"Локомотив" ярим ҳимоячиси Икром Алибоев "Интерфутбол" газетасига интервью берди. Қисқа вақт ичида кўпчиликка танилган Алибоев асосий таркибда тушган пайтида ўзини қандай ҳис қилгани ҳамда жамоадаги муҳит ҳақида газета мухбирига гапириб берди. Қолганини муаллиф тилидан баён қиламиз.
Икром Алибоев – сўнгги икки ҳафтада энг кўп тилга олинган номлардан бири бўлди. Ёш футболчи “Локомотив” таркибида икки муҳим учрашувда асосий таркибда майдонга тушди ва ажойиб ўйини эвазига мухлислар эътирофига сазовор бўлди. Айниқса “Ас-Садд”га қарши кечган ўйин Икром Алибоев учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки у шу учрашувда ишончни оқлай олмаса, келгуси фаолиятини хавф остига қўйиши мумкин эди. Яхши ҳамки, Икром нафақат “Ас-Садд”, балки “Бунёдкор”га қарши кечган ўйинда ҳам жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига ҳисса қўша олди. Ярим ҳимоячи билан суҳбатимиз мана шу икки ўйин атрофида бўлди.
— Икром, сиз ҳали олий лига тажрибасига эга бўлмай туриб, чемпионлар лигасида “Ас-Садд”дек кучли жамоага қарши асосий таркибда майдонга тушдингиз. Ҳаяжон бўлмадими?
— Бўлди, албатта. Ўйин бошлангандан сўнг бироз вақт нима қиларимни билмай қолдим. Аммо жамоадошларим билан тил топишиб борганим сари ҳаяжон ҳам камайди. Гол уриб олганимиздан сўнг ўйинни назорат қилаётганимизни кўргач, иштиёқ ҳам кучайиб кетди. Ўша вақтда хато қилмаслик ва жамоамга панд бериб қўймаслик учун бор куч билан ҳаракат қилдим. Бу ишни уддалай олганимдан хурсандман.
— “Ас-Садд”га қарши асосий таркибда майдонга тушишингизни қачон билдингиз?
— Ўйин бошланишига уч соат қолганида айтишди. Ўйин олдидан бериладиган кўрсатмалар вақтида асосий таркиб эълон қилинади. Ўшанда Вадим Карленович асосий таркибдагилар орасида менинг ҳам номимни тилга олди.
— Шу заҳоти ҳаяжон бошлангандир?
— Албатта. Ахир мен ҳали катта ўйинлар тажрибасига эга эмасдим. Аммо шу билан бирга бу мен учун катта имконият эди. Ҳар қандай футболчи ўз жамоасининг асосий таркибида ўйнашни истайди. Мен ҳам шуни орзу қилардим ва уни амалга ошириш учун қўлимдан келган барча ишни қилишим шарт эди.
— Ва сиз буни уддалай олдингиз. Аммо Темур Кападзедек футболчининг ўрнига майдонга тушиш осон бўлмаса керак?
— Ҳа. Темур ака жароҳат олганди ва унинг ўрнини босишим талаб қилинарди. Бу ишни бажара олганимдан хурсандман. Агар жамоадошларим ёрдам бермаганида бу ишни уддалашим қийин эди. Бахтимга барча футболчилар қўллашга ҳаракат қилдилар ва ўйин бошлангач, тўпни менга кўп оширдилар. Бу эса ўзингга бўлган ишончни мустаҳкамлаб олишда катта ёрдам беради. Бунинг учун уларнинг барчасига раҳмат айтаман. Жамоадошларим ёрдами туфайли асосий таркибда ўйнаб кета олдим.
— Вадим Абрамов сиз билан алоҳида суҳбатлашиб турадими?
— Ҳа, албатта.
— Бундай суҳбатлар вақтида нималар дейди?
— Кўпроқ ишлашим кераклигини айтади, ҳар доим тайёр туришимни сўрайди. Вақти келиб, албатта асосий таркибда ўйнашимни кўп таъкидларди. Айтганидек, асосий таркибда ўйнашга муваффақ бўлдим ва бунинг учун Вадим Карленовичга катта раҳмат.
— “Бунёдкор”га қарши кечган учрашувга келиб ҳаяжон анча пасайган бўлса керак.
— Бу ўйинда ҳам ҳаяжон бўлди. Аммо майдонга тушгач, тезда ўзимга келиб олдим.
— Бу вақтга келиб Темур Кападзе сафга қайтиб улгурганди. Аммо яна сиз асосий таркибда ўйнадингиз. Буни кутганмидингиз?
— Йўқ. Аммо мураббий ишонч билдирдими, уни оқлашим шарт эди. Шу сабабли ҳамма нарсага тайёр тургандим. Бахтимизга яна йирик ҳисобда ғалабага эришдик.
— Сиз иккита оғир ўйинда иштирок этдингиз ва жамоангиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Мана шу учрашувлар ҳақида гап кетганда, энг аввало нимани эслайсиз? Сиз учун энг ёдда қоларли вазият қайси?
— “Бунёдкор”га қарши кечган учрашувда пенальти ишладим. Бу жамоамиз учун катта ёрдам бўлди. Аммо ўзимга қолса, энг ёдда қоларли вазият сифатида икки ҳимоячини алдаб ўтиб, дарвоза томон зарба берганимни айтган бўлардим. Афсуски, бу зарбани дарвозабон Акбар Тўраев бартараф этди. Аммо ҳечқиси йўқ, менинг голларим ҳали олдинда, деб ўйлайман.
— Бир ой олдин “Локомотив” ўта қийин вазиятга тушиб қолган эди. Жамоа ниманинг ҳисобига мушкул ҳолатдан чиқиб кетди?
— Мураббий ва жамоа ҳисобига. Вадим Карленович энг оғир вазиятларда ҳам хотиржамликни йўқотмади ва жамоани тактик ҳамда жисмоний томонлама тайёрлашда давом этди. У машғулотлар вақтида биз билан кўп ишлади ва ҳар доим яхши бўлиб кетишини таъкидлашдан чарчамади. Бу эса ўз самарасини берди. Ҳозир вазият анча яхшиланган. Аммо мавсум энди бошланмоқда ва биз мана шундай ишлашда давом этишимиз лозим.
— Сиз Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод футболчисиз. Аммо Осиё чемпионати учун Бангладешда бўлиб ўтган саралашга бормадингиз. Бунинг сабаби нимада?
— Олимпия терма жамоасига Шуҳрат Мақсудов вақтида ҳам, кейинчалик Бахтиёр Ашурматов бош мураббий бўлгач ҳам чақирилиб турардим. Вьетнамда бўлиб ўтган йиғинда ҳам иштирок этганман. Аммо шундан сўнг мени терма жамоага чақиришмади. Афтидан, мураббийлар ишончини оқлай олмаган кўринаман. Мен бундан кейин ҳам астойдил ишлашда давом этаман ва терма жамоага чақиришларини кутаман. Ҳар қандай футболчи ўз Ватани шарафини ҳимоя қилишни истайди. Мен ҳам шуни орзу қиламан.
АБДУЛЛОҲ суҳбатлашди.