Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Олий лига-2013: Жамоаларга умумий шарҳ

Баҳо:
+ | -

Март ойидан йўлга отланган навбатдаги миллий чемпионатимиз баҳсларига ҳам якун ясалди. Бу галги биринчилигимиз олдингиларига насбатан бироз бошқачароқ ўтди, десак муболаға бўлмас. Зеро, ҳар доим ҳам чемпион номи сўнгги турда аниқланавермайди. 22 йиллик тарихда бу нарса тўртинчи марта кўзатилди. Бундан ташқари, лига билан хайрлашган иккинчи жамоа номи ҳам 26-турдан кейин ойдинлашди. Бугун жамоалар иштирокига бироз назар ташлаб ўтамиз.

Логотипдаги юлдуз
Бир йиллик танаффусдан кейин “қалдирғочлар” яна олтин медалга сазовор бўлишди. Бу “Бунёдкор”нинг бешинчи чемпионлиги сифатида  тарихга кирди. Энди жамоа логотипида битта юлдуз пайдо бўлади. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони бўлган жамоа логотипида юлдуз тасвирланади. Бунгача “Пахтакор” ва “Нефтчи” клубларида шундай юлдуз бор эди.

“Бунёдкор” мавсумни бир маромда ўтказди деб бўлмайди. Жамоа баъзи учрашувларда кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олди. Мавсумнинг сўнгги қисмини кўтаринки руҳда ўтказган Қосимов шогирдлари якунда маррага биринчи бўлиб етиб келишди. Александр Пишур эса Ўзбекистондаги биринчи мавсумида тўпурар бўлди.

Бир поғона кўтарилиш
Мавусум бошида кўпчилик “Локомотив” жамоасининг олтин медални қўлга киритишини тахмин қилганди. Негаки, “темирйўлчилар” йил бошида ўз таркибларини сезиларли даражада кучайтира олишганди. Иккинчи даврага келиб, “Локо” пешқадам бўлиб олганди. Лекин кутилмаган мағлубиятлар жамоага қимматга тушгани бор гап. Айниқса, “Қизилқум” ва “Динамо”да учралган мағлубиятлар ўз таъсирини ўтказди. Аммо шуни айтиш жоизки, “Локо” ўтган йилги натижасини яхшилашга эришди.

Сўнгги турга қадар курашган “аждарлар”
Қаршининг “Насаф” жамоаси ҳам мавсумни муваффақиятли ўтказдм, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда Рўзиқўл Бердиев шогирдлари чемпионатни совриндорлар қаторида якулашди. “Аждарлар” ўз майдонидаги учрашувларда мағлубиятга учрамади. Яна бир гап, “Насаф” мавсум давомида энг кўп пенальти тепган жамоага айланган бўлса ажаб эмас. Айтганча, Артур Геворкян ҳам мавсумни юқори даражада ўтказди. Чемпионатимизга айнан мана шундай легионерлар керак.

Кеч уйғонган “шерлар”
“Пахтакор” мавсумнинг биринчи қисмини бўш ўтказгани боис, совринсиз қолди. Мурод Исмоилов шогирдлари чемпионат сўнгги келиб, кетма-кет ғалаба қозонишди. Аммо олдинги ўйинларда йўқотилган очколари ўз сўзини айтди. Қанчалик ғалати туюлмасин, Осиё Чемпионлар лигасининг доимий иштирокчиси - “Пахтакор” ушбу мусобақадан четда қолди.

Барчани ажаблантирган жамоа
“Олмалиқ” жамоаси якунига етган мавсумда барчани ажаблантириб қўйди. Игор Шквирин шогирдлари айрим учрашувларда рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Баъзи ўйинларда эса кутилмаганда мағлубиятга учрашди., Умуман олганда, олмалиқлар учун мавсум омадли келди. Шквирин яна бир марта тажрибали мутахассис эканлигини исботлади.

Уйдаги “деворлар”га таянган жамоа
Бекободнинг “Металлург” клуби ўз майдонидаги ғалабалар эвазига кучли олтиликдан жой олди. Мирсодиқов шогирдлари мавсумни кўтаринки руҳда бошлашганди. Дастлабки турларда бекбодликлар рақибларни доғда қолдириб, пешқадамлар сафида боришди. Лекин вақт ўтиши билан барчаси изига тушди. “Металлург” иккинчи давра охирига келиб мағлубиятлар гирдобида қолиб кетди. Умуман олганда, Мирсодиқов жамоасига уйдаги деворлар ёрдам берганини таъкидлаш жоиз.

Клуб раҳбарларини қониқтирмаган ўрин
“Бухоро” жамоаси ҳам мавсумни бир текисда ўтказди, дея олмаймиз. Агамуродов шогирдлари ҳам сўнгги турларга келиб кетма-кет мағлубиятга учради. Айниқса, жамоанинг ўз майдонида “Динамо”га ютқазиб қўйгани мухлисларга оғир ботди.

Бухороликлар маррага еттинчи ўринда етиб келишди. Аммо бу ўрин клуб раҳбариятини қонтиқтирмагани боис, туркманистонлик мураббий Тачмурод Агамуродов истеъфога чиқарилди. Янги мавсумни “Бухоро” Эдгар Гесс бошчилигида ўтказади.

Ҳайдаров ишончни оқлади
Сўнгги турдаги ғалаба эвазига саккизинчи поғонага жойлашиб олган “Динамо” мавсумни анча бўш бошлаганди. Бунинг натижасида клуб раҳбарлари бош мураббийни алмаштиришга қарор қилишганди. «Динамо» 9-турдан «Қизилқум»нинг собиқ устози Равшан Ҳайдаров раҳбарлигида майдонга туша бошлади. Якунда самарқандликлар 8-поғонани банд этишди. Демак, энг яхши таъсир кўрсатган ўзгаришлардан бири шу. “Динамо”нинг ўз майдонида “Локомотив”ни доғда қолдиргани самарқандлик мухлисларга қувонч бахш этгани бор га. Айтиш жоизки, Ҳайдаров ўзига билдирилган ишончларни оқлади.

Тарихни янгилаган жамоа
2013 йилга қадар Олий лигада мураббий алмаштирмаган битта жамоа “Нефтчи” эди. Аммо жорий йилга келиб тарих янгиланди. «Ўзбекистонлик Фергюсон» номини олган Юрий Вазгеновичнинг истеъфоси кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди. Ахир ушбу мутахассис 1987 йилдан буён жамоани бошқариб келаётган, фарғоналиклар унинг қўл остида кўплаб совринларни қўлга киритишганди. Аммо бу дунёдаги ҳеч нарса абадий эмаслиги ўз исботини топди.

Саркисяндан сўнг жамоа унинг ёрдамчиси Евгений Шохин бошқарувига ўтди. 9-тур доирасида фарғоналиклар сафарда «Олмалиқ»дан 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашганидан кейин Шохин ҳам истеъфога чиқарилди ва маслаҳатчи-мураббий сифатида Амет Мемет таклиф этилди. Лекин амалда жамоани айнан у бошқарди. Амет Абдуллаевичнинг қўл остида «Нефтчи» бу мавсумни 9-ўринда якунлади. Жамоа аввалига бир қатор ғалабаларни қўлга киритди. Кейин эса “қора кунлар” бошланди. Нима бўлганда, ҳам “Нефтчи”даги ўзгаришлар самара бера бошлади. Янги мавсумда фарғоналикларнинг мақсади жиддий. Негаки, фарғоналик минглаб футбол мухлислар “Нефтчи”дан юқори натижаларни кутишади.

Мақсадига эришган жамоа
Мавсум-2013 олий лига дебютанти “Сўғдиёна” учун омадли ўтди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, Даврон Файзиев шогирдлари элитада қолишнинг уддасидан чиқишди. Бундан ташқари, жамоа кўрсатган ўйинлар мухлисларга манзур бўлди. Янги мавсум арафасида “Сўғдиёна”нинг бир қатор футболчиларига кучли жамоалардан чорловлар бўлса ажаб эмас.

Ўзига ўхшамаган жамоа
Мавсум давомида «Навбаҳор»да ҳам 3 нафар мураббий алмашди. Аслида Наманган жамоасида Усмон Асқаралиев, Роберт Гай ва Нўъмон Ҳасанов фаолият олиб боришди. Лекин амалда жамоани ўйинларга ушбу мутахассислар тайёрлаган бўлишса-да, расман бош мураббий Мустафо Байрамов ҳисобланади. Лекин ҳар сафар ўзгаришлар самара бермади. Бундан ташқари, наманганликлар бу сафар элитада қолиш учун кураш олиб боришганини ҳам таъкидлаш жоиз. “Навбаҳор” янги мавсумга жиддий ҳозирлик кўрмаса бўлмайди. Ахир наманганлик мухлислар доим юқори ўринларни талаб этишда.

Уч мураббий ишлаган жамоа
XXII миллий чемпионатнинг дастлабки истеъфоси 4-турдан кейин юз берди. «Қизилқум» бош мураббийи Равшан Ҳайдаров натижалар салбий кўриниш олганлиги боис Зарафшонни тарк этди. Ҳайдаров қўл остида «олтин изловчилар» 4 та баҳснинг барчасида мағлубиятга учрашганди. «Қизилқум» бошқарувини 5-турдан Рустам Забиров қўлга олиб, жамоани 1-давра якунигача бошқарди. Бу даврда зарафшонликлар ҳар ҳолда, 2 марта ғалаба қозонишди. Бироқ клуб сўнгги поғонани тарк этолмади ва давралар оралиғидаги танаффус пайти Забиров ҳам истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини «Зарафшон» (Навоий) жамоасида фаолият юритган Юрий Лукин эгаллади. Ушбу мутахассиснинг «Қизилқум»да қандай иш юритгани барчага маълум. У қийинчилик билан бўлса-да, жамоани кучлилар сафида олиб қолишни уддалади: зарафшонликлар 12-ўринни банд этишди. Шуни айтиш жоизки, иккинчи даврада жамоага бўлган эътибор кескин ўзгарди.

“Гулистон” яна биринчи лигада
Ҳа, афсуски шундай. Олий лига дебютанти мавсумни яхши бошлаганига қарамай, биринчи лигага тушиб кетди. Бахтиёр Ашурматов ҳар қанча ҳаракат қилмасин, жамоани кучлилар сафида олиб қололмади. Тан олиш лозим, жамоани элитада олиб қолиш биргина Ашурматовнинг ўзига боғлиқ эмасди. Гулистонликлар мавсум давомида молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказишди.

Анъанасига содиқ қолган жамоа
Ғузорликларда бир мавсумда бир неча мураббий ишлаш одатга айланган.  Мавум-2013да ҳам “Шўртан”ни уч мутахассис бошқарди. Аввалига 8-турдан кейин Эдгар Гессга чиқиш эшиклари кўрсатилди.

Ғузор жамоасини 9-турда Зоир Тўрақулов ўз қўлига олди. Аммо натижани яхшилай олмади. Кетма-кет мағлубиятлар «Шўртан»нинг аҳволини анча мураккаблаштириб, жамоа турнир жадвалининг сўнгги поғоналаридан кўтарилолмади. Оқибатда клуб раҳбарияти 22-турдан сўнг Тўрақуловни ҳам истеъфога чиқарди. Миллий чемпионатнинг сўнгги турларда воҳаликлар Эркин Мирзаев қўл остида майдонга тушишди. Лекин бундан наф чиқмади. Умуман олганда, ғузорликлар ҳам мавсум давомида муаммолар гирдобида қолиб кетишди. Бироқ, шуни унутмаслик лозимки, “Шўртан” таркибида бир қатор тажрибали футболчилар тўп суришди. Шулардан бири Асрор Алиқуловдир.

Аброр Деҳқонов

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 10:55, 17.12.2013.
Ўқилди: 3955 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.