Кириш Регистрация
01/10 00:00 Вильярреал 3-1 Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут 3-1 Саутгемптон
01/10 13:00 Сентрэл Кост 1-2 Бурирам Юнайтед
01/10 15:00 Кавасаки Фронтале 0-1 Квангжу
01/10 15:00 Поханг Стилерс 3-0 Шангхай Порт
01/10 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим 3-0 Шангхай Шенхуа
01/10 21:00 Сепоҳон 4-0 Истиқлол Душанбе
01/10 21:00 Шаржа 2-2 Ал-Виҳдат
01/10 21:45 Зальцбург 0-4 Брест
01/10 21:45 Штутгарт 1-1 Спарта
01/10 23:00 Ал-Ҳилол - Аш-Шорта
01/10 23:00 Ал-Ғарафа - Ал-Айн
01/10 23:59 Арсенал - ПСЖ
01/10 23:59 Байер - Милан
01/10 23:59 Боруссия Д - Селтик
01/10 23:59 Барселона - Янг Бойз
01/10 23:59 Интер - Црвена Звезда
01/10 23:59 ПСВ - Спортинг
01/10 23:59 Слован - Манчестер Сити

Шарқ - қайнар булоқ

Баҳо:
+ | -

Қишки трансферлар мавсумининг сўнгги кунлари «Челси» Марио Пашалични, «Боруссия» Милаш Йойични, «Рома» эса Петар Голубовични ўз сафига қўшиб олди. Умуман, Шарқий Европанинг «Иқтидорлар булоғи»да Ғарб сафарига шай турган маҳорат соҳиблари етарлича топилади. Қуйидаги мақола ана шундай ёшлар рейтинги ҳақида.

20. Нелис Рошу (Руминия) - марказий ярим ҳимоячи

20 ёшли марказий ҳимоячи Кяжнанинг «Конкордия» клубига ўтгач, до­и­мий ўйин амалиётига эга бўлиб, мухлисларни лол қолдирди. Рошу янги мавсумда 5та гол уришга улгурди, қишки таътил арафасида ҳужумчи Велингтоннинг голига ҳам ассистентлик қилди.

 

19. Георги Китанов (Болгария) - дарвозабон

Варнанинг «Қора денгиз» клуби шарафини ҳимоя қилаётган посбон айниқса, тўпга пешвоз чиқишда ишонч­ли ҳаракатланади, чаққон ва юқори реакцияга эга. Китанов жорий мавсумнинг 8та учрашувини «қуруқ» якунлади. Бундан 1 йил аввал 18 ёшли Георги ПСВда малака ошириб қайтганди. Кузда эса Любо Пенев уни миллий термага жалб қилди.

18. Неманья Антонов (Сербия) - чап қанот ҳимоячиси

18 ёшли футболчи катталар доирасида дебют мавсумини ўтказаётганига қарамай, ОФК клубининг асосий таркибидан жой олди. Тўпни рақиб жарима майдончаси атрофига аниқ етказиб бериш ва юқори тезлик билан ҳужумга ўтиш Неманьянинг ижобий хислатидир.

17. Якуб Брабец (Чехия) - марказий ҳимоячи

21 ёшли иқтидор соҳиби ўтган йили тажрибали Ондржей Швейдикни «Спарта»нинг асосий таркибидан «сиқиб» чиқарди. Кейин 3та гол уриш билан бош мураббий Лавичканинг ишончини қозонди. Шунингдек, «Днепр»нинг собиқ аъзоси Марио Холек билан Чехия лигасидаги энг ишончли ҳимоя дуэтини ҳосил қилди. Брабец - 2011 йили ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги қитъа биринчилиги юлдузларидан бири. Ўшанда унинг жамоаси финалда Испанияга имкониятни бой берганди.

16. Муҳаммад Бешич (Босния ва Герцеговина) - марказий ҳимоячи

Венгриянинг «Ференцварош» клуби ҳимоячиси худди Лусио каби ўз жамоа­си ҳужумларини бошлаб беради. Бешичнинг афзалликларидан яна бири - у тўпни доимо олдинги чизиққа етказиб беришга уринади, баъзан олис масофадан рақиб дарвозасини нишонга олади. Босниялик ҳимоячи 1992 йили Берлинда туғилган, бундан 3 йил аввал «Гамбург» сафида 2 марта бундеслига беллашувларида майдонга тушган. Лекин 2012 йилнинг баҳорида клуб ошхонасида нимадандир норози бўлиб, олдига қўйилган таомни ахлат қутисига улоқтириб юборган ва Торстен Финк уни жамоадан четлатган.

15. Оливер Зеленика (Хорватия) - дарвозабон

Ёшлар терма жамоаси посбони ЖЧ-(U-20)нинг гуруҳ босқичида атиги битта тўп ўтказиб юбориб, мутахассислар эътиборини ўзига тортди. Зеленика бақувват ҳамда баланд гавдасидан унумли фойдаланади. Хорватия чемпионати биринчи даврасида 7та учрашувни «қуруқ» якунлаган посбонни «Динамо» Загребнинг бошқа бир жамоаси - «Локомотив»га ижарага берди.

14. Габриэль Янку (Руминия) - чап қанот ҳимоячиси

Янку Руминия чем­пио­нати биринчи даврасини 6та гол уриш билан якунлади. Унинг жамоадошларидан Михай Бэлаше ва Ионуца Вине «Вииторулу»дан «Рома»нинг примаверасига ўтиб кетишди, ўзи эса «Стяуа» билан шартнома имзолади. Бухарестликлар 18 ёшли Янку учун 500 минг евродан воз кечишди. Габриэль бинойидек дриблинг соҳиби, аниқ ва кучли зарба беради, ҳужумнинг якуний босқичида фаол иштирок этади.

13. Томаш Малец (Словакия) - ҳужумчи

Словакия чемпионати тўпурарининг фамилиясидан хулоса чиқарсангиз, алданиб қоласиз. Аслида Малец (митти) биз ҳикоя қилган 20 нафар футболчи орасида энг баланд бўйли (199 см.)сидир. «Тренчина» ҳужумчиси жорий мавсум 11та гол урди.

12. Петар Мишич (Хорватия) - ҳужумкор ярим ҳимоячи

Худди Зеленика сингари 19 ёшли Мишич ҳам Загребнинг «Динамо»сига тегишли. Лекин «Локо»да тўп суради. Петарнинг афзал жиҳатлари сифатида тезкорлиги, чап оёқда кучли зарба бера олиши ва тўпни яхши нзорат қилишини кўрсатиш мумкин. Мишич ҳам Германияда таваллуд топган, лекин Хорватиянинг «Цинбалия» клубида таҳсил олган. Жорий мавсум Петар 4та гол муаллифига айланиб, яна шунчасига ассистентлик қилишга улгурди.

11. Николаэ Станчу (Руминия) -  ҳужумкор ярим ҳимоячи

Станчу «Унири» сафида дебютини нишонлаган пайт атиги 15 ёшу 18 кунлик ўсмир эди. Лекин жароҳат туфайли 7 ой четда юрди. Унга «Хоффенхайм» ва «Штутгарт» қизиқиш билдиришди. Бироқ «Васлуй» чаққонроқ чиқди. Футболчи бу жамоа шарафини 2 йил ҳимоя қилди. Ўтган йили ЕЧЛ арафасида таркибини кучайтиришга аҳд қилган «Стяуа» Николаэни 700 минг еврога сотиб олди. Станчу саралашнинг 3-босқичида «Легия» дарвозасини забт этиб, ишончни оқлади. Ички чемпионатда эса 4та гол урди.

10. Кароль Линетти (Польша) - марказий ярим ҳимоячи

Кароль ўсмирлар ўртасидаги Евро-2012 мусобақасида мутахассислар назарига тушди. Польшаликлар ярим финалга қадар етиб борган ўша турнирда Линетти олдинги чизиқдаги жамоадошларини тўп билан таъминлаб турди. Унинг ажойиб ҳаракатлари «Боруссия»ни маҳлиё этганди. «МЮ» эса шу кунларда 19 ёшли иқтидор соҳибига нақ 14 млн. евро таклиф қилди. «Лех» ҳозирча бир қарорга келгани йўқ, Кароль эса нафақат ўз клуби, балки Польша терма жамоаси учун ҳам гол уришда давом этмоқда.

9. Марко Пьяца (Хорватия) - вингер

18 ёшли ҳужумкор универсал учун рақибларни алдаб ўтиш муаммо эмас. Қолаверса, у тўпни ўз вақтида олис масофага етказиб бериб, «Локо» рақибларини қийин аҳволга солиб қўяди. Пьяца асосан ўнг қанотда тўп суради. Бироқ вазият тақозоси билан тез-тез чап томонга ҳам ўтиб туради. Шу сабабли рақиблар кўпинча унинг қандай қарорга келишидан бехабар қолишади.

8. Марцело Брозович (Хорватия) - марказий ярим ҳимоячи

Ёшлар терма жамоаси ҳамда «Динамо»нинг сардори ўтган йили «Ру­бин»га ўтиши мумкин эди. Бироқ ўз клубига ЕЛда ёрдам бериш ва янада нуфузлироқ таклиф илинжида бу имкониятни рад этди. 21 ёшли Марцело асосан таянч ярим ҳимоясида тўп сурсада, ҳужумга ўтишни ёқтиради. Ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги саралашида 6та ўйинда 7та гол урганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

7. Никола Нинкович (Сербия) - ҳужумкор ярим ҳимоячи

«Партизан» сўнгги йилларда Савич, Нестасич, Фейса, Маркович, Митрович ва Йойич каби сифатли «маҳсулот»ларни Европага «экспорт» қилганига қарамай, ҳамон Сербия чемпионатида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Чунки кетганлар ўрнини босадиган ёшлари етарли. 16 ёшли Никола Нинкович ЕЧЛ саралаш босқичида Звономир Вукич ўрнига майдонга тушганди, 17 ёшида эса сардорлик боғичига лойиқ кўрилди.

6. Йозо Шимунович (Хорватия) - марказий ҳимоячи

19 ёшли Шимунович ҳар қандай рақибдан чўчимайдиган, тажовузкор ўйинчи. Ёзда бўлиб ўтган ЖЧ (U-20)да ҳам у хорватияликлар ҳимоя чизиғига раҳбарлик қилди. Янги мавсумда эса янада самаралироқ тўп сура бошлади. Бир қатор футболчилар бошқа жамоа­ларга кетишгач, Шимунович «Динамо»нинг доимий аъзосига айланди ва «Локо»га қарши ўйинда илк голини нишонлади.

5. Симеон Славчев (Болгария) - марказий ярим ҳимоячи

Болгария чемпионатида энг ҳайратланарли тараққиётни қайд этган футболчи. Георги Миланов ЦСКАга ўтиб кетгач, таянч ярим ҳимоя чизиғида тўп сурадиган Славчев марказга ўтиб, «Литекс» ҳужумларини ташкил этадиган ва якунлайдиган «дирижёр»­га айланди. Июлдан декабргача 11та гол уриб, 3 марта жамоадошларига самарали вазият яратиб берди. Меҳнатсевар ҳамда чарчаш нималигини билмайдиган 20 ёшли ўйинчи ҳозирда ЦСКА ва «Зенит» клублари эътиборида.

4. Андрия Живкович (Сербия) - ўнг қанот вингери

Живкович ёзда 17 ёшга тўлди, кузда эса Сербия чемпионатининг дастлабки 4та учрашувида майдонни голсиз тарк этмади. Орадан 2 ой ўтгач, Россия терма жамоаси билан бўлган ўртоқлик учрашувида Зоран Тошич ўрнига майдонга тушди.

3. Карло Лулич (Хорватия) - марказий ярим ҳимоячи

Ўта тиришқоқ ва чидамли Лулич 17 ёшидаёқ катта футболда тўп сураётгани бежиз эмас. Унинг жамоа­си бўлмиш «Осиек» деярли барча рақибларига имкониятни бой бераётган бўлсада, Карло дастлабки 6та учрашувда рақиблар дарвозасини 4 марта ишғол этди. Карло қайси позицияда майдонга тушишидан қатъий назар, барибир, ўз жамоасининг энг яхши тўпурарига айланади. Ҳозирда «Рома» ва «Ливерпуль» бу футболчига қизиқиш билдирмоқда.

2. Дорин Ротариу (Руминия) - чап қанот ҳимоячиси

Тимишоарада туғилган Дорин ўз фаолиятини маҳаллий «Политехника»да бошлади. Кейин Бухарестнинг «Динамо»сига ўтиб, фаолиятидаги энг сермаҳсул ўйинни намойиш этди. Тақдир тақозоси билан собиқ жамоасига қарши майдонга тушиб, гол муаллифига айланди ва яна 3тасига ассистентлик қилди. Ажо­йиб плеймейкерлик қобилиятига эга Ротариу кейинчалик «Стяуа»га қарши дербида ҳам гол урди. Бундан бир неча ҳафта илгари Бухарестга ташриф буюрган «МЮ» скаутларининг мақсадлари айнан Дорин билан яқиндан танишиш эди.

1. Ален Халилович (Хорватия) - ўнг қанот ярим ҳимоячиси

Ален майдонда ўта енгил, худди буғ каби ҳаракатланади. Бир қарашда, ўта нозик ва омонатдек кўринсада, тезлик ва яккакураш бобида Хорватияда унга тенглашадиган футболчи йўқ. Рақиблар бир амаллаб етиб олишган тақдирда, уларни осонлик билан алдаб ўтади ёки тўпни қулай вазиятда турган жамоадошига оширади. Ҳали балоғатга тўлмаган футболчи ЕЧЛ ҳавосидан баҳраманд бўлди, 3 марта миллий жамоаси сафида майдонга тушди. Ален Халиловични Звономир Бобан давридан буён кўзга ташланган энг ноёб иқтидор соҳиби сифатида эътироф этишмоқда. Қизиғи, йиллик бюджети атиги 1 млн. евро бўлган «Динамо» сўнг­ги 2 йил ичида 5 нафар тарбияланувчисини нақ 30 млн. еврога сотди. Халилович ана шу кўрсаткични 50 «лимон»га етказиши мумкин. Ҳарқалай, ўтган йили «Тоттенхэм» Ален ва Тина Едвайга 20 млн. таклиф қилганди...

2 йил олдин бундай рейтингга тушган

футболчилар ҳақида маълумот

20. Марко Петкович - «Црвена Звезда»га ўтди

19. Георги Миланов -ЦСКАга ўтди

18. Клаудиу Бумба - «Рома»га ўтиб, примавера жамоасида 7та гол ургач, Руминияга қайтди

17. Дарко Велкоски - «Зенит» кўригида бўлди, лекин Македонияга қайтди

16. Ян Храмоста - «Млада Болеслав» сардорига айланди

15. Пламен Илиев - Болгария термасида дебютини нишонлади

14. Никола Максимович - «Торино»га ўтди

13. Силвиу Лунг -Руминия термасида дебютини нишонлади

12. Сржан Мияйлович - «Қайсариспор»га ўтди

11. Павел Савицкий - БАТЭ сафига қўшилолмади ҳали

10. Роберт Берич - «Штурм»га ўтди

9. Владимир Дарида - «Фрайбург»га ўтди

8. Анте Вукушич - «Пескара»га ўтди

7. Вацлав Кадлец - «Айнтрахт»га ўтди

6. Рафал Вольски - «Фиорентина»га ўтди

5. Ладислав Крейчи - Чехия термасида дебютини нишонлади

4. Лазар Маркович - «Челси» билан шартнома тузди, лекин мавсумни «Бенфика»да ўтказади (ижара)

3. Шиме Врсалько - «Женоа»га ўтди

2. Дарко Лазович - «Црвена Звезда»да қолди, жароҳат сабаб ўтган йили ўйнамади

1. Матео Ковачич - «Интер»га ўтди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:21, 27.02.2014.
Ўқилди: 3452 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.