Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси (КPFА) мамлакатдаги футбол мавсумини куз-баҳор тизимига ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда The Кореа Times нашри хабар берди.
КPFА баёнотида, Корея чемпионатининг мавсумини куздан баҳоргача давом этадиган тизимга ўтказиш футболчиларни иқлим ўзгариши ва тобора кучайиб бораётган ёзги иссиқдан ҳимоя қилиш учун зарурлиги таъкидланган.
Бунга Жанубий Кореяда кузатилаётган рекорд даражадаги иссиқ ҳаво сабаб бўлмоқда. 2 август куни мамлакат жануби-шарқидаги Янгсан шаҳрида ҳарорат 42,5 даражага кўтарилди. Бу ҳудуддаги расмий кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Кучли иссиқ сабаб Жанубий Корея бейсбол лигасидаги учрашувлар ҳам бир ҳафтага тўхтатилган.
КPFА ўтказган сўровномада профессионал эркаклар ва аёллар лигаларидан 536 нафар футболчи қатнашган. Уларнинг 86,2 фоизи жазирама иссиқ жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатганини билдирган. Футболчилар орасида энг кўп қайд этилган муаммолар бош айланиши (64,7 фоиз), сувсизланиш (56,6 фоиз) ва бош оғриғи (32,2 фоиз) бўлган.
Ассоциация президенти Жанубий Корея терма жамоасининг собиқ футболчиси Ли Кун Хо қишки танаффус орқали янги тақвимга ўтиш мумкинлигини таъкидлади.
“Қишнинг энг совуқ ойларида танаффус қилиш футболчиларга жароҳатлардан сақланиш ва жисмоний ҳолатини яхшироқ тиклаш имконини беради”.
Бироқ Жанубий Кореядаги қаттиқ қиш ҳам мавсумни ўзгартиришга тўсқинлик қилиши мумкин. Декабрдан февралгача мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушиб, қор ёғиши кузатилади. Шу сабабли ассоциация стадионларда иситиш тизимларини кучайтириш ва майдонларда гибрид чимлардан фойдаланишни таклиф қилмоқда.
Ҳозирда Корея К-лигаси мавсуми 28 февралдан 6 декабргача давом этиши режалаштирилган. Футболчилар эса келгусида ёзнинг энг иссиқ даврида учрашувлар ўтказилмаслиги учун тақвимни тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда.













