Хориж клубларида легионер мақомида тўп сураётган аксарият футболчиларимиз айни кунларда мавсумлар оралиғида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда, таътилни уйда ўтказишяпти.
Улардан бири Азиз Ҳайдаровдир. 3 йилдан буён БАА чемпионатида бир маромда ўйин кўрсатаётган ҳамюртимиз Тошкентда, оиласи даврасида дам олишни афзал билди. Мана шу 3 йил давомида «Ал-Шабаб»нинг ҳақиқий етакчисига айланган терма жамоамиз ярим ҳимоячиси сардорлик даражасигача кўтарилди. Албатта, бу футболимиз учун ижобий ҳолат. Биз куни кеча Азиз Ҳайдаров билан учрашиб, газетамиз учун эксклюзив интервью олдик.
- Азиз, суҳбатимиз аввалида БАА чемпионати мавсуми якунлари ҳақида гапириб берсангиз. Мавсумни яхши бошлаган «Ал-Шабаб» якунда ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритолмади...
- Бу йилги БАА чемпионати жуда қизиқарли кечди. Афсуски, жамоамизга омад етишмади. Айниқса, якун анча аянчли кўриниш олди. Сўнгги 5та турда мағлубиятга учраб, турнир жадвалида 4-ўринга тушиб кетдик. Ҳаммасидан ҳам айнан шу кетма-кет учралган мағлубиятлар ошиб тушди. Хуллас, совринли ўринлардан бирини эгаллашимиз аниқ бўлиб турган бир пайтда барчасидан қуруқ қолдик. Энди бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Таркиб ҳар доим ҳам мукаммал бўлмади. Муаммолар худди соядек жамоамизни таъқиб этди. Бемаврид жароҳатлар ҳам салбий таъсир қилди.
- Клуб раҳбарияти мавсум якунларини сарҳисоб қилиб, қандай қарорга келди?
- «Ал-Шабаб» мавсум аввалидаёқ чемпионлик учун курашга киришганди. Якунда эса совриндорлар қаторидан ҳам жой ололмадик. Лоақал, ОЧЛ йўлланмаси қўлга киритилганида ҳам, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўларди. Клуб раҳбарлари натижадан қониқиш ҳосил қилишмади, албатта. Бунинг натижаси ўлароқ, бош мураббийимиз истеъфога чиқарилди.
- Ўтган мавсум билан таққослаганда, БАА чемпионатида қандай ўзгаришлар кўзга ташланди?
- Ўзгаришлар катта. Жамоалар ўз таркибларини кучли футболчилар, кўзга кўринган легионерлар билан бойишяпти. Футболга эътибор ошди. Сўнгги поғонадаги клуб ҳам пешқадамларни мағлубиятга учратяпти. Фақат ҳакамлик борасида оқсаш кўзга ташланди. БААда ҳакамлик яхши йўлга қўйилмаган. Тажрибали реферилар жуда кам. Кўп ўйинларда айнан ҳакамлар панд бериб қўйишяпти ва уларнинг нотўғри қарорлари натижага таъсир ўтказяпти. Бу йил совринсиз қолганимизда ҳам, ҳакамларнинг айблари бор, деб ўйлайман.
- Эндиги режалар қандай?
- 15 июлгача Тошкентда бўлсам керак. Жамоа томонидан таътил берилган. Режага асосан, «Ал-Шабаб»нинг мавсумолди илк ўқув-йиғин машғулотлари 1 августдан Голландияда бошланади. Шу йиғинда жамоа таркибига бориб қўшиламан.
- «Шабаб» билан шартномангиз муддати қачон тугайди?
- 2017 йилгача келишувимиз бор.
- 3 йилдан бери БАА чемпионатида ўйнаяпсиз. Очиғи, аксарият легионерлар учун бу орзу. Нима деб ўйлайсиз, янада кучлироқ клуб сафига кўчиб ўтиш вақти келмадимикин?
- Шу даражага чиқишимнинг ҳаммаси Яратгандан. Албатта, таклифлар бор ва етарлича. Лекин жамоада 3 йил ўйнадим ва яна 3 йиллик шартномам бор. «Шабаб»га ўтган илк йилиёқ жиддий жароҳатландим. Шунга қарамай, клуб раҳбарлари, мураббийлар ва футболчилар менга ишонч билдиришди ва охиригача қўллаб-қувватлашди. Жарроҳлик амалиёти Францияда бўлиб ўтди. Барча харажатларни клуб ўз зиммасига олди. Қийин вазиятда мени қўллаган ва ишонч билдирган инсонларни шунчаки, ташлаб кетолмайман. Бу уларнинг юзларига оёқ қўйиш билан баробар. Бир сўз билан айтганда, «Ал-Шабаб»да мени барчаси қониқтиради.
- Агентингиз Санъат Шариповнинг айтишича, сизга Туркия супер-лигаси клубларидан таклифлар тушаётган экан. Шу тўғрими?
- Бўлиши мумкин. Лекин таклифларга «Шабаб»дан кетгим йўқ», деб жавоб беряпман.
- Сир бўлмаса, яна қайси жамоалардан таклиф тушди? Билишимча, БААнинг ўзида Абу-Даби ва Ал-Айн шаҳри клубларига чақиришаётган экан...
- Ҳа, «Ал-Айн» клубидан чорлов бор. Билишимча, клуб раҳбарлари ўзаро келишолмаганлар. Шу боис бу таклиф бўйича аниқ бир гап айтолмайман.
- «Ал-Шабаб»га ўтишингиз арафасида Россия премьер-лигаси клуби - «Ростов» ҳам таклиф қилган экан. БАА жамоасини танлаганингизда, фақат молиявий жиҳат муҳим роль ўйнаганми ёки бошқа сабаблари ҳам бор эди?
- Ҳа, «Ростов» клубидан таклиф тушганди. Лекин барчасини ўйлаб кўриб, якунда «Ал-Шабаб»ни танладим. Чунки ўша пайт «Ростов» таркибида 10 нафарга яқин легионер бор эди ва жамоага киришиб кетишимда ортиқча муаммо юзага келиши ҳеч гап эмасди. Сиз айтгандек, БААдаги шароитлар, масаланинг молиявий тарафи ҳам менга маъқул келди. Умуман, ўз танловимдан ҳалигача хурсандман.
- Араб клубларида легионерлар муҳим ролга эгалар ва айнан улар майдонда катта ҳажмда иш бажаришади. Бизда эса яхши легионерлар деярли йўқ. Ўша жамоаларига кўп фойда келтираётган Жанубий Америка ва африкалик легионерларнинг маоши бизнинг жамоалар кўтаролмайдиган даражада каттами?
- Ҳа, араб жамоалари легионерларга жуда кўп маблағ ажратишади. Уларнинг асосий мақсадлари - маҳаллий футболчиларнинг айнан шу катта пулга келадиган кучли легионерлардан ниманидир ўзлаштириб олишларини таъминлаш. Яна Европадан кучли мутахассислар жалб этишади. Шу легионерлар билан ўйнаб, майдонда тобланишган футболчилар бугун ўз сўзларини айтмоқдалар. Мана, БАА терма жамоаси бизни ортда қолдириб, Лондон Олимпиадасига борди. Ўша футболчилар бугун БАА миллий жамоасининг асосини ташкил этишади. Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, бу терма жамоа ЖЧ-2018 йўлланмаларидан бирига даъвогарлик қилади.
- Собиқ жамоангиз «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги ўйинларини кузатиб борган бўлсангиз, умумий хулосаларингиз қандай?
- «Бунёдкор»да ўйин тизгинини қўлга оладиган, етакчи футболчи йўқ. Шу омил жамоанинг ўйинига салбий таъсир ўтказди. Ёш футболчилар ўйинларда эҳтиросга берилишяпти. Етакчи футболчи бўлганида, майдондаги ҳолатни назорат қилиб турарди. Энди авлодлар алмашинуви ҳамма жамоада кузатилади. «Бунёдкор»да айниқса, мавсумлар оралиғида катта ўзгаришлар бўлди. Асосий таркиб футболчиларидан Игнатий Нестеров, Лутфулла Тўраев, Жасур Ҳасанов, Марко Блажич, Артём Филипосян кетишди. Бу катта йўқотиш. Уларнинг ўрни муносиб ўйинчилар билан тўлдирилмади. Академия тарбияланувчилари ҳисобланган Сардор Собирхўжаев, Сардор Рашидов, Алибобо Раҳматуллаев, Дилшод Жўраев, Забиҳилло Ўринбоев каби ёшлар учун ҳали озгина вақт керак. Ёш футболчилар доим бир текис ўйин намойиш этишмайди. Ўз вақтида биз ҳам бу жараёнга дуч келганмиз. Қисқаси, ёшларни ўз ортидан эргаштирадиган тажрибали футболчи керак. Ҳар бир жамоанинг юраги ярим ҳимоя чизиғи ҳисобланади. «Бунёдкор»нинг ярим ҳимоясида энг тажрибали футболчи - бу Жавлон Иброҳимов. Қолганлар ёш ва тажрибаси кам ўйинчилар.
- «Бунёдкор»да қисқа вақт ичида 2 марта бош мураббий алмашди. Бошқа клубларда ҳали мураббий ўзгаргани йўқ. Ўзбекистон чемпионида рўй бераётган янгиликларга муносабатингиз...
- Ўз олдига фақат буюк мақсадларни қўядиган жамоада шундай ўзгаришлар бўлиши табиий ҳол ва бироз кутилган воқелик. Миржалол Қосимов бор эътиборини миллий жамоага қаратишини лозим топгач, мураббийлар штабида ўзгариш бўлганди. Мана, жамоада яна бош мураббий ўзгарди. Ҳар бир ўзгариш қандайдир янгиликни юзага келтиради. Салбийми ёки ижобий - буни вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бор. Нима бўлган тақдирда ҳам, футболчилар ўз ишларига сидқидилдан ёндашишлари керак.
- БАА жамоаларида ҳам мураббийлар алмашинуви тез-тез кузатилади...
- Бу футболнинг ажралмас қисми. Ҳаммага ҳам Алекс Фергюсон ёки Арсен Венгерга ўхшаб битта клубда узоқ муддат қолиш насиб этавермайди. БААда кўпроқ хорижлик мутахассислар ишлайдилар. Мураббий бир йил битта жамоада ишласа, кейингисида бошқа араб клубига ўтади. Юқорида айтдим, омадсиз мавсум сабаб, бизнинг мураббийимиз ҳам раҳбарият томонидан истеъфога чиқарилди. Айтишадику, ғалаба футболчиларники, мағлубият мураббийники...
- Яқинда 3 нафар етакчи футболчимиз терма жамоадаги фаолиятларини якунлашди. Максим Шацких, Улуғбек Бақоев ва Виктор Карпенко билан бир неча йил бирга ўйнадинглар. Улар ҳақида нима дея оласиз?
- Учала футболчи ҳам ҳақиқий профессионал, ўз ишининг устаси. Максим терма жамоага келган пайтлари машғулотда ҳар томонлама ўрнак бўларди. Муомала маданиятига ҳам гап йўқ. Ҳеч қачон ўзини катта олмаган. Ҳамма билан бирдек гаплашарди. Фаолияти давомида Европанинг деярли барча гранд клубларига қарши майдонга тушди. Матбуотда ўқидим, «Сантьяго Бернабеу»да «Реал»га қарши 3 марта тўп сурган экан. Бу нарса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу стадионни шунчаки, томоша қилишни орзу қиладиган футболчилар қанча...? Шацких савиясидаги футболчи ҳар доим ҳам туғилавермайди. Улуғбек Бақоев ҳам профессионаллик бобида Шацкихдан қолишмайди. Ҳам футболчи, ҳам инсонийлик жиҳатидан унга ҳурматим баланд. Легионер номини оқлаб келаётган футболчиларимиздан бири. Унга Қозоғистон чемпионатида омад тилайман. Виктор Карпенко билан «Бунёдкор»да бирга ўйнаганман. Миллий жамоада ҳам бирга тўп сурдик. Карпенко доимо жонкуярлиги билан ажралиб турган.
- Терма жамоамиз ўз майдонида кетма-кет икки бор мағлубиятга учради. Бу кутилмаган натижаларни шахсан сиз қандай қабул қилдингиз?
- Ҳақиқатан ҳам, кутилмаган мағлубиятлар. Лекин бошқа томондан, мураббийлар штаби ёш ўйинчиларни кўрикдан ўтказиб олишди. Ўртоқлик ўйинлари айнан шу мақсадда ташкил этилади. Бошқа пайт мураббийларда бундай имконият бўлмайди. Уммонга қарши кечган ўртоқлик учрашувларида 7 нафар футболчи миллий жамоадаги дебютини нишонлади. 3 нафар футболчимиз эса жамоа билан хайрлашди. Бу ҳолатлар бош мураббийнинг режаларига таъсир қилгандир, эҳтимол. Бошқа томондан, ўз майдонимизда исталган рақибни таркиб қандай бўлишидан қатъий назар, мағлубиятга учратишимиз шарт. Акс ҳолда, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш ҳақида ўйлаш ҳам нотўғри. Энди ёш футболчилар ўзларига берилган имконият ва ишончдан максимал даражада фойдаланишлари керак. Мураббийнинг юзини ерга қаратмаслик учун бор кучлари билан ўйнашлари талаб этилади. Миллий жамоа либосини кийгандан кейин барча нарсаларни унутиш ва фақат ўйин ҳақида ўйлаш лозим.
- ЖЧ-2014 бошланиш арафасида турибди. Шахсан сиз бу галги мундиалдан нималар кутяпсиз? Бразилия яшил майдонларида қайси жамоа турнир кашфиётига айланади?
- Менимча, Бельгия термаси шов-шув кўтарса керак. Зеро, таркибида юлдуз футболчилар етарли. Ўз дарвозасини Тибо Куртуа қўриқлашини истамайдиган жамоа топилмаса керак. Эден Азар, Аднан Янузай, Вертонген, Компани, ван Бюйтен, Вермален, Витцель, Феллайни, Лукаку сингари Европа футболида суяги қотган футболчилар кўп нарсага қодирлар.
- Умуман, қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- Россия термасига. Руслар бир қарашда, энг кучсиз гуруҳдан жой олишди, лекин кейинги босқичга чиқишлари осон эмас. Жазоир ва айнан кашфиёт бўлишини айтганим - Бельгия термалари уларга бу борада катта ташвиш туғдиришлари тайин. Қолаверса, жаҳон чемпионатига чиқишимизни истамаган Жанубий Корея термаси ҳам осонликча жон бермайди.
- Тахминингиз қандай - қайси жамоа ЖЧ-2014 ғолиби бўлади?
- Даъвогарлар етарли. Бразилия, Испания, Германия... Африка жамоалари шов-шув кўтаришади, деб ўйламайман. Менимча, Бразилия термаси ўз уйида ўтадиган мундиалда чемпионликни бировга бериб қўймаса керак.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди