Kun.uz: Владислав Воронин Мессининг мавсум ўртасида ўз одатий ўйинига қайтиши сабабларини навбатдаги материалида қидириб кўрди.
2014 йилнинг кузида Месси ишлар орқага кетаётганини тушунди. Криштиану Роналду тўпурарлар баҳсида ундан анча илгарилаб кетган, ўйинининг илгариги шоҳона жилоси эса хиралашиб қолгандай. Ўз руҳияти устида қатор таҳлиллар ўтказгандан сўнг Месси танишларга овқатланиш ва машғулотларнинг махсус дастурини тузиб бериш ҳақидаги илтимослар билан қўнғироқ қила бошлади. Шу тариқа Мессининг шиддатли қайта туғилиши бошланди.
As маълумотларига қараганда, Аргентина терма жамоаси шифокори ва физиотерапевтлардан бири биринчи навбатда пицца тановул қилишдан тийилишни маслаҳат берди. Маълумки, бу таом кўпдан буён Мессига қувватини қайта тиклашнинг асосий воситаларидан бири бўлиб хизмат қилаётган эди. Сентябрда интернет фойдаланувчилари “Барселона” ўйинчиларининг “Малага”га қарши учрашувдан сўнг (0:0) нима билан тановул қилишгани ҳақидаги маълумот билан танишишди. Ўшанда Месси пишлоқли пицца ва Sprite ичимлигини буюртма қилган эди.
“Севилья” ва “Тоттенхэм”да ишлаган спорт парҳезшуноси Антонио Эскрибано бунинг ёмон тарафи йўқлигини айтиб ўтди: футболчилар битта ўйин давомида 1000 калория қувватларини кеткизишлари мумкинлигини эътиборга олсак, организмни зудлик билан углеводлар билан тиклаш талаб қилинади: “Овқат мушаклар учун ёқилғига айланади, бу машинани ёқилғига тўлдиришдай гап”. Лекин Испанияда бунга кескин муносабат билдиришди. Мессини масхара қила бошлашди, у мана бу сингари анимациялар қаҳрамонига айланди.
Пицца тановули муҳокамаси қуруқ гап эмаслигини тасдиқлагандай, “Барселона” трансфер қўмитаси аъзоси Карлес Решак февралда бу мавзуга яна тўхталди: “Месси меъёридан ортиқ пицца истеъмол қилган – жамоа тушликларидан олдин ҳам, улардан кейин ҳам, дам олиш пайтида ҳам. У керагидан кўп овқатланган”. Кейинчалик бу сўзлар тантанали кечалардан биридаги ўзаро суҳбатдан ёзиб олингани маълум бўлди, Месси эса ортиқча қарама-қаршиликка бормай, можарони четлаб ўтишга ҳаракат қилди.
У пайти Месси ўз формасига қайтиб бўлган эди. Мартга келиб у 3.5 кг вазн ташлади (2013-2014 йил мавсумидаги вазнига нисбатан), бу унга тезликни ва эпчилликни оширишда қўл келди. 2014 йилдаги ҳолатидан аргентиналик футболчининг ўзи ҳам нолиган эди: “Биламан, ўтган йил карьерамдаги энг яхши мавсум бўлмади. Майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам муаммоларим кўп бўлди”.
Дастлаб Месси диетолог Сильвия Тремоледага мурожаат қилди, бу мутахассис унга 2013 йил ёзи учун овқатланиш дастурини ишлаб чиққан эди. Ўшанда Лионель камроқ жароҳат олиш учун организмини мустаҳкамламоқчи эди, аммо бирйўла икки кг вазн ҳам ташлади. Қизиғи шундаки, Тремоледа спортчилар учун парҳез дастурлари тузиш билан бир пайтда триатлон билан ҳам шуғулланади: “Мен эрта уйғонаман, 2-3 соат компьютер олдида ишлайман, кейин биринчи машғулотни ўтказаман. Ўзимга келиб олгач, яна икки соат ишлайман ва иккинчи машғулотга равона бўламан”. 2008 йилда Сильвия 30-34 ёш категориясида чемпионликка ҳам эришган.
Аммо ушбу мавсум Мессига Тремоледа парҳезининг ўзи камлик қилди, ва у тўғри овқатланиш бўйича италиялик бошқа бир мутахассисга мурожаат қилди. Шундан сўнг натижалар секин-аста сезила бошлади, ўйинлар чоғида кўнгил айнаш ҳолатлари тўхтади.
Мессининг формага қайтишидаги иккинчи босқич унинг Аргентина терма жамоаси физиотерапевти Марсело Д’Андреа билан ҳамкорлигига тўғри келди. Актёр Дади Бриева билан ташқи ўхшашлиги туфайли жамоада Daddy лақабини олган мутахассис Месси билан кўпдан бери мулоқотда бўлиб, мамлакатнинг бош юлдузини ўзига келтириш учун вақтинчалик Барселонага кўчиб ҳам келди.
Ноябрда Д’Андреа Мессининг уйида яшаб, унинг учун индивидуал машқлар тизимини ишлаб чиқди – бу нимаси биландир Луис Суарезнинг Вальтер Феррейра билан ҳамкорлигини эслатиб юборди. Иккала физиотерапевт ҳам кинезиологияга (мушак ҳаракатини ўрганувчи соҳа) қизиқади ва ўхшаш методика бўйича ишлайди.
Энди Месси “Барселона” базасига биринчилардан бўлиб етиб келади, енгил бадантарбияни барча қоидаларга мувофиқ амалга оширади, умумжамоа машғулотларидан сўнг эса тренажёр залига боради (табиийки, махсус дастур бўйича).
Агар Месси билан орасидаги дўстлик бўлмаса, Д’Андреа Аргентинани тарк этиб, бунча муддатга Барселонага яшашга келмас эди албатта. Уларнинг алоқалари шу қадар яқинки, Марадона терма жамоанинг бутун тиббий штабини алмаштирмоқчи бўлганида Месси дўстини ҳимоя қилди ва унинг ўз ўрнида қолишига эришди.
Лекин меъёрий овқатланиш тизими ва индивидуал машғулотлар дастури Мессининг оёққа туришига сабаб бўлган ягона омиллар эмас. El Mundo Deportivo’нинг ёзишича, Месси “Реал Сосьедад”дан 4 январдаги оғриқли мағлубият ҳамда Криштиану Роналдунинг “Олтин тўп” топшириш маросимидаги нутқидан сўнг астойдил ишга киришган. Каталония газетасининг таъкидлашича, шундан сўнг “Месси овга чиқишга қарор қилди”.
Ҳозирча натижалар ҳайратланарли: 2015 йилда иштирок этган 19та ўйинида у 20та тўп урди ва 13 голли узатмани амалга оширди. Бу муваффақиятнинг аҳамияти яққолроқ кўриниши учун бир факт келтирамиз: жорий йилда Месси Испания чемпионатида Мадриднинг ҳужумчилар триоси – Роналду, Бензема ва Бэйллар биргаликда урганидан кўпроқ голга муаллифлик қилган.
Фақат хоҳлаш керак экан.