Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Игнатий Нестеров: «Иордания дарвозасига урилган тезкор гол бизга салбий таъсир кўрсатди»

Баҳо:
+1 | -

Игнатий Нестеров Ўзбекистон Кубоги финалида “Бунёдкор” ва “Насаф” ўртасида кечган учрашувга қўлтиқтаёқда келди. Тажрибали дарвозабон август ойида оғир жароҳат олган ва Германияда жарроҳлик амалиётини ўташга мажбур бўлганди.  Игнатийнинг жароҳати оғир йўқотиш бўлди, терма жамоада унинг ўрнини боса оладиган маҳоратли дарвозабон топилмади. Қолгани эса ҳаммага аён – Ўзбекистон терма жамоаси Иорданияга имкониятни бой берди...

Нестеров билан шу ва бошқа масалалар борасида суҳбатлашиб олишни истагандик. Аммо Кубок финали ўтказилган куни бунинг мавриди бўлмади. Шу сабабли у билан эртаси куни учрашишга келишиб олдик. Олдинга ўтиб айтиш лозим, суҳбатимиз у қадар ёқимли бўлмаган мавзуларда кечди...

— Стадионда мухлислар сизни кўргач анча хурсанд бўлдилар ва олқишладилар. Бундай олқишларни ўзингиз ҳам соғиниб қолган бўлсангиз керак?
— Албатта. Уларнинг қўллаб-қувватлаши менга катта руҳий мадад бўлди. Айниқса оғир жароҳатдан сўнг бундай кўмакка муҳтож бўларкансан.

— Жароҳатингиз анча тузалиб қолдими?
— Аста-секин тузалаяпман. Кўриб турганингиздек, ҳозир анча ўзимга келиб қолдим. Муолажаларни олаяпман, насиб қилса баҳорга бориб майдонга қайтсам керак.

— Жарроҳлик амалиёти қачон ўтказилди? Касалхонадан чиқишга қачон рухсат беришди?
— 4 сентябрда Германияда жарроҳлик амалиётидан ўтдим. Касалхонадан чиқишга 9 сентябрда рухсат бердилар. Тўғрисини айтсам, буни ўзим илтимос қилгандим. Чунки бир кундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси Иорданияга қарши майдонга тушиши керак эди. Йигитларни қўллаб туришни истагандим. Амалиётдан  ўтиш олдидан шифокорлар билан суҳбатлашдим ва улардан мени 9 сентябрда қўйиб юборишларини илтимос қилдим. Фақат ваъда берганларидан сўнг жарроҳлик амалиётига рози бўлдим. Улар ўз ваъдаларида турдилар ва мени 9 сентябрда қўйиб юбордилар.

— Кейин бу қарорингиздан афсусланмадингизми? Ахир Ўзбекистон терма жамоаси Иорданияга имкониятни бой берди...
— Афсусланишга-ку, афсусланмадим. Аммо қаттиқ қайғурганим рост. Терма жамоани қўллаб-қувватлашни ният қилгандим. Шу мақсадда шошилинч тарзда Ўзбекистонга қайтиб келгандим. Афсуски, ўша ўйинларда терма жамоа керакли натижага эриша олмади...

— Терма жамоа мавзусида сўз очган экансиз, бир нарсани сўрасам, нима сабабдан анча кучсиз ҳисобланган Иорданиядан ўта олишмади?
— Очиғи бу нарса менга ҳам қоронғу бўлиб турибди. Аслида ҳаммаси жуда яхши бошланганди. Йигитлар сафардаги учрашувда дуранг қайд қилгандилар. Плей-офф учрашувларида эса бу жуда яхши натижа. Аслида терма жамоамиз Иорданияда энг яхши ўйинини намойиш қила олмаганди. Ўртачадан сал яхшироқ ўйнади деса ҳам бўлади. Аммо шу ҳам 1:1 ҳисобидаги дуранг учун кифоя бўлди. Боя айтгандимдек, бу жуда яхши натижа эди. Бундай ҳисобдан сўнг Иордания Тошкентдаги учрашувда ҳужумга отланиши ва ўз ҳимоясини кучсизлантириб қўйиши муқаррар эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Тошкентдаги ўйинда рақиб ҳимояси бўшашиб қолди ва тезкор гол киритдик. Ҳаммаси яхши бошланганди, аммо... Менимча айнан шу тезкор гол бизнинг зараримизга ишлади. Йигитлар анча бўшашиб қолдилар шекилли.

— Футболда анча йиллардан буён фаолият олиб бораётган инсон сифатида айтингчи, қандай қилиб анча кучсиз бўлган жамоа Ўзбекистондан устун чиқа олди? Иорданиялик журналистларнинг тан олиб айтишларича, улар юртимизга йирик ҳисобдаги мағлубиятга тайёр бўлиб келган эканлар.
— Терма жамоа тезкор голдан сўнг аввалги ўйинни йўқотиб қўйди. Иштиёқ сусайиб қолгандек туюлди. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш мумкин, терма жамоа етакчилари ўзларидан кутилган ўйинни намойиш қила олмадилар. Тажрибали футболчилар гол урилгач, ўйин жиловини ўз қўлларига олишлари лозим эди. Комбинацион ўйин ташкил қилиб, паслар орқали ташаббусни тўлиқ ушлаб туришлари талаб қилинарди. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлайман. Аммо ўйиннинг бориши ўзгариб кетди. Ҳамма футболчилар яна гол киритиш учун олға ташландилар ва натижада рақиб бизни жазолади. Агарда бироз жамоавий ўйин намойиш қилиб, ўйин суръатини  ушлаб тура олганларида, Иорданияни йирик ҳисобда мағлуб этиш ҳам мумкин эди. Аммо тақдир қилмаган экан, нима ҳам дердик...

— Сизнинг ўрнингизга майдонга тушган Мурод Зухуров  борасида нима дея оласиз? Ўтказиб юборилган голда унинг айби ҳам етарлича эди.
— Биласизми, мен жамоадошларим ўйинини муҳокама қилишни ёқтирмайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: Мурод Зухуровда ўйин амалиёти кам бўлгани панд берди. У анча вақтдан буён асосий таркибда ўйнамаётганди, табиийки, бирдан майдонга тушиб, ўйинга киришиб кетиш анча қийин бўлади.

— Ундай бўлса мураббийлар штаби Зухуровни асосий таркибда майдонга тушириб тўғри қилдими? Ахир унда ўйин амалиёти етишмасди-ку...
— Мен Германияга кетиш олдидан терма жамоа йиғинини кузатиб бордим. Анча вақтдан буён мамлакатимиз бош жамоаси шарафини ҳимоя қилиб юрганим учун дарвозабонлар мураббийи Пётр Гизимчук ҳам менинг фикрим билан қизиққанди. Номзодлар кўп эмасди – Мурод Зухуров, Александр Лобанов ва Элдор Суюнов. Табиийки, улардан қай бирига ишонч билдириш ҳақида турли мулоҳазалар бўлди. Александр Лобанов ва Элдор Суюнов — яхши ва кучли дарвозабонлар. Аммо бир нарсани тўғри тушуниш лозим, терма жамоада халқаро ўйинлар тажрибаси жуда муҳим аҳамият касб этади. Олий лига ўйинларида майдонга тушиш бошқа, бутун бошли мамлакат шарафини ҳимоя қилиш бошқа. Бундай вақтларда унча-мунча маҳоратли футболчилар ҳам ҳаяжонга тушиб қолишлари табиий. Александр Лобанов гарчи “Пахтакор” таркибида Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўйнаган бўлса-да, ҳали терма жамоада бирорта ҳам учрашувда майдонга тушмаган. Ҳатто ўртоқлик ўйинларида бир бора бўлсин дарвозани қўриқламаган. Элдор Суюнов эса бу йил “Насаф” таркибида мунтазам ўйнай бошлади. Табиийки бундай тажрибасиз дарвозабонларга ишонч билдириб бўлмасди. Мурод Зухуров эса мудом терма жамоа билан бирга, анча-мунча ўртоқлик ўйинларида майдонга тушган, кўзи пишган дарвозабон. Албатта бу ўринда асосий қарор терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов томонидан қабул қилинганди. Мен ҳам бу қарорни тўғри деб ҳисоблайман. Мурод кўп ҳолларда терма жамоани муқаррар хавфдан қутқара олди.

— Бироқ сизнинг ўрнингизни тўлиқ босди деб айтиш ҳам қийин. Нима деб ўйлайсиз, қандай сабабларга кўра биргина жароҳат натижасида терма жамоанинг энг муҳим чизиғи кучсизланиб қолди. Нима сабабдан сизга муносиб ўринбосар чиқмади?
— Мен буни олий лигамиздаги ҳолат билан боғлаган бўлардим. Эътибор берган бўлсангиз, бутун Осиёда бирорта ҳам давлатда легионер дарвозабонлар йўқ. Ўзингиз ҳам бир қизиқиб кўришингиз мумкин, Осиёда асосан маҳаллий дарвозабонларга ишонч билдирилади. Аммо бизнинг олий лигада четдан келган дарвозабонлар истаганча топилади. Ҳозир мен сизга санаб беришим мумкин. Ўтган мавсум “Бухоро”, “Навбаҳор”, “Олмалиқ”, “Шўртан” ва “Насаф”да легионер дарвозабонлар бор эди. Улар асосий таркибда ўйнаганларини инобатга оладиган бўлсак, ўзи 14 жамоа иштирок этадиган олий лигамизда ўзбекистонлик дарвозабонлар бармоқ билан санарли даражада қолишини кўришингиз мумкин. Бизнинг дарвозабонларда Осиёга чиқиб ўйнаш имконияти йўқ, чунки улар легионерлар билан шартнома имзолашни истамайдилар. Европа клублари эса Осиёдан дарвозабон қидиргандан кўра Сербияданми, Хорватиядан топишни маъқул кўрадилар. Айнан шу сабабларга кўра биз хорижга чиқа олмаймиз. Табиийки ўзбекистонлик дарвозабонлар учун тажриба тўплаш жойи сифатида фақат олий лига қолмоқда. Аммо бу ердаги жойларни ҳам легионерлар эгаллаб олган. Шундай бўлгач, қандай қилиб ўзимиздан кучли дарвозабонлар чиқиши мумкин?

— Муаммонинг ечими сифатида олий лигада хориж дарвозабонларига таъқиқ қўйилишини таклиф қилмоқчимисиз?
— Албатта. Аллақачон шундай қилиш лозим эди. Шу вақтга қадар қанчадан-қанча иқтидорли ёшларни бой бердик. Ишончим комил, агар легионер дарвозабонларга лимит қўйилса, Ўзбекистондан кучли дарвозабонлар етишиб чиқади. Фақат уларга ишонч билдириш лозим.

— Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Сизнинг ёшингиз эса 30 га қараб кетмоқда. Нима деб ўйлайсиз, сизда энди мундиалда ўйнаш имконияти бўлармикан?
— Ҳозир мутлақо бу ҳақида ўйламаяпман. Айни вақтда бор фикру хаёлим тезроқ соғайиб, сафга қайтишдан иборат. Кеча “Бунёдкор”нинг Ўзбекистон Кубоги финалидаги ўйинини томоша қилдим. Ундан аввал эса терма жамоанинг Иорданияга қарши ўтказган учрашувига келгандим. Ҳар сафар ғалати ҳолатга тушиб қолаяпман. Тўғриси, ўйинни томоша қилиб сиқилгандан кўра, майдонга тушган минг марта яхшироқ экан. Иймансам ҳам очиғини айтаман, баъзи вақтларда шу қадар майдонга тушиб кетгим келадики, йиғлаб юборишга тайёр бўлиб қоламан. Дарвозада турганимда ҳам бунча асаб йўқотмаганман. Майдондан ташқарига чиқиб қолишдан ёмони йўқ экан.

— Қачон майдонга қайтишингиз мумкин? Шифокорлар бу ҳақида нималар демоқдалар?
— Уларнинг айтишича феврал-март ойларида тўлиқ тузалиб кетаман. Ҳозир бор кучим билан тезроқ оёққа туришга ҳаракат қилаяпман. Муолажаларни тўлиқ олаяпман, машқларни ўтайдиган бўлиб қолсам, ишларим юришиб кетади деб ўйлайман.

— Жароҳат олганингизда оилангиз қандай аҳволга тушди? Сизни қўллаш учун Германияга ким бирга борди?
— Мен билан бирга боришларини истамадим. Кимнингдир қарамоғида бўлишни ёқтирмайман. Шу сабабли Германияга ёлғиз ўзим кетдим. Албатта, яқинларим билан мудом алоқада бўлдик, уларга аҳволим ҳақида тўлиқ хабар бериб турдим. Аммо ўзимни ўзим бемалол эплай олардим ва ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтожлик сезмадим. Мана, кўриб турганингиздек қўлтиқтаёқда бўлса ҳам ўзим юриб турибман.

— Ота-онангиз бундай қарорингизга қандай муносабатда бўлади? Ҳар ҳолда фарзанд ота-она учун ҳар доим фарзанд бўлиб қолаверади...
— Улар хорижда истиқомат қилишади. Табиийки улар билан ҳам мунтазам равишда алоқада бўлиб турдик. Ота-онам менинг табиатимни яхши билишади ва ҳеч нарса уларга ғайритабиий туюлмади. Улар билан алоқада бўлиб, интернет орқали суратларимни юбориб турдим. Шунинг ўзи етарли бўлди.

— Жароҳат олганингиздан сўнг руҳий тушкунлик бўлмадими? Одатда футболчилар оғир шикастга учраб, узоқ вақт майдонга туша олмай қолсалар, қийинчиликка дуч келадилар.
— Мен учун бу жароҳат биринчиси эмасди. Аввал ҳам мана шундай жароҳатга учраганман. Айтиш мумкинки бу борада тажрибам бор. Шу сабабли ҳаммасини рисоладагидек қабул қилдим ва руҳан ўзимни ушлаб туришга ҳаракат қилдим.

— Нима деб ўйлайсиз, жаҳон чемпионати саралашидаги муваффақиятсизлик ўзбек футболи ривожини ортга суриб юбориши мумкинми?
— Йўқ, бундай деб ўйлаймайман. Ўзбек футболида кўплаб ислоҳотлар ўтказилмоқда, футбол ривожи учун кўп ишлар қилинди. Табиийки бу ўзгаришлар самарасини бериши лозим. Ишонаманки Ўзбекистон терма жамоаси ҳали нафақат жаҳон чемпионатига чиқади, балки унда муносиб иштирок этишга ҳам муваффақ бўлади.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.darakchi.uz
Киритилди: 14:22, 06.10.2013.
Ўқилди: 5425 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.