Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Одил Аҳмедов: «Галицкий туфайли ЦСКАнинг таклифини рад этгандим»

Баҳо:
+ | -

"Краснодар" ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов "Спорт-Экспресс" нашрига берган интервьюсида "Анжи"даги фаолияти, нима учун ЦСКАнинг таклифини рад этгани ва Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолияти борасида гапириб ўтди.

"АНЖИ"
— Осиё кубоги-2011дан кейин сиз бир неча кунга "йўқолиб" қолганингиз, "Пахтакор" билан шартномани бекор қилиб, араб жамоаларидан таклифни инкор қилганингиз ростми? Якунда "Анжи" сафида пайдо бўлдингиз.
— (кулади) Ҳа, шундай бўлганди. Менда иккита вариант бор эди — БАА ва Саудия Арабистони жамоаларидан. Осиё кубоги Қатарда бўлиб ўтганди. Мусобақадан кейин Тошкентга келди ва шундан Россияга йўл олдим.

— Нима учун? Кўп футболчилар Амирликка боришни исташади, у ерда яхши пул тўлашади.
— У ердаги футбол ўзига хос. У ерда эркакча кураш йўқ. Ўйинлар асосан тўпни назорат қилиш ва индивидуал маҳорат эвазига қурилади. Араблар дриблинг ва финтларни яхши кўришади, подкатларни эмас.

— Ўйлаб қаралса, унчалик ёмон эмас.
— Тўғри, аммо бошқа ҳамма жойда футбол ўзгача ўйналади. Нафақат Европада, балки Осиёнинг бошқа жойларида ҳам. Ҳали Амирликда ўйнашга улгураман, аммо Россияда ўйнашга кеч қолган бўлардим.

— "Пахтакор" сизни ижарага берганди, тўғрими?
— Ҳа, лекин кейинчалик "Анжи" трансфер ҳуқуқини сотиб олиш бўйича музокараларни бошлади. Вазиятни тўғри тушунишгани учун "Пахтакор" раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Фаолиятимни Россияда давом эттириш имкониятини бериб, мени қўйиб юборишди.

ЭТО'О
— Барчани ажаблантираётган клуб сафига келиб қўшилганингизни дарҳол тушуниб етдингиз?
— Ҳа, аввал Роберто Карлос келди, кейин Жусилей ва Тарделли. "Краснодар"дан Лахияловни ортга қайтаришди, "Андерлехт"дан Буссуфа сотиб олинди. Ёзги трансфер пайтида эса Это'О, Жирков, Габулов, Самба каби юлдузлар таркибга қўшилди. Ҳар бир трансфер муддатида бундай ишлар давом этди. Барча футболчилар Махачқалъага ғалаба қозониш учун келишди.

— Шунингдек, яхши даромад топиш мақсадида.
— Жамоанинг ичида бундай нарсалар ҳақида ўйламасдик. Фақат ғалаба ҳақида ўйлардик. Бош мақсадимиз — чемпионликни қўлга киритиш эди. Бундай жамоада фақат ўйнашни истардик, ишонинг.

— Қайси футболчи яхши таассурот қолдирди — Это'О, Роберто Карлос, балки Жирков ёки Денисов?
— Албатта, Это'О ўз ҳаракатлари билан ёқимли таассурот қолдирган. У жамоани жипслаштиришга ҳаракат қилди. Жамоа администраторига Махачқалъадан квартира сотиб олиб берди. Самуэлнинг ўзида Махачқалъада уй йўқ эди, унинг ўзи ижарада туради. Администраторнинг уйи йўқлигини билган Это'О бу масалани тезда ҳал қилиб берганди. Унинг ташаббуси билан футболчилар ўз мукофот пулларидан ўртага ташлаб, жамоанинг ривожига ҳисса қўшаётган инсонларга ёрдам берардик. Это'О бундай нарсаларга эътибор берарди ва бу тўғри эди.

— Айтишларича, машғулот пайтида Денисов ва Это'О жанжаллашиб қолишган экан. Бунинг сабаби сифатида жамоадаги рус тилида гапирмайдиган сизнинг рақобатчиларингиз сизга жароҳат етказишга уринишгани тилга олинган.
— Йўқ, бундай нарса бўлмаган. Буни сиздан эшитиб турибман.

— Гус Хиддинк нимаси билан ёдда қолди?
— Ижобий. Ўз атрофида яхши муҳит ярата олади. Мен учун у жуда катта мураббий.

— Нима учун "Анжи" 2012/2013 йилги мавсумнинг баҳорги қисмида жуда ёмон иштирок этди? Жамоа 11та ўйинда 12 очко жамғарди холос. Натижада чемпионатни учинчи ўринни эгаллади.
— Ҳар қандай жамоада мураккаб вазият бўлади. "Анжи"да шунақа пайт юзага келганди.

— Кўпчилик бунда Хиддинкни айблаганди. У қишки тайёргарлик даврида қаердадир хатога йўл қўйган.
— Йўқ, бизда пасайиш юз берганди. Баҳорнинг илк кунларидаги ўйинларда муваффақиятсиз иштирок этдик. Кейин эса бизга ҳамиша ғалаба келтириб келган ўз ўйинимиз кўрсатмай қўйдик. Яхшиямки, вазиятни ўнглаб, якунда бронза медалини қўлга киритдик.

КЕРИМОВ
— Тез орада "Анжи" лойиҳаси ёпилди. Жамоа бунгача бирор нарсани ҳис қилиб юргандими ёки барчаси бир кунда содир бўлдими?
— Бир кунда. Кеча барчаси жойида эди. "Крилья"ни юта олмадик ва барчаси ўзгариб кетди.

— Икки ҳафта давомида "Анжи"ни 10 нафар футболчи ва мураббийлар штаби тарк этди. Сиз нима учун қолдингиз?
— Ўзимни клуб ва унинг хўжайини олдида қарздор деб ҳисобладим. Улар менга яхши муносабатда бўлишди. Клуб қийин аҳволга тушиб қолганда, уни ташлаб кетишни истамадим.

— Футболчиларнинг жамоани тарк этиши қай тариқа рўй берди?
— Барчага бир қарорга келишни сўрашди. Бутунлай бошқача ҳаёт бошланди ва жамоага қийин бўлиши аниқ эди. Агар кимдадир қандай таклифлар бўлса, уларни яширмасдан айтишни сўрашди. Кимда қандай таклиф бўлса, ўша жамоага қўйиб юборилди.

— "Анжи"да вазият ўзгарган пайтда Керимов жамоа билан учрашдими?
— Шахсан унинг ўзи вазиятни тушунтирди.

— Нималар деди?
— Клуб стратегиясини ўзгартирган ҳолда, бошқа йўлдан бормоқчи эканини айтди. Кейинчалик олдинга юриш учун бу ортга қадам эканини айтди. Ким жамоада қолишни истаса, бундан хурсанд бўлишини, ким кетишни хоҳласа, унинг қарорини қабул қилишини таъкидлади.

— Якунда сиз ҳам кетдингиз.
— "Анжи" Премьер-лигадан тушиб кетди. Кетиш кераклиги тушунарли ҳол эди.

ГАЛИЦКИЙ
— Сиз ЦСКА футболчисига айланишингиз мумкин эди. Армиячилар сизга аниқ таклиф билан чиқишди, аммо якунда Натхони олишди. Нима учун чемпионлар лигасида ўйнаш имкониятини қўлдан чиқардингиз?
— Президент туфайли.

— Сергей Галицкийми?
— Ҳа. У мен учун кўп нарса қилди. У мени ўз жамоасида кўришни истади. Унинг таклифига рад жавобини бера олмасдим.

— Галицкий ҳамиша чиройли футбол кўришни истайди. Унинг принципига кўра, аввал чиройли ўйин, кейин натижа. Россия чемпионатида эса ундай эмас. Чемпонатга қисқача қандай таъриф берган бўлардингиз?
— Бу ерда кескин эркакча футбол ўйналади. Ҳар бир ўйин — ҳақиқий жанг. Индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар кўп.

— Бундай "гўштқиймалагич"дан "Краснодар" қандай чиқмоқда?
— Бизнинг ўз ўйин услубимиз бор. Биз ҳам керак пайтда агрессив бўла оламиз.

— Краснодарда ҳамиша илиқ ҳаво ҳукмрон. Қарор қабул қилишда буни инобатга олдингизми?
— Бундан оилам хурсанд бўлди. Фарзандларим: "Дада, бу ер Тошкентга ўхшаркан", дея гапиришди. Краснодар, албатта, Тошкент эмас, аммо қишда илиқ.

— Аёлингиз ва фарзандларингиз сиз билан саёҳатга чиқишадими?
— Улар ҳамиша мен билан бирга. Катта ўғлим 4 ёшда, кичкинаси — 2 ёшда.

ҚОСИМОВ
— Ўзбекистон терма жамоасини бизга яхши таниш бўлган, "Алания" сафида Россия чемпиони бўлган Миржалол Қосимов бошқармоқда. У буюк футболчи эди, мураббий сифатида қандай?
— Талабчан. Ўзбекистонда Қосимов — обрўли инсон.

— Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир юлдузи, Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси Сервер Жепаров нима учун Россия чемпионатида ўйнашга йўл олмаяпти?
— Назаримда, Сервер Осиёда ўйнашни истайди. У қишда Кореянинг учинчи жамоаси билан шартнома имзолади. Бунгача Саудия Арабистони чемпионатида икки йил ўйнаганди. Осиёда кучли ўйинчилар кўп, аммо ҳамма ҳам фаолиятини Европада давом эттиришни хоҳламайди. Пул орқали эса барчанинг эътиборини жалб қилиб бўлмайди, Осиёда ҳам яхши тўлашади.

— Яқинда Австралияда Осиё кубоги якунланди. Бу қандай турнир?
— Қизиқарли мусобақа. Ташкилий жиҳатдан барчаси яхши, мухлислар кўп, ТВ орқали ўйинлар сифатли намойиш этилади. Ҳар бир терма жамоада ёрқин футболчилар бор. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси ярим финалга чиқа олмади. Чорак финалда Кореяга ютқаздик. Лекин бизда ҳам муваффақиятлар йўқ эмас. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз доимий равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этишмоқда. Ўзбекистонда янги-янги футболчилар вояга етишмоқда. Уларнинг маҳорати ёмон эмас.

— Лекин терма жамоа ЖЧнинг финал босқичига чиқа олмаяпти. Нима халал бермоқда?
— Балки, бутун мамлакат буни ҳаддан ортиқ истаб юбораётгандир?! Аниқ сабабини билмайман. Баъзида бизга очиқчасига омад кулиб боқмайди. Кўп очко жамғарсак ҳам, гуруҳда кимдир биздан кўпроқ очко тўплайди. Баъзан пенальтилар бўйича Иорданияга ютқазиб қўямиз (8:9), баъзида ФИФА ўйинларни қайтадан ўтказади. Лекин биз ўзимизга ишонишда давом этамиз. Умид қиламан, ЖЧ йўлланмаси учун навбатдаги уринишимиз муваффақиятли чиқади. Ёзда саралаш босқичига киришамиз. Агар буни уддалай олсак, Ўзбекистонда ажойиб байрам бўларди.

— Агар "Краснодар" Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритса, Тошкент ва Наманган бунга аҳамият берадими?
— Албатта. Наманган аниқ "Краснодар"га мухлислик қилади, бутун Ўзбекистон эса Россия футболини диққат билан кузатиб боради.

Манба: www.sport-express.ru
Киритилди: 13:15, 28.02.2015.
Ўқилди: 7961 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.