«Барселона» раҳбарияти жамоа марказий ҳимоячиси Жерар Мартинга янги шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Barça Universal нашри Radio MARCA манбасига таяниб хабар берди.
Мартин «Барселона»га 2023 йилда қўшилган. Клуб қанот ҳимоячиси учун атиги 100 минг евро тўлаган. Кейинчалик «кўк-анорранглилар» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Мартинни марказий ҳимоячи сифатида ўйната бошлади.
Жорий мавсумда 24 ёшли испаниялик футболчи Ла Лигада олтита учрашувда майдонга тушди ва уларнинг бештасини асосий таркибда бошлади.
Мартиннинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил қилади.













