Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Германия-2013: Асрга татигулик йил

Баҳо:
+ | -

Ортда қолган 2013 йил немис футболи тарихидан буюк ғалабалар даври сифатида жой олди. «СЭ» сайти ижодкорлари йил сарҳисобининг навбатдаги саҳифасини Германия футболига бағишлашди.

  «Мюнхен музёрари»

- Ҳа, ҳа, бу чоп этишдаги хатолик эмас - «Бавария» чиндан ҳам, мағлубиятга учради - ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби навбатдаги турнир гуруҳ босқичини ўз майдонида «Манчестер Сити»га имкониятни бой бериш билан якундаганидан кейин немис ОАВда ана шундай хитоблар янгради. Дарҳақиқат, йил давомида футбол жамоатчилиги мюнхенликларнинг ғалабаларига шунчалик ўрганиб қолдики, Лам, Рибери ва уларнинг жамоа­лари бошқача натижа қайд этишларини умуман тасаввур қилолмасди... «Бавария»нинг 2013 йилги нусхаси қудратли атом музёрарини эслатди. Гўёки, бу ёруғ оламда уни тўхтатадиган кучнинг ўзи йўқдек. Натижа ҳам шунга яраша бўлди: бундеслига чемпиони, Германия кубоги, газагига - ЕЧЛ кубоги! Шоҳона базму жамшиднинг якуний ширинлиги сифатида эса, Европа суперкубоги ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги тортиқ этилди! «Бавария»нинг бундеслига доирасида қайд этган натижалари янада ҳайратланарли: йил давомида жамоа 99 имкониятдан 93 очко олди. Мазкур кўрсаткич бўйича иккинчи натижани қайд этган «Байер» нақ 24 очко ортда қолди. Боз устига, «Бавария» Леверкузен клубидан битта кам ўйин ўтказди. Қисқаси, 2013 йили мюнхенликлар чемпионат доирасида ҳеч кимга 3 очко тақдим этишмади. Аввалги биринчиликнинг 9-турида бошланган мағлубиятсиз серия ҳамон давом этмоқда. Халқаро ареналарда ҳам «Мюнхен музёрари» барча рақибларини беписандлик билан «парчалади». Масалан, «Ювентус» (2 марта - 2:0) ва дунёнинг энг кучли клуби даражасига кўтарилган «Барселона» (4:0, 3:0) ҳам «майдаланди». Нуфузли турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида «Уэмбли» «Бавария»нинг қийин, лекин ҳақли ғалабасига гувоҳ бўлди. Янги мавсумнинг гуруҳ босқичидаги натижаларни қўшиб ҳисоблаганда, «музёрар» қаторасига 10та учрашувни зафар билан якунлади. ЕЧЛ тарихида ҳали ҳеч қайси жамоа бундай натижа қайд этмаганди. ғолибона серияга юқорида зикр этилганидек, «Манчестер Сити» чек қўйди. Лекин «Альянц-Арена»да бой берилган 3 очконинг «Бавария» учун аҳамият йўқ эди - жамоа гуруҳ босқичини барибир, 1-ўрин билан якунлади.

Юпп ва Пеп

 Клублар ўртасидаги ЖЧ «Бавария»нинг ишончли ғалабаси билан якунига етгач, Пеп Гвардиола ўз ўтмишдошини мамнуният билан эсга олди: «Совриннинг қўлга киритилишида Юпп Хайнкеснинг хизматлари катта!» Айни пайт бу испаниялик мутахассиснинг чинакам жентльменга хос эътирофи баробарида асл ҳақиқат ҳам. Чунки «Бавария» айнан аввалги бош мураббий даврида даҳшатли қиёфага кирди. Дарҳақиқат, тажрибали Юпп ўз жамоасини ёш касбдошига топшираётган пайт «Бавария» қарийб идеал ҳолатга келганди. Ўтган мавсум арафасида Хайнкес заргарона аниқликдаги тран-сферларни амалга ошириб, ҳимоячи Данте, таянч ярим ҳимоячиси Хави Мартинес ва ҳужумчи Манжукични клуб таркибига қўшиб олди. Шу тариқа Мюнхен механизмида заиф мурватлар қолмади. Аксинча, хорватиялик легионер меҳнатсеварлиги билан сал аввалроқ тенги йўқ ҳисобланган Гомесга ҳеч қандай юмуш қолдирмади. Оқибатда у «Фиорентина»га «қочиб» кетишга мажбур бўлди. Доно Юпп ана шу ўзгаришлар билан бир йўла икки қуённи овлади. Биринчидан, жамоа жанговар таркиб ҳосил қилди, иккинчидан, «Бавария»нинг энг ёрқин юлдузлари ҳам захира ўриндиғида қолиб кетганларида мураббийга «тутун қайтармайдиган» бўлиб қолишди. 68 ёшли Юпп ўрнини эгаллаган 42 ёшли Пеп Мюнхенда инқилобни амалга оширишни хаёлига ҳам келтирмади. Шунчаки, табиий ривожланиш йўлини маъқул кўриб, аниқ ишлашга одатланган механизмга «Барселона» услубини омухта қилди. Натижада битта зарба билан тўп узатишлар сони орт­ди, хатолар камайди, тезлик ошди, ақлли «прессинг» эвазига жамоа ҳар қандай ўйинда ўз ҳукмини ўрнатишга одатланди. Тўғри, айрим таянч ярим ҳимоячилари баъзан ишсиз қоляптилар. Лекин ҳаёт ўзи шунақа - чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Гвардиола айтайлик, Ламни ҳимоядан олдинроққа ўтказди, унинг ўрнини Хайнкес даврида захира ўриндиғида қолган Рафинья билан тўлдирди. Буни қарангки, ҳар икки футболчи ҳам ўз позицияларида ишончли ўйнай бошладилар. Ўз ўтмишдошидан фарқли ўлароқ, Пеп интизомни янада кучайтирди. Ҳозирда жамоанинг барча машғулотлари қалин пардалар ортида ўтади. Бундан ташқари, футболчилар мураббийнинг ҳар бир талабини бажаришлари шарт. Акс ҳолда, трибунадан жой олишлари аниқ. Тўғри, Арьен Роббен учун айрим эркинликлар йўқ эмас, гарчи у баъзан пенальтини амалга ошириш борасида тихирлик қилаётган бўлса-да. Ҳа, Пеп майдонда ажойиб тарзда тўп сурадиган голландиялик шогирдининг эркаликларини кўтаришга мажбур. Ҳар ҳолда, ҳозирча шундай. Лекин нима бўлганда ҳам, Гвардиоланинг сиёсати ҳайратланарли ғалабаларни туҳфа этяпти. «Бавария» фахрий президенти Франц Беккенбауэрнинг эътирофича, ҳозирда жамоа ўз тарихидаги энг мукаммал кўринишга келган.

«СариҚ-Қора» манзара

Мавсум бошланишидан аввал сотиб бўлинган 55 000 абонемент, ҳар бир уй учрашувига 80 000дан ортиқ мухлис ташрифи, Левандовски ўйин­ларидаги даҳоларга хос лавҳалар (биргина «Реал» дарвозасига урилган 4та голни эсланг), Гюндоган, Ройс, Хуммельс ва Гётценинг ажойиб ҳаракатлари, маккор стратег Юрген Клопп юзидаги самимий табассум ва баъзан акс этадиган ҳайронлик аломатлари... Буларнинг барчаси Дортмунд­нинг «Боруссия»сига тегишли. Ўтган мавсумдаги зафарли юриш ҳозирда тезлигини йўқотди: на ички чемпионат, на халқаро ареналарда қудратли «Бавария»ни қувиб етишнинг иложи йўқ. Бир ёқда кўплаб футболчилар тиббий ёрдамга муҳтожлар. Бунинг натижасида жамоа янги йил арафасида қаторасига 3 марта мағлубиятга учради. Эҳтирослар, эҳтирослар, эҳтирослар... Ниҳоят, Юрген Клопп енгил тин олган ҳолда шундай деди: «Ҳозирда жамоам учун ягона ижобий ҳолат шуки, йил ортда қолди». Лекин ўша заҳоти ўзига ҳисоб берган мураббий зудлик билан жанговар руҳиятни тиклади: «Лекин 2014 йилни «Боруссия» тарихидаги энг омадли даврга айлантириш имконияти йўқ эмас».

антиҚа гол

Ихтисоси бўйича пианиночи ҳисобланган собиқ ҳакам Герберт Фандель яқинда бундеслига рефериларининг биринчи даврадаги фаолиятлари хатолардан холи эмаслигини расман эътироф этди. У ўз касбдоши - Феликс Брих томонидан «Хоффенхайм»-«Байер» учрашувида йўл қўйилган хатони унутмаганлиги аниқ. Ўшанда ҳакам саробни чинга айлантирганди. Эслатиб ўтамиз, ўйиннинг 70-дақиқасида меҳмонлар 1:0 ҳисобида олдинда боришаётган, мезбонлар эса мувозанатни тиклаш учун жон бериб, жон олишаётганди. Қарши ҳужумларнинг бирида «Байер» ҳужумчиси Кислинг рақиб дарвозаси томон боши билан зарба йўллади. Тўп дарвозанинг ташқи томонидан тўр устига тушиб, кейин дарвозадан жой олди. Буни қарангки, айнан тўп тушган жойда тўрнинг йиртиғи бор экан. Зарба йўллаган ҳужумчи аввалига шундай қулай вазиятни қўлдан чиқаргани учун хомуш тортиб, бошини чангаллаб олди. Бир неча сония ўтиб қараса, жамоадошлари голни нишонлашяпти. У эса табрикни истар-истамас қабул қилди. Кейинчалик баҳсли лаҳза юз марталаб телеэкранларда намойиш этилиб, судда кўриб чиқилди. Такрорий учрашувга мутасаддилар рухсат беришмади. Боиси ФИФА қонунларига биноан, ҳакамнинг қарори қайтадан кўриб чиқилмайди. Спорт суди раиси Ханс Эберхард Лоренц воқеага шундай муносабат билдирди: «Бундеслигадек нуфузли чемпионатда йиртиқ тўр билан қатнашаётган жамоа учун бу жазо ҳам кам!»

  Клозе Мюллерга етдию, тенглашолмади

Бу тарихий воқеа 6 сентябрь оқшомида Мюнхенда юз берди: ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида Германия терма жамоаси Австрия устидан йирик (3:0) ғалабага эришди. 33-дақиқада ҳисобни очган Мирослав Клозе шу тариқа терма таркибидаги голлари сонини 68тага етказиб, афсонавий Герд Мюллерга етиб олди. Лекин нуфузи жиҳатидан тенглашолмади. Сабаби «Миллат тўпурари»нинг натижасини такрорлаш учун ворис 129 марта майдонга тушди. Мюллерга эса 68та гол уриш учун бор-йўғи 62та ўйин кифоя қилганди.

  «Бременлик Фергюсон» билан хайрлашув

«Вердер»да кутилмаган истеъфо юз берди.12 май куни қаторасига 12та ўйин­да ғалаба нималигини билмаган жамоа бош мураббий билан хайрлашди. Ваҳоланки, айнан ўша турда «Бременлик Фергюсон» (Томас Шаафни Германияда шундай улуғлашади) ўз жамоаси учун элитадаги ўринни «брон» қилганди. Умуман, бу мутахассиснинг «Вердер»даги тажрибаси 41 йилга тенг. У шундан 14 йилини бош мураббий сифатида ўтказиб, 2004 йили шогирдлари билан «Олтин дубл»га эришганди. Шунингдек, 1999 ва 2009 йилларда жамоа мамлакат кубогига сазовор бўлди. Бундан ташқари, Шааф жамоани 6 марта ЕЧЛ, 4 марта ЕЛга олиб чиқди. Футболчи сифатида 1988 ва 1993 йилларда мамлакат чемпио­ни бўлган, 1992 йили Кубок эгалари кубогини ютган мураббий Озил, Фрингс, Писарро, Харистеас, Боровски, Мертезакер ва Диего каби иқтидор соҳибларини камолга етказди. Ҳозирда унинг ўрнини Робин Дутт эгаллаб турибди. Бундеслига тарихида тўпланган очколар бўйича фақат «Бавария»дан ортда бораётган «Вердер» эса ҳамон элитада «жон» сақлаб қолиш ташвиши билан банд...

Генри Киссинжернинг Қайғуси

Ҳамма «Гройтер Фюрт»га ачиниш ҳисси билан қарамоқда. Ахир жамоа 100 йиллик юбилейини нишонлайдиган мавсумда иккинчи лигага тушиб кетди. Ваҳоланки, у шу бир аср давомида илк марта (2012 йили) бундеслигага чиққанди. Афсуски, элитадаги дебют антирекорд билан ниҳоясига етди: «Фюрт» ўз майдонида бирор учрашувда ғалабага эришолмади. Бундеслиганинг бирор жамоаси бундай аянчли ҳолатга тушган эмасди. Клубнинг энг машҳур мухлиси - АҚШнинг собиқ давлат котиби, Нобель мукофоти совриндори Генри Киссинжердир. Афсуски, «Гройтер Фюрт» машҳур сиёсий арбобнинг 90 йиллик тўйига нохуш совға тайёрлади. Яъни бундеслига билан хайрлашди. Шунга қарамай, Киссинжер ва бошқа мухлислар суюкли жамоаларига ишонч билан қарамоқдалар. Клуб иккинчи бундеслиганинг қишки таътилига 2-ўринда йўл олди. Шу мавқеини сақлаб қолса, яна элитага қайтади.

  РАҚАМЛАР

0 - «Нюрнберг»нинг жорий мавсумдаги ғалабалари айнан шу рақам билан ифодаланади. Бундан аввал ҳеч қайси жамоа биринчи даврани ғалабасиз якунлаган эмасди.

41 - «Бавария» бундеслига баҳсларида шунча турдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Рекорд!

43 - «Бавария» футболчиси Франк Рибери қаторасига шунча ўйинда мағлубиятга учрамади. Аввалги рекорд «Гамбург» аъзоси Хиронимусга тегишли бўлиб, унинг мағлубиятсиз серияси 38та ўйинга етганди.

100 фоиз - «Альянц-Арена» (сиғими - 71 000) 2013 йилги барча ўйинларда томошабинлар билан лиқ тўлди.

37 000 000 евро - «Бавария» Марио Гётце учун шунча маблағ сарфлаб, бундеслига ичидаги рекорд трансферни амалга оширди.

9:2 - рамзий терма жамоадан фақат ЕЧЛда сўнгги бекат ҳисобланган «Уэмбли»га қадар етиб борган икки забардаст жамоа аъзолари ўрин олишди: «Бавария»дан 9 футболчи, «Боруссия»дан 2 футболчи.

Йил ибораси

- Бизнинг 1970 йили ишлаб чиқарилган «Фольксваген-қўнғиз»да, рақибимизнинг эса «Формула-1» болидида эканлигини кўра-била турибсизу, яна «Феттелдан ўзиб кета оласизми?» деб сўрайсиз-а. Тавба! Томас Тухель («Майнц» бош мураббийи, Мюнхенда «Бавария»га 1:4 ҳисобида ютқазилган ўйиндан сўнг).

2013 йилнинг рамзий термаси Дарвозабон: НОЙЕР («Бавария»)

Ҳимоячилар: ЛАМ («Бавария»), БОАТЕНГ («Бавария»), ДАНТЕ («Бавария»), АЛАБА («Бавария»)

Ярим ҳимоячилар: ШВАЙНШТАЙГЕР («Бавария»), ГЮНДОГАН («Боруссия» Д.), РОББЕН («Бавария»), МЮЛЛЕР («Бавария»), РИБЕРИ («Бавария»)

Ҳужумчи: ЛЕВАНДОВСКИ («Боруссия» Д.)

Захирадагилар: ВАЙДЕНФЕЛЛЕР, ХУММЕЛЬС («Боруссия» Д.), МЕРТЕСАКЕР («Арсенал»), ХАВИ МАРТИНЕС, КРООС, МАНЖУКИЧ («Бавария»), РОЙС («Боруссия» Д.)

Бош мураббий: Юпп ХАЙНКЕС («Бавария»)
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 09:33, 20.01.2014.
Ўқилди: 3579 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.