўрашдими?
— Бундай илтимослар ҳайрон қолдирмай қўйган. Биласизми, футболчилар ўзаро қандай суҳбатлашишади? — «Сен қаерда туғилгансан?». — «Ўзбекистонда». — «Демак, ош қилишни биласан». Одатда қовун, магиз, туршак олиб келишни сўрашади. Мустақил равишда ош тайёрлай олмасам керак. Кимдир ёрдам берса, тайёрлашим мумкин!
 
— Сизни жамоада қандай қабул қилишди?
— "Локомотив" ҳақида фақат илиқ фикрларни айтишим мумкин. "Локо" мен учун янги жамоада бўлса-да, Тарасов, Самедов, Шишкин, Глушаков каби йигитлар билан яхши таниш эдим. Улар билан ёшлар футболи, турли ўтиришларда кўришганман. Бошиданоқ, жамоадаги йигитлар билан осон тил топишиб кетамиз, деган фикр келганди. Бу ҳиссиёт алдамчи бўлиб чиқмади. Сўраган нарсамни айтишади. Мураббийлар ҳам ҳозирча менга нисбатан эътироз билдиришмади. Барчаси ёқмоқда.

Манба: www.sovsport.ru
Киритилди: 08:46, 06.02.2013.
Ўқилди: 5568 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.