Микаэль Лаудруп бошчилигида Қатарнинг «Лаҳвия» клуби муддатидан олдин мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Ўзингизга маълум, даниялик мутахассис ўз даврида «Ювентус», «Барселона» ва «Реал» клублари шарафини ҳимоя қилган. Мураббийлик фаолиятида эса бу тажрибалари қўл келмоқда дейиш мумкин. «Лаҳвия»га қадар Лаудруп «Брондбю», «Хетафе», «Спартак» ва «Суонси» каби жамоаларни бошқарди. Қатарда эса биринчи мавсумдаёқ чемпион бўлди. Яқинда www.sc.qa сайти мухбирлари Лаудруп билан суҳбат уюштиришди.
- Микаэл биринчи мавсумдаёқ «Лаҳвия»ни Қатар чемпионлигига олиб келганингиз билан табриклаймиз. Совринни қўлга киритгандан сўнг нималарни хис қиляпсиз?
- Табрик учун раҳмат. Албатта, совринни қўлга киритиш ёқимли. Шубҳасиз, ўзига яраша муаммолар ҳам бўлди. Футболчиларимизнинг кўпчилиги турли мусобақаларда иштирок этишди. Қатар ғалаба қозонган Кўрфаз кубоги, Осиё кубоги ва Миллатлар кубоги мусобақалари шулар жумласидандир. Шунга қарамай, муддатидан олдин чемпион бўлганимиз ажойиб. Агар ўтган йилги натижаларга солиштирадиган бўлсак, «Лаҳвия» 53 очко билан чемпион бўлганди. Иккинчи ва учинчи ўриндаги жамоалар эса мос равишда 48 ва 47та очко жамғаришган. Бу йил сўнгги тур олдидан очколаримиз сони 59тани ташкил қилмоқда. Иккинчи ўриндаги «Ал-Садд»да эса 54 очко бор. Демак, бу йил ҳам Лигада ғолиб чиқиш учун янада кўпроқ очко олишимиз талаб этилади. Шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этяпмиз. Мақсадимиз гуруҳ босқичидан чиқиш. Ҳозиргача клубимиз бир мавсумда иккита совринни қўлга киритмаган. Биз эса шу нохуш анъанага чек қўйишимиз керак. Олдимизда Қатар ва Амир кубоги мусобақалари бор.
- Қатарда яна бир йил ишлайсизми?
- Ҳозир узил-кесил қарор қабул қиладиган вақт эмас. Ҳалиям учта мусобақада курашни давом эттиряпмиз. Мавсум якунланганидан сўнг, яхшилаб ўйлаб кўраман ва бир қарорга келаман. Шунингдек, клуб раҳбариятининг ҳам фикрларини ўрганиб чиқаман. Бошқа клублардан бўладиган таклифларни ҳам кўриб, якунда ўз жавобимни айтаман.
- Мураббийлик фаолиятингиз ўйин услубингиз билан ҳамоҳанг. Бу усулларни турли лигаларда жамоаларни бошқарганингизда қўллаяпсизми?
- Европадаги даража умуман бошқа. Шунга қарамай, «Суонси» ёки «Хетафе»да ишлатган усулларимизни бу ерда ҳам қўллаяпмиз. Мураббий сифатида футболчиларга, урф-одатларга, мамлакатга, клубларга мослашишимиз керак. таркибимизда терма жамоалар ўйинчилари, индивидуал маҳоратга эга бўлган футболчиларимиз бор.
- Янги Зеландияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Қатар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Ушбу ёш футболчиларнинг ҳаракатларини яқиндан кузата олдингизми?
- Албатта. Бу футболчилар 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида мамлакат шарафини ҳимоя қилишади. Унга қадар, уларни Европа жамоаларига қарши кўплаб ўйинлар кутиб турибди. Шу тариқа халқаро миқёсидаги тажрибалари ошириб борилади.
- ЖЧ-2022 ҳақида ўйлаганингизда, бу ерга келишни хаёл қиласизми? Мисол учун, Дания термаси биланми ёки мухлис сифатидами...
- 2022 йили қариб қолган бўламан. Аммо ишончим комил, бу турнир мухлислар учун ўта қулай бўлади. Биринчидан, хамма нарса арзон. Иккинчидан, у ўйиндан бу ўйинга бориш учун кўп йўл, вақт сарфланмайди.
- Ортга назар ташласак. «Суонси»даги фаолиятингиз ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Тарихий воқеа бўлди. Клуб ўз тарихида биринчи бор Лиганинг кучли ўнлигига кирди. Бундан ташқари, 100 йилдан сўнг биринчи совринни қўлга киритди. Орадан ўн йиллар ўтганидан кейин ҳам шу жамоани эслаб юришади.
- «Суонси»да ўзингиздан нимадир қолдирдингизми? Шу нарса бугун кўзга ташланяптими?
- Бироз ўзгариш бўлди. Аммо футболчилар деярли ўша-ўша. Катта ўзгариш бўлмади. Бу йил жамоа премьер-лигада яхши ўйин намойиш қилди. Албатта, бундан хурсандман. Кубокни қўлга киритганимизда йигитларга роҳатланиб қолинг, кейинги соврин қачон келишини билмайсиз дегандим. Ахир бунга бир, 5 ёки 20 йил кетиши мумкин-да!
- «Суонси»дан олдин Испаниянинг «Хетафе» клубини бошқаргансиз. Икки мамлакат чемпионатидаги фарқни ажратиб бера оласизми?
- Менимча, буни таққослаш қийин. Бу ажойиб футболчиларга эга бўлган иккита фантастик лига. Балки фарқ бордир. Мисол, Испанияда кўпроқ тўпни ўйнашга ҳаракат қилишади. Жадаллик эса АПЛда Ла-лигага қараганда юқорироқ. Аммо охирги икки йилда инглиз клублари еврокубокларда кўнгилдагидек иштирок эта олишмаяпти.
- Сиз Испаниядаги ашаддий рақиблар ҳисобланган «Барселона» «Реал»да ўйнагансиз. Айни пайтда ушбу жамоалар мамлакат чемпионлиги учун жиддий кураш олиб боришмоқда. Уларнинг қай бирини чемпион бўлишини истардингиз?
- Аниқ бир жавоб айта олмайман. Икки жамоа ҳам қийин ўйинларни ўтказади. «Барса» тўрт очко илгарилаб кетганди. Энди эса фарқ иккитани ташкил қилмоқда. Шунингдек, жамоаларнинг ЕЧЛдаги ҳолатларига ҳам боғлиқ. Энг муҳими, «Барселона» ҳам, «Реал» ҳам барча турнирларда ғолиб чиқмоқчи. Шундай экан, мавсум сўнггида ўта қизиқарли ўйинлар гувоҳига айланамиз.
- Икки собиқ жамоангиз ўйинини томоша қилаётганда, қайсидир бирига ён босасизми?
- Аксинча. Бу икки жамоа сафида ўйнаганимдан фахрланаман. «Барселона»даги беш мавсум жуда ажойиб ўтганди. Мадриддаги фаолиятимни ҳам унута олмайман. Гарчи Испанияда туғилмаган булсам-да бу жамоаларда ўйнаганим - катта бахтим.