14 октябрь куни «Насаф» Осиё Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг 2026/27 йилги мавсуми 2-тури доирасида БААнинг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилади. Қаршиликлар мусобақанинг дастлабки турида Баҳрайннинг «Ал-Халдия» жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.
Келинг, «Насаф»нинг навбатдаги рақиби ҳақида батафсил тўхталамиз.
«Ал-Ваҳда» Бирлашган Араб Амирликлари футболининг энг номдор клубларидан бири ҳисобланади. Абу-Даби шаҳрида жойлашган жамоа 1984 йилда икки клубнинг бирлашиши натижасида ҳозирги номи билан ташкил топган. Клубнинг тарихий илдизлари эса 1966 йилга бориб тақалади.
«Ал-Ваҳда» номи араб тилидан «Бирдамлик» ёки «Бирлик» маъносини англатади. Жамоа мухлислар орасида «Ал-Анаби», яъни «Тўқ қизиллар» лақаби билан машҳур. Клубнинг асосий ранглари тўқ қизил, кўк ва оқ ҳисобланади.
«Ал-Ваҳда» ўз уй учрашувларини Абу-Даби шаҳрида жойлашган «Ал-Наҳян» стадионида ўтказади. 1995 йилда фойдаланишга топширилган мазкур арена 15 894 нафар мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. Стадион 2019 йилги Осиё кубоги олдидан реконструкция қилинган ва мусобақанинг бир қатор учрашувларига мезбонлик қилган.
«Ал-Ваҳда» БАА футболининг тарихий грандларидан бири саналади. Клуб мамлакат чемпионатида 4 марта ғолиб чиққан. Жамоа 1998/99, 2000/01, 2004/05 ва 2009/10 йилги мавсумларда чемпионликни қўлга киритган. Шунингдек, «Ал-Ваҳда» икки карра БАА Президенти кубоги, тўрт карра Лига кубоги ва тўрт карра мамлакат Суперкубоги соҳиби ҳисобланади.
Жамоа халқаро майдонда ҳам муҳим натижаларга эришган. «Ал-Ваҳда»нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги энг яхши кўрсаткичи 2007 йилга тўғри келади. Ўша мавсумда клуб чорак финалда Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасидан устун келиб, ярим финалга йўл олган. Бироқ ушбу босқичда Эроннинг «Сепаҳон» клубига икки учрашув натижасига кўра 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган.
2009/10 йилги мавсумда БАА чемпионлигини қўлга киритган «Ал-Ваҳда» 2010 йилда мамлакат мезбонлик қилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этган. Жамоа дастлабки учрашувда Папуа-Янги Гвинеянинг «Ҳекари Юнайтед» клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этган. Кейинги босқичда эса Жанубий Кореянинг «Соннам Илва» жамоасига 1:4 ҳисобида ютқазган. Бешинчи ўрин учун баҳсда Мексиканинг «Пачука» клубига пенальтилар сериясида имкониятни бой берган.
«Ал-Ваҳда» 2025/26 йилги мавсумда БАА чемпионатини 5-ўринда якунлади. Жамоа мамлакат Лига кубогида эса ғолиб чиқди. Финалда «Ал-Айн» билан асосий вақтда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган Абу-Даби вакиллари пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида устун келди. Шу тариқа «Ал-Ваҳда» ўз тарихида тўртинчи бор мазкур совринни қўлга киритди.
«Ал-Ваҳда»ни айни пайтда бразилиялик 61 ёшли мутахассис Периклес Шамушка бошқармоқда. У мураббийлик фаолияти давомида Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа мамлакатлар клубларида ишлаган. Хусусан, «Ал-Ҳилол», «Ал-Шабоб», «Ал-Тавун», «Ал-Файсалий», «Ал-Ғарафа» ва «Неём» жамоаларида фаолият олиб борган.
Шамушканинг мураббийлик фаолиятидаги муҳим ютуқларидан бири 2020/21 йилги мавсумга тўғри келади. У Саудия Арабистонининг «Ал-Файсалий» клубини ўз тарихида илк бор мамлакат Қирол кубоги ғолиблигига олиб чиққан. Шунингдек, мутахассис «Неём» жамоаси билан Саудия Арабистони Про лигасига чиқишга муваффақ бўлган.
«Ал-Ваҳда» таркибида халқаро миқёсда катта тажрибага эга футболчилар мавжуд. Жамоанинг энг машҳур ўйинчиларидан бири бельгиялик ҳужумчи Кристиан Бентеке ҳисобланади. У фаолиятининг катта қисмини Англия Премьер-лигасида ўтказган. Хусусан, «Астон Вилла», «Ливерпуль» ва «Кристал Пэлас» клублари шарафини ҳимоя қилган. Кейинчалик АҚШнинг «Ди Си Юнайтед» жамоасида фаолият олиб борган ҳужумчи 2026 йилнинг январь ойида «Ал-Ваҳда» сафига қўшилган.
Жамоанинг яна бир асосий юлдузи Сурия миллий терма жамоаси ҳужумчиси Умар Харбин ҳисобланади. 32 ёшли футболчи 2017 йилда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилган. У аввалроқ Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасида фаолият олиб борган ва Осиё Чемпионлар лигасида ҳам катта тажриба орттирган. Харбин 2021 йилдан буён «Ал-Ваҳда» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Клуб таркибида, бундан ташқари, БАА терма жамоаси футболчиси Кайо Канедо, бразилиялик ҳимоячи Лукас Пимента, тунислик Алаэддин Зуҳир каби футболчилар ҳам фаолият олиб бормоқда.
Ёзги трансферлар ойнасида «Ал-Ваҳда» таркибини бир қатор легионерлар билан кучайтирди. Жамоа Грециянинг «Панатинаикос» клубидан Словения терма жамоаси ярим ҳимоячиси Адам Гнезда Черинни 3 миллион еврога трансфер қилди. Шунингдек, Испаниянинг «Алавес» клубидан малилик ҳимоячи Мусса Диарра, Аргентинанинг «Сан-Лоренсо» жамоасидан Лаутаро Монтенегро ва Парагвайнинг «Олимпия» клубидан дарвозабон Факундо Инсфран ҳам Абу-Даби клубига келиб қўшилди.
«Ал-Ваҳда» Осиё Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг янги мавсумини ғалаба билан бошлади. Жамоа дастлабки турда Қувайтнинг «Қувайт СК» клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Абу-Даби вакиллари учрашувнинг дастлабки 8 дақиқасида иккита гол ўтказиб юборганига қарамай, якунда иродали ғалабани қўлга киритди. Жамоанинг голларига Мусса Диарра, Ренне Ривас ва Кристиан Бентеке муаллифлик қилди. Бельгиялик ҳужумчи 90+7-дақиқада ғалаба тўпини киритди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг 2-туридан ўрин олган «Насаф» — «Ал-Ваҳда» учрашуви 14 октябрь куни Қарши шаҳридаги Марказий стадионда бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 18:45 да старт олади.













