«Андижон» чемпионатнинг 9-тур учрашувини 24 апрель куни Тошкентда «Бунёдкор»га қарши ўтказади.
Бўлажак беллашув жамоаларнинг Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўзаро 31-учрашувига айланади. Ўтган йили биринчи даврада Андижонда бўлиб ўтган ўйинда меҳмонлар 0:2 ҳисобида устун келган бўлса, иккинчи давранинг сўнгги турида «Андижон» меҳмонда «Бунёдкор»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган. Ўша баҳсда андижонликлар сафида голларга Шахзод Азмиддинов ва Усмонали Исмоналиев муаллифлик қилган.
Умуман олганда, жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига кўра, «Бунёдкор» ҳисобида 22 та, «Андижон»да эса 2 та ғалаба бор. Яна 6 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати — 58:16.
Эслатиб ўтамиз, «Бунёдкор» — «Андижон» учрашуви 24 апрель куни соат 20:15 да бошланади.













