Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Игнатий Нестеров: «Аввалги ҳолатимга қайтишим учун қаттиқ ишлаяпман»

Баҳо:
+ | -

«Локомотив» клуби дарвозабони Игнатий Нестеровни таърифлаш учун кўп гап шарт эмас. Шунчаки, «Нестеров», десангиз, кифоя, ўзбекистонлик исталган мухлис ҳаммасини тушуниб олади. Аммо ўтган мавсум Игнатий учун анча оғир келди. Дарвозабон жиддий жароҳатланди ва узоқ вақтга сафдан чиқди. Бу орада клубини ҳам ўзгартирди — «Бун­ёдкор»дан «Локомотив»га кўчиб ўтди. Хўш, бундай ўзгаришлар Игнатга қандай таъсир ўтказди? У билан суҳбат жараёнида шу масалага ҳам ойдинлик киритишга уриндик.

«ЛОКОМОТИВ»ДА
— «Андижон»га қарши ўйинда йирик ҳисобли ғалабани тантана қилдинглар. Бу учрашув ҳақида нима дея оласиз (суҳбат айнан 6-тур доирасидаги мазкур ўйиндан сўнг уюштирилган — муал.)?
— Ҳаммаси биз учун жуда кўнгилли ўтди. Мураббийлар штаби олдимизга қўйган вазифани бажаришга муваффақ бўлдик. Барчаси ўзимиз ўйлагандек кечди ва 3 очкони ишончли тарзда қўлга киритдик.

— Ўз ҳаракатларингизга ҳам тўхталсангиз. Ҳозирги ўйинингиздан кўнглингиз тўлмоқдами?
— Йўқ, асло. Аввалгидек ўйнолмаяпман. Қайсидир жиҳатлардан кўнглим тўлмаяпти. ароҳатдан сўнг спорт формамни тўлиқ тиклаб олганимча йўқ. Ҳозир бутун эътиборим шунга қаратилган. Кунига икки-уч марталаб машғулот олиб боряпман, мустақил ишлаяпман, аввалги савиямга имкон қадар тезроқ қайтишни истайман. Ҳозирча бу мақсадга эришганим йўқ.

— Балки бунга жароҳатдан тўлиқ қутулмай туриб, янги клубга ўтганингиз сабабдир...
— Йўқ, бундай эмас. Зеро, деярли барча жамоадошларим билан бир-биримизни яхши биламиз. Ким биландир аввалги клубларда бирга ўйнаган бўлсак, яна айримлар билан терма жамоада йўлларимиз туташган. Шундай экан, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Фақат жароҳатдан сўнг аввалги спорт формамни тиклаб олсам, бас.

— Демак, «Локомотив»га тўлиқ мослашиб олдингиз, шундайми?
— Албатта. Клубдаги ишларим жойида. Ички муҳит яхши, футболчилар аҳил, мураббийлар билан муносабатимиз бинойидек. Ҳеч нарсадан нолимайман.

«БУНЁДКОР»ДАН КЕТИШИ
— Терма жамоада ҳам, «Бунёдкор»да ҳам яхши ўйнагансиз. Қолаверса, Миржалол Қосимов сизни жуда қадрларди. Қизиқ, қандай қилиб бошқа жамоага ўтиб кетишингизга йўл қўйиб беришди?
— Клуб раҳбарияти билан муносабатларимизда англашилмовчилик юзага келганди. Шу сабабли кетишга қарор қилдим. Ўша вақт менга осон эмасди, жароҳатни даволатаётгандим. Шундай вақтда «Локомотив»дан таклиф тушди ва буни қабул қилдим.

— «Локомотив»дан ташқари, бошқа клублардан ҳам чорловлар бўлганмиди?
— Йўқ, фақат «Локомотив»дан.

— Клубингиз мавсум бошида кўнгилдагидек натижа қайд этолмади, аммо борган сари ўйинида ижобий ўзгариш кўзга ташланмоқда.
— Ҳар қандай жамоа ҳам мавсум бошида маълум қийинчиликларга учраши турган гап. Бизда ҳам баъзи муаммолар юзага келди, аммо ўйин-дан ўйинга уларни бартараф этиб бормоқдамиз. Ҳозирча ўз имкониятимизни 100 фоиз намойиш қила олганимизча йўқ. Вақт ўтгани сари бунга муваффақ бўламиз, деб ўйлайман. Жамоамиздаги барча футболчилар бунинг учун астойдил иш олиб бормоқдалар.

— «Локомотив»дан бу йил Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғолиб чиқиш талаб қилинмоқда. Бу вазифаларни бажариш имкониятлари қай даражада, деб ўйлайсиз?
— Жамоамизда сиз айтган мусобақаларда ғолиб чиқиш учун зарур барча нарса бор. Мана, таркибга кучли легионерлар жалб қилинган ва бир қатор юқори савияли футболчилар билан шартнома имзоланган. Футболда ҳеч нарсани аввалдан айтиб бўлмайди, аммо биз жамоа шаъни йўлида ҳамма нарсага тайёрмиз. Шахсан ўзим Ўзбекистон чемпионати ва кубогида ғолиб чиқишимизга ишонаман. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

УММОНГА ҚАРШИ ЎЙИНЛАР
— Ўзбекистон миллий жамоаси 25 ва 27 май кунлари Уммон термасига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказади. Бу рақиб ҳақида нима дея оласиз?
— Уммон ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Бу жамоага қарши фақат бир марта майдонга тушганман. Унда ҳам ўртоқлик ўйинида. Биз сафарда ўйнагандик ва ўша учрашувда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганмиз. Бўлди, билганим шу. Аммо айтишларича, Уммон охирги вақтларда тараққиётга эришаётган кучли жамоа экан. Нима ҳам дердим, ўртоқлик ўйинлари ўтсинчи, кейин билиб олармиз...

— Ўртоқлик ўйинларининг икки кун оралиғида ўтказилишига қандай қарайсиз? Терма жамоа футболчиси сифатида айтингчи, бу қулайми ёки ноқулай?
— Албатта, кунора майдонга тушиш осон эмас. Аммо билишимча, мураббийлар штаби бу учрашувларда 2та таркибни синовдан ўтказиб оладилар. Биринчи учрашувда «асосий»да ўйнаган футболчилар иккинчисини захира ўриндиғида бошлашса керак. Шундай экан, бу борада ортиқча муаммо бўлади, деб ўйламайман. Иккита ўйин бўлгани терма жамоа бош мураббийи учун фойдали. У кўпроқ футболчиларни синовдан ўтказиб олиш имкониятига эга.

— Ўйинлардан бири Тошкент, иккинчиси эса Олмалиқда ташкиллаштирилишини эшитдингизми?
— Ҳа. Мен учун энг аввало, майса сифати яхши бўлсин, қаерда ўйнашнинг у қадар аҳамияти йўқ. «Пахтакор»да майса жуда сифатли, Олмалиқдаги майдон ҳақида ҳам ижобий фикр билдирилмоқда. Шундай экан, бу ҳолат мени батамом қаноатлантиради.

— Бошқалар қандай фикрда билмадик-ку, лекин бир қарашда 25 май куни «Пахтакор»да кечадиган ўйинга мухлислар қизиқиши баланд бўлишини кутиш ноўрин. Терма жамоа футболчиси сифатида сиз қандай фикрдасиз?
— Билмадим, лекин бу учрашувлар ўртоқлик мақомига эгалигини унутмаслик лозим.

— Демак, фикримизга қисман қўшиласиз. Энди айтингчи, мана шу учрашув бирор вилоят, айтайлик, Бухородаги янги стадионга топширилганида, аҳвол қандай бўларди?
— Бу саволга жавоб бериш мутлақо қийин эмас. Вилоятлардаги мухлислар футболга жуда чанқоқ ва қаерда бўлмасин, терма жамоа ўйини катта «ажиотаж» кўтаришига шубҳа қилмайман. Шунга монанд майдон сифати ҳам кўнгилдагидек бўлса, ҳаммаси ажойиб кечарди.

— Навбатдаги савол: сиз учун қай бири маъқул, шароит ўта қулай, аммо мухлис кам тушадиган Тошкентдаги ўйинми ёки шароит борасида бироз ноқулайлик бўлса ҳамки, трибуналар тўлиб-тошадиган вилоятдаги ўйин?
— Ҳеч қачон шароитни дастак қилиб олмаганман, миллий терма жамоа учун қаерда бўлса ҳам, майдонга тушишга тайёрман. Фақат, қайтараман, майса сифати эътирозлардан холи бўлсин, қолгани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Танловга келсак, албатта, мухлис кўп тушадиган стадионда ўйнашни маъқул кўраман. Ҳа, яхши тушунамиз, вилоятдаги барча мухлислар ҳам Тошкентга келолмайдилар, аммо шу билан бирга уларнинг терма жамоага нисбатан меҳрлари қолганларникидан асло кам эмас. Мана шундай мухлислар қаршисида ўйнаш табиийки, ёқимли. Умид қиламанки, яқин вақтлар ичида шундай ўйинлар ҳам ташкил қилинади.

ОСИЁ КУБОГИ
— Осиё кубогида терма жамоа олдига 4 йил олдинги натижани такрорлаш вазифаси қўйилди. Шахсан сиз бу вазифани бажариш имкониятини неча фоизга баҳолайсиз?
— 100 фоизга! Ўзбекистон миллий жамоаси бу вазифани бемалол бажара олади. Биз ўз кучимизга ишонамиз. Ўша Осиё кубогида ҳам, жаҳон чемпионати саралашида ҳам, ҳар доим ўзимизга ишонган ҳолда тўп сурдик ва бирор марта рақибдан ҳайиққанимиз йўқ. Жаҳон чемпионатидан қолиб кетишимизга эса фақат омадсизлик сабабдир. Албатта, бу биз учун қаттиқ зарба бўлди, аммо профессионаллармиз ва кўнгилсизликдан сўнг ўзимизга кела оламиз. Шахсан мен учун навбатдаги Осиё кубоги аҳамияти катта, шу сабабли тезда аввалги савиямга қайтишим лозим. Бунинг учун астойдил ишламоқдаман. Ҳозир терма жамоада ҳам, клубда ҳам рақобат жуда кучли. Сал бўш кетган тақдирингда, асосий таркибдаги жойингдан ажралиб қолишинг ҳеч гап эмас.

— Нима деб ўйлайсиз, рақобатнинг кучайишига жароҳатланганингиз ҳам сабаб бўлдими? Зеро, илгари сизга тенг келадиган дарвозабон йўқдек кўринарди...
— Ўзбекистонда кучли дарвозабонлар ҳар доим бўлган. Шу сабабли рақобатда ютиб чиқиш учун мудом ўз устимда қаттиқ ишлардим. Жароҳатлангач эса, бунинг имкони топилмади. Узоқ вақт майдонга тушмаганингдан сўнг сени унута бошлайдилар, ахир...

— Бу гапингизга кўп ҳам қўшилмасдик. Ўзбекистон терма жамоаси мухлислари сизни тез-тез эслаганларига шубҳа йўқ, айниқса, муваффақиятсиз ўйинлардан ке-йин...
— Бунинг учун мухлисларга катта раҳмат, албатта. Аммо футболчи асосий таркибда ўйнашга муносиб эканини ҳар доим исботлаб туриши шарт. Жароҳатланганингда эса бунга имкон қолмайди. Боз устига, оғир жароҳатдан сўнг жисмоний ҳолатни тиклаш мушкул. Мен ҳозир мураккаб босқичда турибман. Мана шу қийинчиликдан ўтиб олсам, яна аввалгидек ўйнай олишимга ишонаман.

— Якунда 2011 йилги Осиё кубогида сиз учун энг ёдда қоларли воқеани баён этсангиз...
— Мусобақа яхши хотираларга бой ўтди, аммо яққол ёдда қоларлисини ажратиб кўрсатолмайман. Аксинча, Иорданияга қарши кечган учрашувда олган жароҳатим кўпроқ ёдимда қолган. Жуда алам қилганди. Ўша жароҳат натижасида Австралияга қарши ярим финал баҳсида майдонга тушолмаганман. Умид қиламанки, бу сафарги Осиё кубогидан фақат ёрқин хотиралар қолади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 16:25, 12.05.2014.
Ўқилди: 4257 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.