Давралар оралиғида «Локомотив» клуби ўз сафига бир қатор моҳир футболчиларни қўшиб олди. Шундай футболчилардан бири 2010 йилдан бери юртимизда фаолият кўрсатиб келаётган россиялик легионер Евгений Гоголдир.
2010 йилда айнан темирйўлчилар сафига келиб қўшилган Гоголь қисқа вақт ичида «Локо»нинг асосий таркибидан жой олибгина қолмасдан мухлислар қалбини ҳам забт этишга эришганди. Бироқ, мавсум якунида жамоа Олий лигани тарк этгач, россиялик футболчи аввалига ўз ватанига қайтди. Кейин яна Олий лиганинг бошқа вакили «Олмалиқ» клубидан тушган таклифни қабул қилиб, икки ярим йил Игорь Шквирин қўл остида тўп сурди ва йил сайин ўзининг ишончли ўйинлари билан тобора мухлислар меҳрини қозона бошлади. Давралар оралиғида бир қатор клублар Гоголни ўз таркибида кўриш истагини билдиришди. Бироқ, россиялик футболчи тақдирини яна ўзи учун бегона бўлмаган «Локомотив» жамоаси билан боғлашга қарор қилди. Фурсатдан фойдаланиб биз Евгений Гоголь билан клуб расмий сайти учун қисқача интервью олдик.
— Женя, аввало «Локомотив»га хуш келибсиз.
— Раҳмат.
— «Локомотив» жамоасининг таклифини қандай қабул қилдингиз?
— Ўзбекистонда 2010 йилдан бери тўп суриб келмоқдаман. «Олмалиқ» жамоасидаги шароитлар ҳам ёмон эмасди. Бироқ, менда кучимни ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган жамоада синаб кўриш истаги кучлилик қилди. Давралар оралиғида менга бир қатор етакчи клублар томонидан қизиқиш борлигини айтишди ва улар орасида айнан «Локомотив»нинг таклифи жиддий бўлганлиги учун темирйўлчилар жамоаси сафига қўшилишга қарор қилдим. Бу жамоа билан совринларни қўлга киритишни истайман.
— Сир бўлмаса сизга яна қайси жамоалар қизиқиш билдирганди?
— Энди бунинг нима аҳамияти бор? Муҳими, мен ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган жамоа сафига ўтдим ва бундан хурсандман.
— Мана ўзингиз учун бегона бўлмаган жамоадасиз. Ўтган вақт оралиғида бу ерда нималар ўзгарибди?
— Очиғи, «Локомотив»да мен аввал тўп сурган даврга нисбатан ўзгаришлар жуда катта. Олдин жамоанинг базаси ҳам йўқ эди. Ҳозир эса жамоа барча шароитлар яратилган замонавий базага эга. «Локомотив» стадионининг майсаси ҳолати эса Ўзбекистонда энг яхшиларидан бири, деб айтишим мумкин. Илгари жамоа ТТЙМИ стадионида тўп сурарди. Майдоннинг ҳолати талабга жавоб бермас, бу ўз навбатида натижаларга ҳам таъсирини кўрсатмасдан қолмасди. Чунки, ўз майдонимизда машғулот ўтказмасдик ва фақат расмий ўйин олдидан чигалёзди машқлар олиб борардик. Бу эса бизни рақиблар билан деярли бир хил шароитда тўп суришга мажбур қиларди. Ҳозир эса ҳаммаси ўз ўрнига қўйилган. Қисқачи, «Локомотив» тобора профессионаллашмоқда.
— Жамоага мослашиш жараёнида қийинчилик туғилмаяптими?
— Йўқ. Боиси, жамоа сафида тўп сураётган кўпгина футболчилар билан илгари бирга ўйнаганман ёки рақобатлашганмиз. «Локомотив»да тўп сурганлардан жамоа сардори Дилшод Жабборовни яхши биламан. Яна Дилшод Раҳматуллаев билан аввал «Локо», сўнгра «Олмалиқ»да бирга тўп сурдик. Собир Усмонхўжаев, Темур Ғаниев ва яна бошқа футболчилар билан ҳам бирга ўйнаганман. Шу боис жамоага киришиб кетишда қийналганим йўқ.
— Мана, Ўзбекистонда тўртинчи мавсум тўп суряпсиз. Айтингчи, шу йиллар ичида миллий чемпионат савияси ошиб боряптими ёки аксинча?
— Менимча, Ўзбекистон миллий чемпионатининг савияси борган сари ўсмоқда. Илгари, яъни Ўзбекистонга янги келган пайтларимда «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари рақибларидан бир бош устунлиги яққол кўзга ташланарди. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Масалан, «Олмалиқ» клуби охирги йилларда бу жамоалардан очко тортиб олишнинг яхшигина ҳадисини олди.
— Фаолиятингизни Россияда давом эттириш истаги туғилмаяптими?
— Ватанимга қайтишга қарши эмасман. Аммо, Премьер-лига бирон-бир вакили ёки 1-дивизиондан ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган жамоалардан таклиф тушгани йўқ. Россия 1-дивизионидаги ўртаҳол жамоаларда ўйнагандан кўра Ўзбекистонда, Олий лига жамоаларида тўп суришни афзал кўряпман.
— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат. «Локомотив»даги фаолиятингизда омадлар тилаб қоламиз.