Португалия терма жамоаси ва Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду клубнинг трансфер сиёсатига кўпроқ таъсир кўрсатиш ниятида. Бу ҳақда Sports.kz 365Scores Arabic маълумотларига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, португалиялик футболчи «Ан-Наср» раҳбариятидан трансфер бозорида ташқи тузилмалар аралашувисиз мустақил иш олиб боришни сўраган. Роналду жамоани шакллантиришга оид барча қарорлар бевосита клубнинг спорт департаменти томонидан қабул қилинишини истамоқда.
Шу тариқа, 41 ёшли ҳужумчи «Ан-Наср»нинг ички мусобақалар ва Осиё турнирларида мунтазам совринлар учун кураша оладиган узоқ муддатли лойиҳани шакллантиришига ҳисса қўшмоқчи.
Саудия клубининг асосий трансфер мақсадларидан бири ҳамон «Манчестер Юнайтед» сардори Бруну Фернандеш бўлиб қолмоқда. Хабар қилинишича, «Ан-Наср» Португалия терма жамоаси ярим ҳимоячисини ўз сафига қўшиб олиш учун сўнгги уринишни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Расмий музокаралар бошланишидан олдин клуб Фернандешнинг молиявий талабларини ўрганмоқчи. Роналду эса терма жамоадаги шеригини Ар-Риёдга кўчиб ўтишга шахсан кўндиришга тайёр. Аввалроқ Бруну Фернандеш бир неча бор Саудия Арабистонига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган, аммо у Европа футболида қолишни афзал кўрган эди.
Шунингдек, «Ан-Наср» ёзги трансфер ойнасида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган молиявий самарадорлик сертификатини олди. Қолган чекловлар тўлиқ бекор қилингач, клуб янги шартномалар тузиш ва амалдаги келишувларни узайтириш имкониятига эга бўлади.
Al-Riyadiyah маълумотларига кўра, «Ан-Наср»нинг Саудия Арабистони Спорт вазирлиги ва маҳаллий лига олдида муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмас. Шунингдек, клуб давлат томонидан ажратилган молиявий маблағни ҳам қабул қилган бўлиб, унинг бир қисми юлдуз футболчиларни харид қилишга йўналтирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду ЖЧ-2026да бешта учрашувда иштирок этиб, учта гол урди. У жаҳон чемпионатлари тарихида олти мундиалда гол урган илк футболчига айланди ва мундиаллардаги умумий голлари сонини 11 тага етказди.
Бруну Фернандеш ҳам Португалия терма жамоасининг барча бешта учрашувида майдонга тушиб, битта голли узатма амалга оширди. Португалия 1/8 финалда кейинчалик чемпионликни қўлга киритган Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашган эди.













