Лондоннинг «Арсенал» клуби «Ҳалл Сити» қанот ҳужумчиси Муҳаммад Башир Беллумига қизиқиш билдирмоқда.
Goal нашри хабарига кўра, «тўпчилар» 24 ёшли футболчининг ўйинларини диққат билан кузатиб бормоқда ва уни қишки трансферлар ойнасида ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Футболчига яқин манбанинг маълум қилишича, Беллуми «Арсенал» томонидан бўлаётган қизиқишни ижобий қабул қилган. Англия ва Европа миқёсида юқори ўринлар учун кураш олиб борадиган клубга ўтиш унинг фаолиятида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, Муҳаммад Башир Беллуми Жазоир миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси, мамлакат футболи афсоналаридан бири Лаҳдар Беллумининг ўғли ҳисобланади.
Жорий мавсумда 24 ёшли вингер «Ҳалл Сити» сафида 10 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Беллумининг амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнь ойига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 18 миллион еврога баҳоламоқда.













