Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев Шаҳрам Ғиёсовнинг жангига муносабат билдирди.
“Шаҳрамнинг жангини кўрдим, яхши жанг бўлди. 63,5 кг вазнда бемалол натижа қилсам бўлар экан. Уларнинг вазни мендан битта баланд. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Менинг Субриэл Матиас билан чемпионлик жангимни кўрган бўлсангиз керак. Агар жароҳатим бўлмаганида ғалаба қозонган бўлардим. Жароҳатларимнинг суратини кўрсатгандим, еттита жойимда пичоқ излари бор эди. Ҳатто Матиас билан Жервонта Дэвис ҳам жанг қилмади. Чунки у яхши спортчи, бунга 2 йил бўлди. Оёқларим ҳам секин-аста тикланяпти. Ўйлайманки, 63,5 кг, ҳатто 66,5 кг вазнда ҳам имкониятим бор. Мотивация — "бомба". Мен ҳар доим рингга чиққанимда ўзимга ишонганман. Жанг қилмасам бўлмайди, яхши формадаман. Мени қўллаб-қувватлаганларнинг ишончини оқлайман, энг асосийси ҳали зарбаларим бор. Қаттиқ ишлайман, олдиндаги жангимда ғалаба қозонсам, катта мақсадларга тайёр бўламан”, деди Эргашев Instagram саҳифасида.
Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида IBF камарига собиқ даъвогар бўлган Шоҳжаҳон Эргашев 6 июнь куни “Humo Arena”да ўтказиладиган аралаш яккакурашлар бўйича халқаро турнирниг марказий жангида қозоғистонлик Ботир Жукембаев билан тўқнаш келади. Эргашев профессионал боксда 28 та жанг ўтказиб, 26 та ғалаба қайд этган, Иккита жангда имкониятни бой берган. 23 марта рақибларини муддатидан аввал мағлуб этган. Жукембаев эса 24 та ғалаба ва битта мағлубият қайд этган. 17 та жангда рақибларини нокаутга учратган.
Шоҳжаҳон Эргашев 2023 йилнинг 25 ноябрь куни 63,5 кг вазн тоифасида IBF чемпионлик камари учун ўтказилган жангда пуэрто-риколик Субриэл Матиасга қарши рингга кўтарилган ва 5-раунддан сўнг жангни давом эттира олмаган.
Шаҳрам Ғиёсов эса 24 май куни ўзи сингари чемпионлик учун даъвогар бўлган Жек Каттералга қарши рингга кўтарилди. WBA Regular камари учун кечган баҳс тўлиқ давом этди ва унда Шаҳрам 118-109, 119-108, 116-111 ҳисобида имкониятни бой берди. У биринчи раундда нокдаун ҳолатига ҳам тушиб қолди.
Каттерал жами 551 та зарбадан 219 тасини (40 фоиз) аниқ йўллаган бўлса, Ғиёсов 366 та зарбадан атиги 78 тасини (21 фоиз) рақибга тегди. Кучли зарбалар бўйича ҳам Каттерал катта устунликка эга бўлди — 98 га 55.
Шу тариқа, Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Унинг ҳисобида, шунингдек, 17 ғалаба (10 нокаут) мавжуд бўлиб, сўнгги бор 2025 йил апрель ойида Франко Окампони тўртинчи раундда нокаутга учратган эди.
Бугунги жангга қадар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси WBA рейтингида биринчи ўринда қайд этилган бўлса, Каттерал олтинчи поғонада бораётган эди. Ушбу йўналиш чемпиони эса америкалик Роландо Ромеро ҳисобланади.
32 ёшли Каттерал (33 ғалаба, 2 мағлубият, 14 нокаут) проф боксдаги 33 ғалабасига эришди. У ўзининг сўнгги жангини 2025 йил ноябрь ойида ўтказиб, Эков Эссуман устидан ишончли ғалабага эришган эди. Англиялик боксчи WBO рейтингида 1-ўринда жойлашган. Ғиёсов эса 11-поғонада қайд этилган. Йўналиш чемпиони — Девин Хейни.













