Англияда яна бир фожиали воқеа содир бўлди. Лондоннинг ярим профессионал «Хендон» клуби ярим ҳимоячиси Эсекиель Уильямс 26 ёшида ҳужум қурбони бўлди.
Футболчининг ўлими Англия футбол жамоатчилигини ларзага солди.
Маълумотларга кўра, 1 ноябрь, якшанба куни эрта тонгда Милтон-Кинс шаҳри марказидаги Мидсаммер-бульвар кўчасида Уильямсга ҳужум қилинган.
Оқибатда футболчи оғир тан жароҳатлари олган ва шифохонага етказилган.
Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Уильямс 2 ноябрь, душанба куни шифохонада вафот этган.
Derbyderbyderby.it нашрининг хабар беришича, полиция мазкур воқеа юзасидан қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатган.
Тергов доирасида уч нафар эркак қўлга олинган. Улардан икки нафари қотиллик содир этишда, яна бири эса жиноятчига ёрдам беришда гумонланмоқда.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.













