Якшанба куни кечки маҳал “Бунёдкор” Япониядаги ўзининг навбатдаги машғулотини ўтказди.
Жамоа “Big Arch Football Stadium” мажмуасида жойлашган майдонларнинг бирида шуғулланди. Бу мажмуа ўзбекистонлик ишқибозларга 1994 йилги Осиё ўйинлари орқали яхши таниш. Ўшанда терма жамоамиз мусобақадаги барча – етти учрашувда ғалаба қозонган, Миржалол Қосимов эса Осиё ўйинларининг энг яхши ярим ҳимоячиси деб топилганди.
Кечаги машғулотда асосан футболчиларни ҳолатини қайта тикланишга эътибор қаратилган бўлса, бугун кўпроқ тўп билан ишланди.
Фитнес бўйича мураббий Александр Волков футболчиларни машғулот олдидан турли хил югуриш машқлари билан қиздириб олди.
Кейин тўп билан турли хил машқлар олиб борилди. Мураббийлар нафақат ўз шогирдларини тўп билан ишлаш борасида бошқаришди, балки камчиликлар хусусида керакли кўрсатмаларни ҳам бериб боришди.
Дарвозабонлар одатдагидек Абдусаттор Рахимоқ назоратида шуғулландилар.
Шундан сўнг бир-бирига яқин қилиб ўрнатилган дарвозалар орасида қисқа вақт футбол ўйналди.
Хиросимадаги об-ҳаво анчайин намроқ. Машғулот чоғида ҳаво ҳараорати 4 даража илиқни кўрсатди. Кеча эсган шамолнинг тезлиги бугун ўз таъсирини анчайин камайтирган.
Машғулотни томоша қилар эканмиз, унда жамоанинг барча аъзолари юракдан ишлаётганини кузатиш мумкин. Ҳамма бир-бирига далда бериб, машғулот давомида ҳам, меҳмонхонада ҳам бир тан-у бир жон эканлигини ҳис қилмоқда. Биргина муаммо – майдоннинг сифати. Японияда ҳозир қиш. Бу фаслда майдон чимлари ҳам тўлиқ тайёр эмас.