Кириш Регистрация

Аламзада футболчи - бизнес даҳоси

Баҳо:
+ | -

Даниялик Мартин Брэйтуэйт «Эспаньол»ни тарк этиб, Бразилиянинг «Гремио» жамоаси таркибидан жой олди.

Энди футболчи ўзининг собиқ клубини харид қилиш хусусида бош қотирмоқда. Медиа вакилларининг фикрича, Мартин клуб раҳбарияти билан орани очиқ қилиб, уни жамоада кўришни истамаган мутасаддиларни лавозимларидан четлатишни мақсад қилган.

Брэйтуэйт маблағни қаердан олган?

Мартин - камида 250 млн. долларли сармоя соҳиби, клубни харид қилиш масаласида муаммога дуч келмаса керак. Айниқса, лойиҳага сармоядорларни жалб этса - бу борада тажрибаси етарли.

Энг бадавлат футболчи

2021 йилда Брэйтуэйт «Барселона»нинг энг бадавлат футболчиси эканлиги маълум бўлганди. Айнан шу сабабли уни молиявий инқироз туфайли чўкиб бораётган топ-клубга қабул қилишганди: футбол грандлари мезонига кўра, Мартиннинг иш ҳақи йилига 6 млн. евро атрофида, жамоадошлари орасида 14-ўринда эди. Брэйтуэйтнинг лаззат олиш учун футбол ўйнаши, маблағ уни қизиқтирмаслиги ўша пайтдаёқ маълум бўлганди.

Мартин - катта оиладан. Унинг ота-онаси АҚШда учрашишган, кейинчалик онасининг ватани бўлмиш Данияга кўчиб ўтишган. Лекин футболчининг қариндошлари, жумладан, энг асосий шахс - амакиси Филип Майкл Штатларда қолишган. 2014 йилда Филип кўчмас мулкка сармоя киритишга ихтисослашган хусусий компаниясини ташкил этди ва бу ҳақда харидоргир китоб ёзди. Шу тариқа Майкл Дания­даги қариндошлари, айниқса, Мартин билан алоқани кучайтирди. 2017 йилда Филип ва Мартин жуфтлиги NYCE Companies лойиҳасига асос солди.

Брэйтуэйт 1 млн. доллар сармоя киритиб, дастлабки йирик инвесторга айланди. Ўшанда бу Мартин учун катта маблағ бўлган, «Мидлсбро»даги йиллик иш ҳақи тахминан шунча эди.

Сармояларни жалб этиш

NYCE қандай юмушлар билан шуғулланади? Турар-жой иншоотларини қуриб, кейин унга сармоя киритиш ниятида бўлган шахсларга ёрдам беради. Аввалига компания Жерси-Сити туманида ҳашаматли уйларни тикладилар, икки йилдан кейин эса TRIBE иловасини ўйлаб топиб, истаган кишиларни инвесторликка таклиф эта бошладилар. Аъзолик бадали атиги 100 доллар. Албатта, битта «қоғоз» эвазига бинонинг саноқли сантиметрларини харид қилиш мумкиндир. Лекин келажакда ўз улушини бир неча баравар қимматроқ баҳода сотиш имкониятига эга бўлинади. Ахир кўчмас мулк номли хазина тобора қимматлашиб бораверади.

Пандемия даврида компания ақлли уйлар бозорига киришга қарор қилди. Масалан, Филадельфия Университети учун ётоқхона қуришни бошлади. Айни паллада ўз мақомини ҳам ўзгартирди, яъни, акциядорлик жамиятига айланди. Энди унинг акцияларини қимматбаҳо қоғозлар бозорида харид қилиш имконияти пайдо бўлди. Натижада, компания 25 млн. доллар сармояни ўзига жалб этди.

Брэйтуэйтнинг бизнес-империяси

Мартин ўзининг имкониятларидан самарали фойдаланади. Асосий йўналиши бўлган кўчмас мулк сармоядорлигидан ташқари, ўз рафиқаси билан Trente кийим-кечаклар брендини ҳамкорликда бошқаради, яқинда Барселонада ресторан очди.

Бу муассаса вегетерианлар учун гўштсиз таомлар тайёрланади, менюнинг муаллифи - Мартиннинг рафиқаси Анна Лаура. Ҳозир рестораннинг фаолият доираси кенгайиб кетган - у индивидуал таомларни тайёрлаш ва уйга етказиб бериш вазифаларини ҳам ўз зиммасига олган.

Бизнесменнинг кўчмас мулк соҳасидаги ишлари ҳам чакки эмас - 2021 йилда унинг измидаги хонадонлар сони 1500та етган, яна 500тасида бунёдкорлик давом этаётганди. Шунингдек, у 100 минг нафар инвесторларни ўзига жалб этганди.

«Эспаньол» унга нима учун керак?

Брэйтуэйт футбол клубини харид қилишга тайёр - ҳар ҳолда, матбуотда шундай хабарлар бор. Мартин «Эспаньол» раҳбарияти билан яхши муносабатда эмас. Кўпчиликнинг фикрича, у ўзини хафа қилган менежерлардан ўч олиш мақсадида собиқ жамоасини сотиб олишга қарор қилган.

Гап шундаки, Брэйтуэйт Дания терма жамоаси сафида Евро-2024да қатнашиш истагида эди. Бироқ уни турнирга жалб этишмагани барчага маълум. Ваҳоланки, Сегунданинг ўтган мавсумида ҳужумчи 22та гол ва 2та ассистнинг муаллифи бўлганди.

Футболчи «Эспаньол»даги ўйинига оид вазиятни қуйидагича шарҳлаганди: «Ўтган йил ёзида клуб мен билан шартнома муддатини узайтирмоқчи эди. Бироқ мутасаддилар менга нисбатан ҳурматсизлик намойиш этишди. Қани кўрайликчи, улар жамоада қолишимни истайдиларми ёки йўқми. Ўтган йилдаги таклиф менга ишонмасликларидан далолат берганди».

Бошқа тахминга кўра, бир йил аввал Мартин «Эспаньол» уни Ла Лига клубига қўйиб юборишини истаган ва шу йўл билан Дания термасидан чорлов олишни мўлжаллаганди. Бироқ бу ҳам амалга ошмади. Қувонарли ҳолат шуки, Брэйтуэйт ички можароларга қарамасдан, профессионалга хос тўп сурди ва жамоанинг элитага қайтишига муносиб ҳисса қўшди. Ҳозир 33 ёшли фахрий «Гремио» сафида, лекин «Эспаньол» хариди унинг бизнес-режасидан жой олган. Ўзингиз ўйлаб кўринг:

- Маблағ етарли - 3 йил аввалги 250 млн.дан кўплиги аниқ;

- Испаниядаги, ва айнан «Эспаньол» жойлашган Барселонадаги муваффақиятли бизнес;

- Инвесторларни жалб этиш тажрибаси, яъни, клубни харид қилишда муаммо бўлмаслиги.

Фақат битта салбий жиҳат бор: футбол клуби - бизнеснинг катта фойда келтирмайдиган ўзига хос соҳаси. Сармояни кўпайтиришнинг ишончли усули - брендни ривожлантириш ва кейинчалик улушни сотиш. Бироқ бунинг учун тиришқоқлик талаб этилади - «Эспаньол» майдонда ҳам муваффақиятли бўлиши лозим.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 15:20, 24.08.2024.
Ўқилди: 7240 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.