Англия терма жамоаси Бразилия майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок эта олмади. Шундан сўнг, жамоа бош мураббийи Рой Хожсоннинг истеъфога чиқиши кутилганди. Аммо мамлакат футбол ассоциацияси тажрибали мутахассисга ишонч билдирди. Бразилия майдонларидаги муваффақиятсизлик эса жамоадаги авлодлар алмашинувига йўйилди.
Шундан сўнг Евро-2016 саралаш баҳсларига старт берилди. Инглизлар бу турнирни ўта муваффақиятли бошлашди. Айни пайтда, жамоа «Е» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда ва энг яқин таъқибчисидан олти очко илгарилаб кетган. Яқинда FIFA.com сайти Рой Хожсон билан суҳбат уюштирди.
- Сиз август ойида Уэйн Рунини Англия терма жамоаси сардори этиб тайинлагандингиз. У ўз ишини қай даражада бажармоқда ва қарорингиздан мамнунмисиз?
- Бу мен учун қийин қарор эмасди. Шунчаки, «Уни қандай қабул қилишаркин?» деган савол қийнади. Ўзингизга маълум, Англия матбуоти майда-чуйда нарсаларга ҳам жиддий эътибор қаратади. Уэйнга эркин юриши учун имкон беришмасди. Айниқса, у 19 ёшидаёқ Англия терма жамоаси сафидан ўрин олганидан сўнг.
Афсуски, инсонлар унинг салбий тарафларини кўришга ўрганиб қолишган. Ҳар доим унинг терма жамоадаги ажойиб ўйинларини кўраман. Аммо одамлар Рунини танқид қилишга ўрганиб қолишган.
- Терма жамоанинг охирги сардорларини Руни билан солиштириб кўрдингизми?
- Стив Жеррард даврида жамоа муваффақиятли ўйнади, дейиш мумкин. Уэйн у билан яқин муносабатда. Шу боис ҳам Руни Стивдан кўп нарса ўрганган, дейишим мумкин. Бир сўз билан айтганда, у - туғма сардор.
- Нима деб ўйлайсиз, англиялик ёш футболчилар бор имкониятларини ишга солишлари учун нималар қилишлари керак?
- Ўзингизга маълум, Англия чемпионати жаҳоннинг энг бой лигаси ҳисобланади. Шундай экан, клублар катта пуллар эвазига хориждан иқтидорли футболчиларни жалб қилишга қодирлар. Айни пайтда, бу борада клубларга ҳеч қандай чекловлар қў-йилмаган. Шундай экан, 60 миллион фунт стерлингга легионер харид қилишади. Лекин 19-20 ёшли маҳаллий ўйинчиларга имкон беришмайди. Биз эса буни шундай қабул қилишга мажбурмиз.
Академияларимизда ишларни янада ривожлантириш керак. Англия ёшлар терма жамоасидаги кўплаб футболчилар ҳамон клубларининг ёшлар жамоаларида ўйнаб юришибди. Уларнинг орасида ўта иқтидорлилари ҳам бор. Албатта, бу менинг фикрим. Олдинлари маҳаллий футбол мактабларининг юқори савияда ишлашганига гувоҳ бўлганмиз. Масалан, «Манчестер Юнайтед»нинг 1992 йилги битирувчиларини эслайлик. Эндиликда эса бу борган сари қийинлашиб бормоқда.
Клублар ҳам бу муаммони яхши билишади. Лекин унга жиддий эътибор қаратишмаяпти. Ёшларга ишонч билдиришдан чўчишмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Борди-ю, маҳаллий ёшларга ишонч билдиришса-ю, керакли натижа қайд этилмаса, танқидлар ёмғири остида қолиб кетишлари турган гап.
- Бундай шароитда Англияда терма жамоани шакллантириш қай даражада қийин?
- Албатта, мамлакатнинг бош жамоасига чақирилганларидан сўнг футболчилар бор кучларини ишга солишади. Аммо премьер-лига, Чемпионлар Лигаси ва бошқа турнирларда катта куч йўқотишлари турган гап.
Аста-секинлик билан тажрибали футболчилар ўрнига ёш иқтидорларни жалб қиляпмиз. Окслейд-Чемберлен, Дэнни Уэлбеклар шулар жумласидандир. Шунингдек, Уилшир ҳақида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин.
Бундан ташқари, биз жамоага таклиф этаётган айрим футболчилар ўз клубларида асосий таркибнинг доимий ўйинчилари ҳисобланишмайди. Аммо клубда ҳар куни профессиональ машғулотларда иштирок этадилар.
Шу боис ҳам уларни қўрмасдан терма жамоага таклиф қилаверамиз.
- Англия терма жамоаси Германия қўлга киритган ютуқларга эришиш учун нималар қилиши керак?
- Биринчи ўринда ўзимизни улардек ўйнай олишимизга ишонтиришимиз лозим.
- Нима деб ўйлайсиз, сизда Англия терма жамоасини бошқариш учун барча хислатлар етарлими?
- Матбуотда менга нисбатан турли атамаларни айтишади. Лекин уларнинг барчаси ҳам менга тўғри келавермайди. «Блэкберн»ни бошқараётган пайтимда Германия терма жамоасидан иш борасида таклиф олганман. Лекин мамлакат футбол федерациясига катта таъсир ўтказа оладиган Франц Беккенбауэр менинг номзодимни маъқулламаган. Унинг фикрича, Германия терма жамоасини германиялик мутахассис бошқариши лозим. Кўплаб мураббийлар семинарларида англиялик мутахассислар бошқалардан кам эмаслигини исботлашга муваффақ бўлганман.