Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Конференция

Ҳасанали Қодиров

Онлайн савол-жавоб


odilbekuz
САВОЛ: Savol MTJni urtoqlik uyinlarini qanday baholaysiz

Савол берилган сана: 30.12.2014 14:00

ЖАВОБ: Жуда салбий баҳолайман. Майдонда легионерлар ўйнайди, бир ой ўринбосарлар билан шуғулланди. Улар билан ҳеч нарса яратмади. Бунда бош мураббийнинг қисматига ачинаман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:43


bbozorov
САВОЛ: Чемпионатимизда 16 та жамоани булиши нимани узгартиради, энди чемпионатимиз кучайиб кетадими? олдиндан рахмат азизлар барчамизга 2015 йил омадли келсин!

Савол берилган сана: 30.12.2014 13:50

ЖАВОБ: Тўртта гранд жамоамиз ёнига ҳеч ким қўшилмайди. Тағин 5 йил ичида ё "Олмалиқ", ё "Навбаҳор" медалга даъво қилишмайди. Ўртамиёналар сафини кенгайтирдик. Бу ҳақда жуда кўп ёздим. Йиғлаб ёздим. Футбол корчалонларига таъсир қилмаяпти. Сизларни деб футболга ишқибозман, футбол карчалонларини деб эмас. Сизларни баҳримга босаман, уларни эмас.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:41


bbozorov
САВОЛ: Ассалому-алайкум шу саволга жавоб берсангиз ОК-2015 да биз ярим финалгача етиб борамизми? жавоб учун олдиндан рахмат!

Савол берилган сана: 30.12.2014 13:47

ЖАВОБ: Ўйинчиларимиз маҳорати бўйича биз тўртликка кирамиз. Ўйин тасвири бўйича бир нима дея олмайман. Миржалол нима тайёрлаб қўйди, билмайман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:39


Munitedman
САВОЛ: Hurmatli Hasanali Qodirov !!!\nsavolim shunday : o\'zingiz tuppa tuzukn oliy malumot olgan odamga o\'xshaysiz nazarimda Falsafani o\'qigansiz yoki Tarixni . Sizda Fanlar bo\'yicha ham bilimlar yetarliga o\'xshaydi shu bilimni boshqa narsaga sarf qilganizda balki katta yutuqlarga erisharmidingiz ?\nnimaga aynan futbol jurnalistikasiga katta etibor qaratgansiz ayniqsa o\'zbek futboliga?! Bu intilishlaringiz biron naf keltirishiga ishonasizmi ? albatta to\'liq javob kutib qolamiz !!!

Савол берилган сана: 30.12.2014 13:33

ЖАВОБ: Дўстим, юртдошим. Ҳамма интилишим ўзбек ҳаётига бағишланган. Ҳамма қайғу-ҳасратим, миллатимиз ҳаёти деб кечмоқда. Муаммолар ҳаётда жуда кўп. Ҳаммасини кўра била туриб ожиз томошабин бўлиб қолмоқдамиз. Футбол томошабинни иштирокчига айлантиради. Футбол "югурди, тепди, урди, йиқилди" эмас, футбол буюк нарса. Буюк ихтиро. Буюк сиёсат. Футбол орқали ҳаётимизнинг ҳамма муаммоларини ёритиш мумкин. Футболдан бошқа ҳеч нарса бунга қодир эмас. Стадионга келинг, футболдан завқ олинг, драматургиясини ўқинг, бирга қайғуринг, бирга қувонинг, буюк ҳамдардлик футболда бор. Бошқа ҳеч қаерда йўқ. Сиз билан шахсан танишишга умидворман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:36


Kakastad
САВОЛ: Maqolalaringizni deyarli o\'qimayman,sababi yomon yozasiz emas. Juda uzoq tushuntirasiz,dangal dangal gapirsangiz bo\'ladiku. Ko\'pchilikga bu uomaydi deb o\'ylayman,chunki biz O\'zbekmiz mayda millatmas. Ijodingizni tanqidiy-dangal yo\'nalishga nima xalaqit bermoqda? Yoki qo\'rqasizmi? Aytgancha yangi 2015-yilingiz qutlug\' bo\'lsin Hasanali ota!

Савол берилган сана: 30.12.2014 13:20

ЖАВОБ: Дўстим, сизнинг талабингизга Бобомурод ижоди мос келар экан. Унинг шиори "танқид — келажак мевасидир". Менинг назаримда, танқид эмас, маърифат келгусига етаклайди. Воқеанинг томири мени қизиқтиради.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:31


Sheyx
САВОЛ: Otaxon oldindan uzr. Lekin sizga bir etirozim bor. Sizni maqolalaringizni mazza qilib o\'qigim keladi lekin judayam ko\'p yozasiz. 2ta gap bilan bayon qilish mumkin bolgan narsani 1bet qilib yuborasiz. Shunichun oxirgacha oqishga sabrim yetmidi. Lekin futbol borasida bilimingizga aslo shubxa qilmayman!

Савол берилган сана: 30.12.2014 12:40

ЖАВОБ: Шайх ҳазратим, мен ҳам қўлимга "Ўткан кунлар"ни олиб, бир бет ўқиб, иккинчи бетга ўта олмас эдим. Ишонасизми, 22 ёшимда 8 марта ўқиб чиқдим. Ҳозир ҳам ўқимоқдаман. Зулфия ва Миртемир шеърларини ўқимасдан тура олмайман. Баёним нўноқ бўлса, мени кечиринг. Лекин ҳаракат қиламан.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:29


AHMADULLOH
САВОЛ: Хасанали ота ОК-2015 давомидан мухлисларимизни бир ёкада бош чикаришга бошланг. Демнокчиманки термага нисбатан терскари фикрларни йукотайлик. Сизни хамма хурмат килади ва маколаларини севиб укийди. Бошликлар уз йулига чемпионат давомида бирлашайлик!

Савол берилган сана: 30.12.2014 11:48

ЖАВОБ: Ҳурматли, Аҳмадуллоҳ. Ватанпарварлик иштиёқида миллионлаб одамларни бирлаштирувчи бизнинг футбол саналади. Ҳаммамиз термамиз ғалабаларини кутиб қоламиз. Лекин бошқа масала бор. Футбол — халқ ўйини, халқ учун ўйналади. Футбол жараёнида ҳамма иштирок этади, ҳамма ўз фикрини билдиргиси келади. Масалан, тиббиёт муаммоларига бефарқ бўлмасакда, биз ўз фикримизни айта олмаймиз. Футбол муаммоларида барчамиз иштирок этишимиз мумкин ва лозим. Шунинг билан футбол жилвали. Ҳар бир одам ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлади. Ўзбекистонда камида 2 миллион Қосимов яшамоқда шу кунларда. Термани бошқариш тўғрисида ҳар бир ўз фикрига эга. Бунга оддий қарайлик. Бир-биримизни тинглашни билайлик. Бир-биримиздан душман ясамайлик. Бизни футбол бирлаштирган. Бизлар футболга содиқмиз.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 13:58


nttnt
САВОЛ: Салом хасанли кодиров.савол футбол башорати буйича. Апл ни 12 турида челси 4-0 вест бром кайд этган эдим.тур якунланган кейин буни акси куриниш олди.узим адашган булсам керак деган хаёл булмаслиги аник чунки ок ни босгандан кейин дарров фотога жойлаб куяман.менда канакадир сайтга ишончсизлик пайдо булганга ухшаяпди.саволга аник жавоб беринг мен стадион.уз га урганиб колганман акс холда афсусда коламан.этиборсиз колдирманг купчиликда шу нарса буляпган булиши мумкин.олдиндан рахмат сизга

Савол берилган сана: 30.12.2014 11:41

ЖАВОБ: Ҳурматли ўқувчим, шуни билингки, ҳар қандай танлов бу бир ўйиндир. Унинг ютуғи хўрозқанддир. Футбол атрофидаги воқеадир, ичидаги эмас. Шунинг учун танловлар ҳақида фикрим ожиз. Бу савол бўйича сайт масъули Олимхўжа Бўроновга мурожаат қилинг. Саволингизга тўлақонли жавоб беради. Мурожаат учун е-мейл: stadionuz@mail.ru, ministry79@mail.ru.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:01


Parmazon
САВОЛ: Ассалому алейкум Хасанали Ота. \nСаволим куйидагича: Жуда куп гувох булганмиз, нафакат Осиё балки бошка китта давлатларини футбол рахбарлари уз ТЖларини ЖЧ саралаши ёки бошка нуфузли мусобакалардаги мувофаккиятсиз иштирокидан кейин мухлислар ва журналистлар олдида чикиш килиб хисобот беради ва узр сурайди, керак булса истефо беради! \nНима деб уйлайсиз мабдо МТЖ ОЧда (Худо сакласин) ёмон иштирок\nэтса М Усмонов мухлис ва журналистлар олдида чикиш кила оладими? Умуман спорт журналистлармиз уз хохишлари билан кандайдир интервью ола олишадими?

Савол берилган сана: 30.12.2014 11:16

ЖАВОБ: Олдиндан мен салбий натижани кўз олдимга келтира олмайман. Ҳозирги терма жамоа ўйинчилари иштиёқи ва важоҳати баланд. Ҳар бири жанг қилишга тайёр. Ҳар қандай бўлса-бўлмаса, уларни ҳеч нарсада айблай олмайман. Уларга омад ва бирдамлик тилайман. 11 ўйинчи эмас, 23 ўйинчи мураббийлар билан бирга. Бир мушт бўлиб бирлашсин ва жанг қилсин. Натижасини Ўзидан сўрайман. Ҳаммасига розиман. Бир нарсага иймоним комилки, финалга чиқсак, Мираброр Усмонов интервью бериб, табрикласа керак.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:01


BILMASVOY
САВОЛ: Avvalombor assalomu alaykun qadrli vatandoshim sizlarni kirib kelayotgan Yangi yil bayrami bilan rabriklayman yangi yilda barchamizga qut baraka omad va sog\'lik tark etmasin. Endi savolga o\'tadigon bo\'lsam siz ko\'pni ko\'rgan inson sifatida xozirgi fudbolimiz xaqida nima deya olasiz xammaga malum fudbolimiz boshida turgan barcha mutasaddilar fudbolimiz rivojlanayotganini gaprishayabdi xayron qolaman nima rivojlanayobdi naxotki.shu rivojlanish bo\'lsa

Савол берилган сана: 30.12.2014 10:55

ЖАВОБ: Дўстим, Билмасвой, мен ҳам ҳеч нарса била олмадим. Футболимиз ҳолатидан қайғуриб, қанча мақола ёзмай, кўнглим таскин топмаяпти. Инфраструктурада янгиликни кўрмоқдаман, холос. Ҳали биронта ўйинчимиз Европа жамоаларида ўйнашини тасаввур қила олмайман. Шацких, Денисовларнинг йўлини тутиб, истеъдодли ўспирин футболчимиз Европага йўл олса, балким буюк футболчи бўлар. Истеъдодларимиз ўлиб бормоқда. Биз янги ўриндиқларда ястаниб ўтириб, ютуқларимизни мақташ билан оворамиз. Юмшоқ курсидан бошқа ютуқни кўрмаяпман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:26


AJUZBEK
САВОЛ: МТЖ ОКда кандай натижа курсатади? Аник мисоллар келтиринг.

Савол берилган сана: 30.12.2014 10:49

ЖАВОБ: Бек ака, мен худди шу масалада кунни тунга, тунни кунга уламоқдаман. Тайёргарликдан жуда норозиман. Миржалол Қосимовдан ҳам, Федерациядан ҳам, ТЖМдан ҳам норозиман. Миржалол энг суюкли футболчим бўлган. Лекин мураббийликда ҳеч қандай мактаб кўрмади. Кейруш Фергюсоннинг шогирди эди. Учирма бўлиб "Реал"га келди. Йиқилди. Қанотлари синди. Фергюсон тағин баҳрига олиб, уни авайлаб тарбиялади, ўстирди. Кейин у Португалия терма жамоасига бош мураббий бўлди. Ҳозир Эронда яхши натижалар кўрсатмоқда. Миржалол мураббийликда устози ким? "Барселона"ни Каталонияда ютиб келган Қурбон Бердиев ёки Лотар Маттеус ҳозир ишсиз юрибди. Шубҳасиз, уларнинг маҳорати Миржалолникидан баланддир. Федерациямиз раҳбарияти Миржалол олдига консультант қилиб олиб келса бўлмасмиди? Ғалабага чоғланиб турган ўйинчиларнинг шашти уволмасми? Ўзбек ишқибозларининг дарди уволмасми? Федерациямиз нега буни ўйламайди? Миржалол ярим йил Кумиков ёрдамчи бўлган холос. Ўзини осмонда санайдими? Сколари-чи, деб сўрайсизми? Сколари ўзининг маҳалласини кетидан судраб келган эди. Сиёсат сўз қилиб, Миржалолни мақтаб қўяр эди, лекин унга устозлик қилмаган. Зидан нечта устоз кўрди? Ана энди фарм-клубга раҳбарлик қилмоқда. Ўйинчиларимиз савияси маълум даражада бўлса-да, Миржалол уларга янги бир ўйин ғоясини бергани йўқ. Улар шунчаки ўйнаб беришади. Қурби етганича. Сколари Бразилия билан юлдузларга янги ғоя бермагани учун Лёвга ютқазиб қўйди. Ўйин ғояси муҳим. Ўйинчиларда айб йўқ. Қандай натижа бўлмасин, термамиздан розиман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:23


ABDUAZIZ
САВОЛ: Salom kelayotgan yangi yilingiz bilan \nSiz yozgan maqolalardan keyin sizga nisbatan taxdidlar bulmadimi

Савол берилган сана: 30.12.2014 10:41

ЖАВОБ: Раҳмат, дўстим. Аввалида бўлар эди. Ҳозир мақолалар "эшшакни қулоғига танбур чертгандек" ҳам бўлмаяпти. Мутасаддилар ё Ҳасанали отани ўқимайди, ё минглаб ишқибозларнинг қайғу денгизи уммончалик тошса ҳам тўпиғига чиқмайди.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:10


DJAMSHID
САВОЛ: Расмни узгартирса булмайдими?

Савол берилган сана: 30.12.2014 10:31

ЖАВОБ: Ҳасанали ота бир киши эмас, бу коллектив меҳнати. Реал бир шахс тасвири билан бера олмадим. Буюк Перикл даврида, қадимги Юнонистонда буюк файлусуфлар яшаб ўтган. XI асрда худди шу воқеа содир бўлди. Илк ўрта асрларда бизнинг мутафаккирларимиз оламга устоз бўлди. Афсуски, уларнинг ҳайкаллари йўқда. Тўғри фикр қанчалик оғир бўлса, унга тик қараш шунчалик оғир. Тўғри сўзни айтиш қанчалик оғир бўлаётгани Ҳасанали Отангизни суратига тикилиш ҳам оғир бўлаётгандур.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:07


Bauyrzhan
САВОЛ: ассалом ота, бир пайтлар И. Ахмедов ва Р. Акрамовни ОАВда фақат рус тилида гапиришини кескин танқид қилгандингиз.\nБиламизки сайтлар хам ОАВ таркибига киради, ва сизнинг хам, стадион.уз сайтида рус тилидаги мақолаларингиз чиқди, шунда уз фикрингизга қарши булиб қолмадингизми, хар холда сайта асосан узбек тили диаспораси йиғилган.

Савол берилган сана: 30.12.2014 10:15

ЖАВОБ: Бу саволни илгари кимдир менга берганди. Телевидение кадрлари ўзга тилни тушунишга халақит беради. Сайт ва матбуот бундай эмас. Биз маҳдуд бўлиб қолмайлик. Ўзга тилларни ўзидан яхши билайлик. Шунинг учун баъзида рус тилида ёзмоқдаман.

Жавоб берилган сана: 30.12.2014 14:03

 

 < 1 2 3

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.