«Тенерифе» клуби Испания Сегундасининг 12-туридан ўрин олган «Андорра»га қарши учрашувда юраги тўхтаб қолган ҳужумчи Хесус де Мигельнинг ҳолати ҳақида расмий баёнот берди.
Клубнинг X ижтимоий тармоғида эълон қилган хабарига кўра, футболчи Нуэстра-Сеньора-де-Канделария университет шифохонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.
«Тенерифе» футболчиси Хесус де Мигель Нуэстра-Сеньора-де-Канделария университет шифохонасининг интенсив терапия бўлимида даволанмоқда. Вазият жиддий бўлишига қарамай, унинг аҳволи барқарор. Тиббиёт ходимлари шифохонада бўлиб, ҳолатдаги кейинги ўзгаришлар ҳақида хабар бериб боришади», — дейилади клуб баёнотида.
Ҳодиса учрашувга қўшиб берилган вақтда, ҳисоб 2:2 бўлиб турган пайтда содир бўлган. «Андорра» дарвозабони Хесус Овоно жарима майдонидан ташқарига чиқиб, де Мигель билан тўқнашиб кетган. Шундан сўнг ҳужумчи майдонга йиқилган.
Футболчига зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этилган. Ҳодиса сабабли учрашувни охиригача ўтказишнинг имкони бўлмаган ва баҳс тўхтатилган.













