Ҳаётда ўз вазифасини аъло даражада уддалайдиган кишилар қисқа вақт ичида кўпчилик эътиборини қозонадилар, номлари ОАВда тез-тез пайдо бўлади.
Ҳикоямиз қаҳрамони бўлмиш Рубен Аморим ёш, лекин ажойиб натижаларга эришаётган мураббийлар тоифасидан.
Эндигина 39га чиққан мутахассисни бир қатор грандлар бўлажак бош мураббий сифатида тасаввур қилмоқдалар. Жумладан, «Ливерпуль», «Барселона» ва «Челси» мутасаддилари Аморим номзодини синчиклаб кўриб чиқишаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда. Рубеннинг «Спортинг»и ҳозир «Бенфика»дан битта ўйинни кам ўтказган ҳолда, 1 очколик фарқ билан Португалия чемпионатида пешқадамлик қилмоқда. Демак, фарқни 4тага етказиб олиш фақат унинг ўзига боғлиқ. Хуллас, «шерлар» Аморим раҳбарлигидаги 4 йил ичида иккинчи марта шоҳсупага кўтарилиш ниятидалар.
Ҳа, бундан 4 йил муқаддам, март ойининг дастлабки кунларида «Спортинг» навқирон мутахассис раҳбарлигида илк бор майдонга тушиб, «Авеш»дан 2:0 ҳисобида устун келганди. Лекин мураббийнинг дебюти ғалаба билан бошланган бўлсада, жамоанинг ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмасди. Шу боис, «шерлар»даги ижобий ўзгаришлар Аморимга бўлган қизиқишни кучайтириб юборди ва грандлар мураббийни қўлга киритишга киришдилар.
Ўзининг нималарга қодир эканлигини Рубен Аморим «Брага» клубида намойиш эта бошлади. 2019 йил охирида мутасаддилар Рикарду Са Пинтуни истеъфога чиқаришгач, ёшлар жамоасини бошқараётган ёш мураббийда катталар жамоасига ўтиш имконияти юзага келди. Таажжубки, 34 ёшли мутахассис жамоаси жуда қисқа вақт ичида очиқ ва ҳужумкор ўйин кўрсата бошлади.
17 январь -15 февраль оралиғида «Брага» «Порту» ва «Спортинг» билан 2 мартадан, «Бенфика» билан 1 марта куч синашди ва ... нима деб, ўйлайсиз, 5та учрашувни ғалаба билан якунлади. Ҳа, Португалия грандлари тиз чўктирди, жумладан, Кубок финалида «Порту»дан совринни тортиб олди! Шу тариқа Аморим мураббийлик фаолиятидаги дастлабки совринни қўлга киритди.
Лиганинг бошқа жамоалари қатори «Спортинг» ҳам Рубеннинг ўзига хос ноёб иқтидор соҳиби эканлигига амин бўлди ва мартнинг илк кунларида 3 ойга етмаган вақт ичида «Брага»да фантастик парвозни намойиш этган мураббийни ўз сафига қўшиб олди. Бунинг учун пойтахт клуби 10 млн. евро сарфлади. Ўша пайтда бу мураббийлар ўртасидаги учинчи қийматли трансфер бўлса, Португалия лигаси мезонида қимматбаҳо келишув эди. Лекин бошқа томондан, клуб раҳбарияти билан мухлислар ўртасидаги кескин муносабатни инобатга олганда, қалтис қарор эди. Бироқ Аморим харидини асоссиз исрофгарчиликка йўйган мухлислар бу гал хато қилишганди.
Рубен раҳбарлигидаги 4 йил ичида «Спортинг» (324) «Бенфика»ни 10 (314) очкога ортда қолдириб, «Порту»дан (331) 7 баллга ортда бормоқда. Янги мураббий билан «шерлар» ўртача 2,38 очко олишмоқда. Унгача бўлиб ўтган 136та ўйиндаги ўртача кўрсаткич 2,13 баллга тенг эди ва жамоа «Бенфика» (2,51) ва «Порту»ни (2,42) олдинга ўтказиб юборганди. 2019|20 йиллар мавсумида «Спортинг» «Брага»дан кейинги 4-ўринни эгаллаганди. Тўғри, энг яхши натижа эмас, лекин раҳбарият ёш мураббийга ишончни йўқотмаганди.
2020|21 йиллар мавсумини «Спортинг» 2002 йилдан бери чемпион бўла олмаган ҳолатда бошлади. Португалия футболида «Улкан учлик» ҳукмронлик қилади. Бироқ унинг учинчи жамоаси «Порту» ва «Бенфика»дан шармандали даражада ортда қолиб кетган. «Шерлар»нинг ўша 2002 йилдаги чемпионлиги билан Аморим раҳбарлигидаги дастлабки тўлиқ мавсум оралиғида «Порту» 11 марта, «Бенфика» 7 марта шоҳсупага кўтарилди. Қизиғи, Рубен «бургутларнинг 3та чемпионлик мавсумида шу жамоа таркибида тўп сурганди. Энди пойтахтнинг икки грандига бевосита алоқадор бўлган Аморимдан «Спортинг» мухлисларини ўз томонига оғдириш талаб этиларди. 2020|21 йиллар мавсумида «шерлар» ғолиб чиқишди. Гарчи бу мураббий Рубеннинг илк чемпионлиги бўлсада, унинг шогирдлари 2та Лига Кубоги ва Португалия Суперкубогини ҳам қўлга киритишди. Эътиборлиси, Суперкубок баҳсида «шерлар» Аморимнинг собиқ жамоаси - «Брага»ни маҳв этдилар.
Ўтган мавсум Аморимнинг ҳафсаласини пир қилди. «Спортинг» бирорта совринни қўлга кирита олмай, етакчи учликдан тушиб қолди. Сабаби, етакчи ўйинчилар - Жоау Пальинья «Фулхэм»га, Матеус Нуньеш «Вулверхэмптон»га ўтиб кетишганди. «ПСЖ»дан ижарага олинган Пабло Сарабия эса Парижга қайтиб кетди. Лекин омадсиз мавсумдан кейин ҳам клуб мураббийни қўллаб-қувватлашда давом этди.
Охирги 4 мавсумда «Спортинг» таркибида 10дан кўп гол уриш саноқли ўйинчиларга насиб этди. 2022|23 йиллар мавсумида Франсишку Тринкау (10) ва Педру Гонсалвеш (15), 2021|22да Паулиньо (11) ва Пабло Сарабия, 2020|21да фақат Гонсалвеш (23) нисбатан сермаҳсул ўйин кўрсатишди. 2019|20да ўнталик марра ҳеч кимга насиб этмади.
Кейин «Ковентри»ни деярли Премьер-лигага олиб чиққан Виктор Дьекереш «шерлар» сафидан жой олди. 20 млн. еврога харид қилинган швециялик тўпурар ўтган мавсумда Чемпионшипдаги 46та ўйинда 21та гол урганди. Ҳозир у жорий мавсумдаги барча мусобақаларда 36та гол урди. Виктор тўпурарлик бобида 2017|18 йиллар мавсумидаги Бас Дост (34) ва 2018|19даги Бруну Фернандешдан (32) ўзиб кетди.
Шундай салоҳиятли ўйинчилари бўлган «Спортинг» олдинги чизиқда етарли имкониятларга эга бўлишига шубҳа йўқ. Бундан ташқари, «шерлар» ҳимоя чизиғига ҳам жиддий эътибор қаратадилар. Таркибда 1000 дақиқадан кўпроқ тўп сурган 4 нафар марказий ҳимоячининг 3 нафари - Гонсалу Инасиу (22,1), Матеус Рейс (19,7) ва Усмон Диоманде (19,1) рақиб ҳужумларини бартараф этиш бўйича топ-лигалар бешлигида боришмоқда. Агар ҳозирда пешқадамлик қилаётган «Спортинг» 4 йил ичидаги иккинчи чемпионликка эришса, Аморим 1950 йиллардаги англиялик Рэндольф Гэллоуэйдан кейинги биринчи мураббий мақомини олади. Португалияда Рубенга катта умид боғлашган, уни Англияда ҳам интиқлик билан кутишмоқда, ОАВ эса АПЛда улкан муваффақиятга эришган Жозе Моуриньога қиёслашмоқда. Дарҳақиқат, Аморим «шерлар» билан самарали ҳамкорликни йўлга қўя олди. Эҳтимол, тез орада у португалиялик янги «беназир» мақомини олар.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади